Ижтимоий тармоқлар даврида театрнинг рўли
Беҳбудий қарашлари бугунги кун мисолида
Ўтган аср бошларида ўзбек жадидчилик ҳаракати вакиллари миллат тараққиётининг энг муҳим омили сифатида матбуот ва театрни кўрганлар. Ана шундай фидойи зиёлилардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлиб, у публисистик ва адабий фаолиятида жамиятни уйғотиш, халқни фикрлашга ундаш ғоясини илгари суради. Беҳбудийнинг “Театр надур?” номли мақоласи ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилган бўлиб, унда театрнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва вазифаси муҳим ижтимоий ҳодиса сифатида талқин этилади.
Беҳбудий театрни оддий кўнгилочар машғулот эмас, балки тарбия, ибрат ва ўзини англаш макони деб билади. У театр орқали инсон ўз ҳаётига четдан қараш, жамиятдаги иллатларни кўриш ва хулоса чиқариш имконига эга бўлишини таъкидлайди. Бугунги кунда эса маданий ҳаёт шакллари анча ўзгарган: театр ўз мавқеини сақлаб қолган бўлса-да, ижтимоий тармоқлар кенг омма учун қулай ва тезкор ахборот ҳамда томоша майдонига айланиб бормоқда.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр надур?” мақоласида театрни “Театр – ибратномадур, ваъзхонадур, театр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб, кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса, театр ваъз ва танбиҳ этгувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини кўрсатгувчидир”. Унинг фикрича, саҳнада намойиш этилаётган воқеалар ҳаётнинг ўзидан олинади ва томошабин у орқали жамиятдаги муаммоларни англай бошлайди. Беҳбудий театрнинг кучини шундаки, у сўз орқали эмас, балки ҳаракат, образ ва ҳолат орқали таъсир қилади, дея изоҳлайди. Бу эса томошабиннинг онгига бевосита таъсир кўрсатиш имконини беради.
Беҳбудий театр ҳақидаги қарашларини фақат назарий мулоҳазалар билан чеклаб қолмаган, балки уларни амалда ҳам рўёбга чиқарган. Унинг “Падаркуш” саҳна асари шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур драма орқали муаллиф жамиятдаги жоҳиллик, тарбия етишмаслиги ва маънавий масъулиятсизлик оқибатларини саҳна воситасида кўрсатиб беради. “Падаркуш”нинг саҳналаштирилиши ўз даврида оддий томоша эмас, балки ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинган. Беҳбудий бу асар орқали театрни халқни ўйлантирадиган, муаммога юзма-юз келтирадиган восита эканини амалда исботлаган. Шу маънода, “Падаркуш” Беҳбудий назарий қарашларининг саҳнадаги ифодаси бўлиб, театрни “ибратхона” сифатида тушуниш ғоясини аниқ ва таъсирчан тарзда намоён этади.
Бугунги кунда эса инсоннинг эътиборини тортувчи воситалар кўпайган. Ижтимоий тармоқлар тезкорлиги, қулайлиги ва ҳамма жойда мавжудлиги билан кўпчилик учун асосий ахборот ва кўнгилочар манбага айланмоқда. Натижада театрга бориш, томошани жонли тарзда кузатиш учун вақт ажратиш кўплаб ёшлар учун иккинчи даражали масалага айланиб қолмоқда. Бу ҳолатни тўлиқ салбий баҳолаш ҳам тўғри эмас, чунки ҳар бир давр ўзига хос маданий шаклларни юзага чиқаради.
Шу билан бирга, Беҳбудий илгари сурган асосий масала бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган: санъат инсонни фикрлашга мажбур қилиши керак. Ижтимоий тармоқларда тарқаладиган кўплаб видеолар ва саҳналаштирилган лавҳалар қисқа, соддалаштирилган ва кўпинча чуқур мазмундан холи бўлиб қолмоқда. Театр эса томошабиндан диққат, сабр ва ички тайёргарликни талаб қилади. Беҳбудий назарида айнан мана шу жараён — томошабиннинг руҳий иштироки — тарбиянинг асосий омилидир.
Беҳбудий яшаган даврда театр янгилик бўлиб, жамиятни уйғотиш вазифасини бажарган бўлса, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар худди шундай тезкор таъсир кучига эга. Бироқ уларнинг фарқи шундаки, театр кўпроқ масъулиятли ва чуқур ёндашувни талаб этади. Ижтимоий тармоқларда эса томошабин кўпинча истеъмолчи сифатида қолиб кетади. Бу ҳолат Беҳбудий орзу қилган онгли ва тафаккурли жамият шаклланишига тўлиқ хизмат қилмайди.
Шундай бўлса-да, театр ва ижтимоий тармоқларни қарама-қарши қўйишдан кўра, уларни бир-бирини тўлдирувчи восита сифатида кўриш мақсадга мувофиқдир. Агар театр замонавий ахборот майдонларидан тўғри фойдаланса, Беҳбудий илгари сурган ғоялар бугунги авлодга ҳам етиб бориши мумкин.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр надур?” мақоласида илгари сурилган фикрлар ўз даври учунгина эмас, бугунги кун учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Театрни жамият ойнаси сифатида кўриш ғояси ҳозирги маданий жараёнлар фонида қайта англаниши зарур. Ижтимоий тармоқлар қулайлик ва тезкорлик жиҳатидан устун бўлса-да, улар театр каби чуқур маънавий таъсир кўрсатиш имкониятига ҳар доим ҳам эга эмас.
Бугунги вазифа театрни замондан узиб қўймасдан, уни янги шакллар билан уйғунлаштиришдир. Беҳбудий орзу қилганидек, санъат инсонни бефарқликдан чиқариб, ўз жамияти ҳақида ўйлашга мажбур қилиши керак. Шу маънода, театр ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки замонавий маконда янги талқин ва ёндашувларни талаб этаётган муҳим маданий кўприк сифатида сақланиб қолмоқда.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0