Эрон – хавотирлар чангалида
2025 йилнинг 28 декабрида бошланган Эрондаги норозилик намойишлари тарихи бир қарашда 2019 ва 2022 йилларда кузатилган олдинги норозилик тўлқинларини эслатиб юборади. Ўшанда бундай чиқишлар ёқилғи нархлари ошиши ёки 22 ёшли курд қизи Маҳса Аминийнинг ҳалок бўлиши билан бошланган эди. Бироқ ҳозирги инқирознинг моҳияти буткул ўзгача. Уни қўзғатган асосий омил – иқтисодий бўҳрон, мазмуни эса мафкуравий инқироздир.
Фото: ishonch ChatGPT
Эрон пул бирлиги – риёлнинг курси қора бозорда бир доллар учун 1,4-1,45 миллионгача қулади. Расмий маълумотларга кўра, инфляция 42 фоиздан ошган, мустақил экспертлар эса уни 60-70 фоиз атрофида дея баҳоламоқда. Озиқ-овқат ва дори-дармон нархлари назоратдан чиққан. Ўрта табақанинг емирилиши, сув ва энергия танқислиги ҳам аҳоли турмуш даражасини ёмонлаштиргани рост. Лекин, энг ёмони, жамиятда ҳукм сурган ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаяпти.
Эронда ҳамиша ҳокимият билан жамият ўртасида норасмий келишув амал қилган. Яъни сиёсий ёпиқлик ва қатъий мафкура нисбатан ижтимоий барқарорлик, субсидиялар ҳамда ташқи сиёсий тўқнашувлар орқали қўллаб-қувватланган миллий ғурур туйғуси билан қопланган. Бугун ана шу икки устун ҳам энг заиф нуқта, дея баҳоланмоқда. Иқтисодий вазият халққа ҳимояланганлик ҳиссини бермаяпти. Суриядан тортиб Исроил билан тўқнашувгача бўлган сиёсий қадамлар на ғалаба, на ҳурмат ва на ҳарбий қудратга ишонч тақдим эта олди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари маълумотларига кўра, бугунга келиб, намойишларда ҳалок бўлганлар 35-40 нафарни, ҳибсга олинганлар эса 2000 нафардан ортиқни ташкил этган. Норозиликлар нафақат Теҳрон, Исфаҳон, Шероз, Машҳад каби йирик шаҳарларни, балки давлат назорати кучсизроқ, радикаллашув эса тезроқ кечадиган кичик шаҳар ва вилоятларни ҳам қамраб олган.
АҚШда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи HRANA ташкилоти маълумотларига кўра, қурбонлар сони камида 538 нафарни ташкил этган. Улар орасида 48 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими ҳам бор. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, акциялар иштирокчиларидан тахминан 10,6 минг нафари ҳибсга олинган. Эрон расмийлари бу борада ҳеч қандай маълумот тақдим этмаган.
Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар қандай зиддиятли вазиятда қарама-қарши томонлар ахборот хуружларини ишга солади. Ва бундай вазиятда ҳар қандай маълумотга ҳам кўр-кўрона ишонавермаслик керак.
CNNнинг хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Эронга нисбатан кейинги қадамларни муҳокама қилиш мақсадида Миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари билан йиғилиш ўтказади.

Трамп Эронда оммавий норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан куч ишлатилгани муносабати билан мамлакатга қарши қатор эҳтимолий ҳарбий вариантларни кўриб чиқмоқда. Америкалик амалдорларнинг маълум қилишича, муҳокама этилаётган чоралар орасида норозиликларни бостиришда фаоллик кўрсатаётган хавфсизлик хизматларига зарбалар бериш; режимга тегишли ҳарбий объектлар ва иншоотларга қарши кибероперациялар ўтказиш; ҳокимият вакиллари ёки Эрон иқтисодиётининг айрим тармоқларига, хусусан, энергетика ёки банк секторига нисбатан санкциялар жорий этиш; шунингдек, намойишчиларга интернетга кириш имконини берадиган Starlink каби технологияларни тақдим этиш масалалари бор. Бироқ Трамп томонидан кўриб чиқилаётган вариантлар орасида Эрон ҳудудига қўшин киритиш масаласи назарда тутилмаяпти.
Эроннинг 1979 йили ағдариб ташланган сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ўғли Ризо Паҳлавийнинг 8 январдаги даъватларидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари янада фаоллашди. Худди шу куни мамлакат интернетдан узиб қўйилди ва ҳануз ишламаяпти. Эроннинг қатор шаҳарларида норозилик акциялари полиция билан тўқнашувларга айланди ва тузумга қарши шиорлар янграмоқда.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён якшанба куни халққа мурожаатида норозиларга иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга ваъда берар экан, тартибсизликларда АҚШ ва Исроилни айблади. Шунингдек, радикал кучлар оддий фуқаролар талабларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмаслиги учун одамларни кўчаларга чиқишга чақирди.
Бу орада Ризо Паҳлавий АҚШ президентига Эрон масаласида ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиқди.
Ана шу воқеалар силсиласида бир жиҳат эътиборга молик. Ҳозирги намойишларда бозор аҳли, яъни майда савдогарлар муҳим ўрин тутяпти. Улар тарихан Ислом Республикасининг асосий таянчларидан бири ҳисобланган. Улар 1979 йили уламоларнинг ҳокимиятга келишида ҳам муҳим роль ўйнаган эди. Бугун эса айнан ўша савдогарлар дўконларини ёпиб, кўчаларга чиқишмоқда. Улар инқилобга ташна ёшлар ҳам, либерал зиёлилар ҳам эмас, балки адолатга ишончи қолмаган анъанавий жамият ўзагидир.
Келинг, Эрондаги инқирозга араб файласуфи Ибн Халдун фикрлари асосида назар ташлаб кўрайлик. Асабия – Ибн Халдун таълимотидаги асосий тушунчалардан бири бўлиб, у ижтимоий бирдамлик, гуруҳий онг ва умумийлик ҳиссини англатади. Бу бирдамлик қон-қариндошлик алоқалари, дўстона муносабатлар ёки узоқ муддатли ҳамкорлик ва бирга яшаш тажрибаси негизида шаклланади. Асабия давлатлар ва тамаддунлар вужудга келиши ҳамда уларнинг сақланиб қолишида ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлади. У емирила бошласа, давлат маълум муддат ўз инерциясига кўра ҳаракатда давом этади, аммо унинг парчаланиши вақт масаласига айланади. Бугунги Эрон айнан ана шу – аста-секин емирилиш босқичида турибди.
Ташқи омил эса мамлакат ичкарисидаги жараёнларни янада кучайтиряпти, холос. Дональд Трамп амалда инсонпарварлик баҳонасида куч ишлатиш борасидаги норасмий тақиқни бекор қилди. Унинг «Агар Эрон ҳокимияти намойишчиларни ўлдира бошласа, АҚШ жуда кучли зарба беради», деган баёнотлари, бир томондан, норозилик ҳаракатларига маънавий ишонч ва ташқи қўллаб-қувватлов ҳиссини берса, иккинчи томондан, тузумни фалаж аҳволга солиши мумкин: қатъийлик ташқи зарбани кучайтирса, юмшоқлик кўчаларни назорат қилиб турган қўрқувни емириб ташлайди.
Бу ерда Венесуэла мисоли ҳарбий куч-қудрат намойишидан кўра кўпроқ руҳий аҳамият касб этади. Мадуронинг қўлга олиниши бутун дунё элиталарига суверен етакчилар дахлсизлиги даври якунланаётир, деган мужда йўллади. Буни АҚШнинг Америка қитъасидаги гегемонлигини таъминлаш ва Европа таъсирини чеклашга қаратилган сиёсий декларация бўлиб, вақт ўтиши билан АҚШнинг минтақада ўз империявий ғоясини рўёбга чиқариш воситасига айланган Монро доктринаси ҳам, XIX асрга қайтиш ҳам деб бўлмайди. У агар тузум ички барқарорликни йўқотса ва глобал тартиб учун «заҳарли унсур»га айланса, у легитим нишон сифатида қабул қилиниши мумкин, деган янги мантиқ маҳсулидир.
Эрон Венесуэладан фарқли ўлароқ, чеккада қолиб кетмаган. У Яқин Шарқ, энергетика, диний сиёсат ва тамаддуний қарама-қаршиликлар туташ ҳудуд саналади. Шу боис бу ерда тўғридан-тўғри ҳарбий аралашув анча хавфли. Исроил буни жуда яхши англайди. Шунинг учун унинг стратегияси тўғридан-тўғри зарбалардан кўра, қўпорувчилик ҳаракатлари, жосуслик фаолияти ва руҳий босим каби нозикроқ ўйин томон силжимоқда.
Қолаверса, Эрон 90 миллиондан ошиқ аҳолиси бор, мураккаб этник тузилмага эга ва стратегик ҳудудда жойлашган кўпмиллатли давлатдир. Бу ерда ҳар қандай инқироз муқаррар равишда этник масалани қўзғайди. Аҳолининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи форслардан ташқари, мамлакатда 20-25 миллион атрофида озарилар, шунингдек, курдлар, Ҳузистон араблари, белужлар, лурлар ва туркманлар яшайди. Ҳозирча норозиликлар асосан ижтимоий-иқтисодий тусга эга, аммо уларнинг чегара ҳудудларига ҳам тарқалиши инқирозни ҳудудий яхлитликка таҳдид даражасига олиб чиқиши мумкин. Эроннинг Туркиядан тортиб Озарбайжон каби барча қўшнилари мазкур сценарийдан хавотирда.
Ушбу вазиятда Туркиянинг тутуми, айниқса, яққол кўзга ташланади. Анқара – мафкуравий уруш мантиғи билан фикрламайдиган кам сонли минтақавий ўйинчилардан бири. Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ўз баёнотларида Эрондаги беқарорлик бутун минтақада – Кавказдан тортиб Шарқий Ўрта Ер денгизи ҳудудигача домино эффектини келтириб чиқаришини таъкидламоқда. Туркия на Эроннинг парчаланишидан, на уни бошқаларнинг уруш майдонига айланишидан манфаатдор.
Туркия ёндашуви ниҳоятда прагматик: Эроннинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, этник парчаланишнинг олдини олиш, ташқи кучлар томонидан сценарийлар мажбуран тиқиштирилишига қарши туриш. Анқара қўшнилардаги бошбошдоқлик муқаррар равишда қочқинлар оқими, радикал гуруҳлар фаоллашуви ва курдлар масаласининг кескинлашуви шаклида чегаралар орқали кириб келишини яхши тушунади. Зеро, Суриядаги фуқаролар уруши сабаб Туркияга 3,5 миллионга яқин қочқин кириб келган ва бунинг жабрини ҳам татиб кўрган эди.
Аммо Эрон аҳолиси Сурия аҳолисидан салкам тўрт баравар кўп. Агар Эронда ички уруш аланга олса, қочқинлар оқими шундоқ ҳам иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган Туркияга ортиқча бошоғриғи бўлиши шубҳасиз. Шу боис Туркия ҳозирги Эрон тузуми кўплаб саволлар уйғотса ҳам, инқилобдан кўра бошқариладиган эволюцияни қўллаб-қувватлайди.
Россия эса имкониятлари чекланган стратегик кузатувчи мавқеида қолиши муқаррар. Расман Москва билан Теҳрон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартнома бор. Аммо у автоматик равишда ҳарбий ёрдамни назарда тутмайди. Россиянинг йўли дипломатик баёнотлар, зарурат туғилганда, иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда агрессор ким бўлишидан қатъи назар, уни қўллаб-қувватламаслик тамойилига таянади, холос. Россия Украина билан узоқ вақт давом этаётган можарога ўралашиб қолган бир пайтда, ундан Эрон инқирозига фаол аралашувни кутиш ўринсиз.

Эронда рўй бераётган воқеалар фалсафий маънода немис файласуфи, тарих ҳамда маданият фалсафаси асосчиларидан бири – Освальд Шпенглернинг тамаддунлар таназзули ҳақидаги мулоҳазаларига ҳайратланарли даражада мос келади. Гап Эроннинг давлат сифатида йўқ бўлиб кетиши эмас, балки муайян тарихий шаклнинг – мафкуравий, илоҳий нажот лойиҳасига таянган моделнинг якунланиши ҳақида кетмоқда. Ислом Республикаси ХХ аср маҳсули, йирик мафкуралар ва икки қутбли қарама-қаршиликлар даври яратиғидир. Бугун эса дунё тарихчи ва файласуф Арнольд Тойнби «тарихий синов ва жавоб» даври деб атаган босқичга киряпти. Бироқ эски жавоблар бугун иш бермаяпти, янги жавоблар эса таклиф этилмаяпти.
Самуэл Хантингтон тамаддунлар тўқнашуви ҳақида ёзган. Аммо, эҳтимол, биз айни пайтда тўқнашув ўрнига тамаддунларнинг ўзи ўзидан чарчаган бир ҳолатни кузатаётгандирмиз. Бугунга келиб, Эрон жамияти ташқи душман образидан илҳом олмаётгандек. Ўн йиллар давомида тузумни жипслаштириб келган аксиламерика ғоялари сафарбарлик қудратини йўқотгандек. Одамлар келажак бўлмаса, қурбонликлардан мақсад нима, адолат бермаса, мафкура кимга керак, деган анча жўн, аммо жуда хавфли саволларни бераётир.
Шу билан бирга, Эрондаги тузумнинг бир зумда қулаши эҳтимоли жуда паст. Чунки Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳамда унинг таркибига кирувчи бешта шартли кучдан бири – Басиж (Созмон-е Басиж-е мустазъафин – мазлумларни сафарбар этиш ташкилоти) ҳануз катта имкониятлар ва юқори мотивацияга эга.
Эроннинг келажаги, эҳтимол, инқилобий портлаш йўлидан эмас, балки чўзилган трансформация траекторияси бўйлаб шаклланар. Косметик ислоҳотлар, кадрлар алмашинуви, назоратни қисман юмшатиш каби қадамлар рўй бериши ҳам мумкин. Табиийки, буларнинг барчаси вақтдан ютишга қаратилган бўлади. Аммо асосий масалалар – мафкура, ташқи сиёсат, ресурсларни тақсимлаш каби саволларга ечим топилмайди. Демак, инқироз бартараф этилмайди, фақат навбатдаги босқичга ўтади, холос.
Хуллас, бугун Эрон қулаяпти, деяётганлар адашади. У – қўрқув билан яшаб бўлмайдиган паллага кирган давлат. Энг хавфлиси ҳам, энг ҳал қилувчиси ҳам шу. Чунки бундай пайтда тузум ё жамият билан тил топишишга, халқнинг хоҳиш-истакларини инобатга олишга мажбур бўлади ёки тарих саҳнасидан аста-секин чиқиб кетади.
Жаҳонгир НАҲАНОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0