«IT» МАЪҚУЛМИ ЁКИ «АТ»?
Луғатимизга «IT» деган сўз кириб келганига у қадар кўп бўлмади. Аммо шу қисқа вақт ичида у тобора янги-янги иборалар билан бойиб боряпти. «IT таълим», «IT истеъдод», «IT шаҳарча», «IT технология», «IT Park» кабилар шулар жумласидан.
Бугунги кунда ҳаётимизни «IT»сиз тасаввур этиш душвор масалага айланди. Қаерга қараманг, шу атамага кўзингиз тушади. Ҳамма жойни «IT» босиб кетди. Йиқилсангиз ҳам, қоқилсангиз ҳам «IT»нинг устига қулайсиз.
Аслида бу ибора инглиз тилида «Information technology», русчада «Информационные технологии» тарзида талқин қилинади. Ўзбекча таржимаси эса «Ахборот технологиялари» бўлади.
Хўш, унда нима учун бу иборанинг ўзбекча вариантини қўлламаяпмиз? «IT» дейишга бирон-бир жўяли сабаб борми? Шуни, масалан, «АТ» деб атаса бўлмайдими?
Агар шу сўзнинглотин алифбосида ёзилган вариантини тўғридан-тўғри ўқисак, ит деган сўз келиб чиқади. Ёзилиши «IT», ўқилиши «айти» бўлган бу сўзнинг маъносини ҳамма ҳам бирдек англайвермаса керак. Айниқса, катта авлод вакиллари уни тўғридан-тўғри «IT» деб талқин қилишади ва кўз олдиларига шу ҳайвонни келтириши мумкин. Бу эса жуда хунук ҳолат.
Фикримизни адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош ҳам тасдиқлади. Ахборот технологиялари мутахассислари ҳам шу фикрда.
Хусусан, Қозоқбой Йўлдошнинг айтишича, четдан кириб келаётган номларни амалиётга татбиқ этишда миллатимизнинг ўзига хослигини, менталитетимиз ва одобимизга нечоғлиқ тўғри келиш-келмаслигини ҳисобга олишимиз, маъно-мазмунидан келиб чиқиб, ўзлаштиришимиз жоиз. Чунки хорижий тилдаги сўзни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш керак деган қатъий қоида ва шарт йўқ. Биз бунга мажбур ҳам эмасмиз. «IT»ни «Айти» деб талаффуз қиларканмиз, нима учун сўзда ҳам «Айти» деб ёзмаслигимиз керак? Нега масалага ҳамма тушунадиган тилда ёндашмаймиз? Шундай қилсак, бизни биров койийдими? Ёки бу билан «IT»чиларни камситган бўламизми? Мана, масалан, дунёга машҳур «KFC» номли емакни ўзбекчада «Кей-эф-си» деб талқин қиляпмиз, бундан ҳеч ким норози бўлаётгани йўқ. Аксинча, ҳамма тушуниб, ўша емакхонага интилиб ётибди.
Ҳақиқатан ҳам, устоз куюнганича бор. Умуман, бошқа давлатлар атамаларни ўз тили ва луғатидан келиб чиққан ҳолда, яъни инглизлар инглизча, руслар русча талқин қилишади. Улар ҳар қандай ҳолатда ва ҳеч қачон ўзлигидан воз кечишмайди. Биз эса бошқа жабҳаларда бўлгани сингари тил масаласида ҳам жуда «бағрикенгмиз».
Айримлар айтиши мумкин, «Бу жуда майда масала, бошқа муаммо йўқми? Уни шундай атасак-атамасак бирон нарса ўзгарармиди?» деб. Аммо унутмаслик керакки, катта автофалокатга битта кичкинагига мурват ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат. Қолаверса, тил ҳеч қачон майда масала саналмаслиги лозим. Боиси, миллатнинг эртанги куни айнан тилнинг яшаш-яшамаслиги билан чамбарчас боғлиқ. Демак, «IT»нинг ўзбекча талқини ҳақида жиддий ўйлаб кўриш лозим.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0