“Ishonch” ва “Ishonch” – Доверие газеталари таҳририяти кутубхонаси барча учун очиқ!

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида газетамизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Ishonch” ва “Ishonch” – Доверие газеталари таҳририяти кутубхонаси ташкил этилди.
Бу ерда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мўлжалланган икки мингга яқин китоблар жамланган. Мўъжаз масканга ташриф буюрувчилар Президент асарлари, давлат раҳбарининг ҳорижий ташрифига доир альбомлар тўпламлари, сиёсий, бадиий адабиётлар, жадидлар мероси ҳамда уларнинг ҳаёти ва фаолиятига доир нашрлар, ёшларнинг ижод намуналари, жаҳон адабиёти, классик ва замонавий адабиётларни мутолаа қилишлари мумкин.

Қолаверса, ҳар йили анънавий тарзда нашр этиладиган “Ishonch” китоби, таҳририят ижодий ходимлари муаллифлигидаги бадиий асарлар ҳам китобхонларга манзур бўлиши шубҳасиз. Бундан ташқари, “Vatan” журнали, “Ishonch” ва “Ishonch” – Доверие газеталари ҳамда бошқа босма нашрлар ҳам жавонлардан ўрин олган олган. Шунингдек, махсус электрон киоскка газеталаримиз жойлаштирилган.
Энг асосийси, кутубхонадан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига кириб келган ҳар бир инсон фойдаланиши мумкин.

Зиё маскани қисқа вақт ичида фақат китоб мутолаа қиладиган жойгина эмас, маънавият марказига ҳам айланди. Бу ерда маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда. Ахборот коммуникациялари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон тизимига уланган.

Келинг, ташриф буюринг, баҳра олинг!
Яна бир қувончли хабар: 11-ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни арафасида “Ishonch” медианинг янги студияси фойдаланишга топширилди.







