“Касаба уюшмалари жонимизга оро кирди” – ангренлик муштипар аёл ҳикояси
Орзу умидлар билан бошланган турмушининг дарз кетиши ва кейинчалик бутунлай вайрон бўлиши Дилфузани эсанкиратиб қўйди. Энди уч нафар бола билан қаерга боради, ота-онаси ва укасининг рўзғори ҳам ҳаминқадар бўлса?!
Ангренлик Дилфуза турмушга чиқаётган пайтида куёв бўлмишнинг фуқаролик паспорти йўқолганлиги сабабли улар шаърий никоҳда яшашди. Хаш-паш дегунча орадан 8 йил ҳам ўтиб кетди. Шу вақт оралиғида Дилфуза эрининг ҳақоратларию калтаклашларига чидолмай ота уйига аразлаб, бир неча марта кетиб қолди. Никоҳни қонунийлаштириш ҳам гўёки “унутилди”. Келиб-кетиб юриш ҳам кунларнинг бирида ниҳоясига етди – оила пароканда бўлди. Уч боласи билан ота уйида моддий қийналган Дилфуза эридан ёрдам сўради, натижа бўлмагач, охири судга берди. Суд алимент ундириш тўғрисида қарор чиқарди.
– Суд қарорларини бажармагани учун турмуш ўртоғим бир неча марта қамалиб чиқди, – дейди Дилфуза Болтабоева. – Аммо мен ҳам бекор ўтирмадим, тиним билмай ишлай бошладим. Укам иккимиз пул тўплаб, 6 сотихли ер олдик, ўша ерга икки хонали уй қурдик. Ҳозир болаларим билан шу уйда яшаяпмиз. Катта фарзандим 18 ёшдан ошди, пойтахтда ўқийди. Унинг ҳам харажатлари кўп. Кейинги икки фарзандим мактаб ўқувчилари. Бир ўзим оиламни боқишга қийналганим учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар муаммолари бўйича ишлайдиган 1211 ишонч телефонига қўнғироқ қилган эдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан жами 43 млн сўмдан ортиқ алиментдан қарздорлик ҳисобланганлиги ва картамга ҳозирча 5 млн сўм туширилгани ҳақида хабар беришди. Касаба уюшмаларига катта раҳмат!
Алиментнинг қолган қисми қачон тўлаб берилишини сўраганимизда, масъуллар қарздорлик ижрога қаратилганлигини, тез кунларда қолган маблағ ҳам тўлиқ қопланишини маълум қилишди.
Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0