Картани нақд пулда тўлдириш: қийинчиликлар ва баланд фоизлар муаммоси
Бугун кўп ҳолатларда нақд пулдан кўра, электрон тўловлар оммалашди. Пластик карточка орқали пул ўтказишнинг қулайлиги, масофаларнинг аҳамияти йўқлиги ҳам бунга сабаб бўлди. Бир пайтлар одамлар 20-25 фоизга маошини нақдлаштирган бўлса, бугун картада пул излаб юрганларга кўзингиз тушади. Бу албатта яхши, аммо энди пластик картага пул тўлдиришда муаммолар юзага келмоқдаки, бундан кўз юма олмаймиз...
Гапни ўзим яқинда дуч келган муаммодан бошлай қолай. Яқин дўстим мени вакил қилиб, салмоқли эҳсон берди. Пул нақд эди, чўнтагим тўлиб кетди. Хурсанд бўлдим, барака топсин. Эълон бердим. Ҳар доимгидек аксарияти картага туширишни сўрашди.
Суриштирсам, нақдни картага тушириш учун 2 фоизгача устама тўлаш керак экан. Ҳали уни ўтказиш бор, унга ҳам 1 фоизгача ўтказилади. Уни ечиб оламан деган ҳам 1 фоиз тўлайди. Ҳаммаси бўлиб муҳтожнинг қўлига етиб боргунча 3-5 фоиз пул (балки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин) йўқ бўлиб қолади. Шу ўринда савол туғилади: картадаги пулни нақд қилишда 1 фоизлик комиссия тўловини тушунамиз. Банк купюра, банкоматлар, электр учун турли харажатлар қилади. Аммо пластик карта нақд пул билан тўлдирилганда нега катта комиссиялар қўйиляпти? Мижоз банкка нақд валюта келтиряпти-ку.
Мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида бир қанча банкларда картани тўлдириш масаласини ўргандим. Банкларнинг пластик карталарини шохобча ёки филиалга бориб тўлдириш бепул ҳисобланаркан. Аммо ҳаммада ҳам ўша банк картасини очиш, муассасага бориш, узун навбатда туриб кутишга шароит ёки имконият йўқ. Шунингдек, тижорат банклари чекланган соатларда хизмат кўрсатади. Соат 16:00 да кассалар ёпилади, шанба ва якшанба кунлари эса мутлақо ишламайди. Бу ҳам мижозлар учун анчагина ноқулай саналади.
Банкоматлар эса нақд пул орқали карта балансини тўлдириш учун фоиз олади. Бундан ташқари, кузатувларга кўра, банкоматларда нақд пул кирим қилишга ҳар доим ҳам имконият йўқ. Уларнинг аксариятида бу функция техник сабабларга кўра ишламайди. Шунингдек, кўпгина банкоматларда cash in (пул кирим функцияси) ҳам йўқ.
Турли тўлов ташкилотлари, компаниялар банкоматлари орқали нақд пулни картага ташлаш фоизлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Масалан, Paynet банкомати орқали банк карталарини тўлдиришда 3 фоизлик хизмат ҳаққи мавжуд. Илова орқали Paynet онлайн картасини очиб, бепул пул ташласа бўлади, аммо онлайн картадаги пулни бошқа жойга ўтказиш учун яна 0,9 фоиз хизмат ҳаққи тўлашга мажбурсиз. Аммо мазкур компаниянинг устун томонлари ҳам бор. Ушбу банкоматлар кўп жойларда ўрнатилган ва туну-кун ишлаб туради. Шу сабабдан юмуши ўта зарур бўлган ёки банк хизматларини ҳаминқадар тушунадиган кишилар 3 фоизгача пулидан воз кечиб, ишини битиришга мажбур бўлмоқда. Мисол учун, бир ўқувчимиз, картасига 589 минг сўм пул ташлаш учун 607 минг сўм сарфлаган, яъни орада қарийб 18 минг сўм маблағ шунчаки хизмат ҳаққи сабаб ҳавога учиб кетмоқда (бу пулга 2 килограмм гуруч сотиб олиш мумкин).
Яна бир ўқувчимиз фикрини ёзди: яқинда тугатилган банклардан биридан олинган кредитни шу илова ёки пайнет шохобчалари орқали тўласа бўларкан, аммо бунинг 2 фоизгача хизмат ҳаққи олиняпти (банк иловаси фаолият тўхтатилган). Масалан, сиз ойлик график бўйича 500 минг сўм эмас, 510 минг сўм тўлашга мажбурсиз. Қизиқ, наҳотки олинган қарзнинг ўз фоизи устига яна уни тўлаганлик учунам фоиз тўланса, бу нима деган гап?!
Европа ёки бошқа ҳудудларни гапирмаймиз, бизга яқинроқ бўлган Россия ёки Қозоғистонда карталарни нақд пулда комиссиясиз тўлдиришнинг усуллари анчагина кенг экан. Масалан, Қозоғистонда банкоматлар орқали 500 минг тенге (тақрибан минг АҚШ доллари)ни комиссиясиз равишда картага тушириб олиш мумкин. Қўшниларда нафақат картани тўлдириш, балки нақд пул ечиб олишда ҳам енгилликлар кўп экан. Масалан қозоқ Halyk Banki картаси орқали уларнинг банкоматларидан 1 млн тенгегеча (2 минг АҚШ доллари эквивалентида) фоизсиз пул ечиб олиш мумкин. Ўзбекистонда эса банк картасини тўлдириш ёки пул ечиб олишда фоизини қоплаб берадиган бармоқ билан санарли банклар мавжуд экан, холос (масалан ТБС банк ўз мижозлари шундай хизматлари йўлга қўйган).
Менимча, бизнинг банкларда ҳалиям мижозларни асосан нақд пул билан таъминлаш масаласи устувор сифатида кўрилади. Шу сабабдан, картасини нақдда тўлдирмоқчи бўлганлар турли қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бугун картадан картага пул ўтказишда фоизсиз ўтказмалар оммалашди. Бу албатта мижозлар хизматлардан кўпроқ фойдаланишига хизмат қилади. Нима сабабдан картани тўлдиришда ҳам (банкоматлар ва бошқа қурилмалар орқали) шундай енгилликлар яратилмаяпти? Айниқса вилоятлардан Тошкентга ёки пойтахтдан вилоятларда пул жўнатишга кўпчилик нақд сўм ёки АҚШ долларидан фойдаланяпти, йўловчи таксиларга илтимос қилишга, уларга “почта” учун хизмат ҳаққи тўлашга мажбур бўляпти. Бунинг ўрнига банк карталари ва электрон пулни оммалаштириш тижорат банкларининг ўзига ҳам фойдали эмасми?
Шу ўринда бу масалада Марказий банкка ҳам мурожаат қиламиз: нима сабабдан молия ташкилотлари картани тўлдиришда ноқулай тарзда фоизлар қўймоқда, буни нимага асосланиб қўйишмоқда? Нега регулятор катта фоиз қўяётган ташкилотларни инсофга чақириб, уларга чора кўрмаяпти?
Тўғри, бугун биз бозор иқтисодиётида яшаяпмиз. Ҳамма фойда кўришга, бизнеси ривожланишига интилади. Биз юқорида танқид қилганларнинг ҳам салмоқли харажатлари борлигини тушунамиз. Аммо барибир халққа инсоф билан енгиллик қилиб берилса, қайтанга тўлов тизимлари ва банк хизматлари янада оммалашиб, зарарларни қоплаб, фойдага чиқиши мумкин-ку. Марказий банк мазкур масалада яхшигина ўрганиш ўтказиб, вазиятни тартибга солса маъқул иш бўларди деб ўйлаймиз.
Бундан ташқари, ҳаётимиздаги катта реалликка айланиб бораётган кредит сиртмоғи мавзусини ҳам кўтаришга жазм этганмиз. Тез орада кутинг!
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0