Маҳалла банкири билан ўзгараётган “Тинчликобод”

Банк хизматлари қанчалик аҳолига яқин бўлса, молиявий кўмакка эҳтиёж сезган фуқаронинг масаласи ҳам шунчалик тез ечим топади.
Учтепа туманидаги “Тинчликобод” маҳалласида фаолият юритаётган “Ўзсаноатқурилишбанк” маҳалла банкири Азизбек Яшинов фаолияти билан яқиндан танишганимизда ҳам бунга амин бўлдик. У фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш, бизнес ғояларини молиялаштириш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда уларга яқин маслаҳатчига айланган.
Маҳалла аҳли уни фақат кредит расмийлаштирувчи мутахассис сифатида билмайди. У кўпчилик учун бизнесни нимадан бошлаш, қайси йўналишни танлаш ва маблағни қандай жалб этиш бўйича маслаҳат берадиган мутахассис. Сўнгги икки йилда “Тинчликобод”да ўнлаб фуқаролар ўз ишини бошлади, янги иш ўринлари очилди, ҳудуд ободлиги ва осойишталигига ҳисса қўшаётган лойиҳалар йўлга қўйилди.
Азизбек Яшинов ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда фуқароларнинг бизнес ғояларини ўрганиб, ўз ишини бошлаш истагидагиларга фаолият йўналишини танлашдан тортиб, молиялаштиришгача бўлган жараёнларда амалий ёрдам бермоқда.
“Тинчликобод”да 7 800 нафар аҳоли истиқомат қилади, 2 305 та хонадон бор. Асосан кўп қаватли уйлардан иборат ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун шароит бор. Энг асосийси, бундай хизматларга талаб ҳам, ўз бизнесини бошлаш истагидаги фуқаролар ҳам етарли.
52 нафар фуқаро тадбиркорлик сари қадам қўйди
Ўтган йил ва жорий йил давомида маҳалладаги 52 нафар фуқаро тадбиркорликка йўналтирилиб, ўз бизнесини бошлади. Уларнинг айримлари савдо, бошқалари хизмат кўрсатиш соҳасини танлади.
Бунда маҳалла банкирининг иши фақат кредит ажратиш билан чекланмайди. У, аввало, фуқаро билан суҳбатлашиб, тажрибаси, қизиқиши ва режасини ўрганади. Шундан сўнг бизнес ғоясига мос тавсиялар бериб, молиялаштириш масаласида йўл-йўриқ кўрсатади.
— Ўтган йилнинг ўзида “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг “Бизнесга бир қадам” дастури доирасида ўз ишини бошлаш истагидаги фуқароларга 15 миллион сўмдан 60 миллион сўмгача кредитлар ажратилди. Натижада уларнинг кўпчилиги ўз даромад манбаини яратди, — дейди А. Яшинов.
100 миллион сўмлик кредит – 29 та иш ўрни
Бу ишларнинг амалий натижасини жорий йилда ташкил этилган “Yosh avlod build servis” МЧЖ мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бошқарув сервис компанияси маҳалладаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатади. Корхона ходимлари уйлар атрофини тозалаш, ободонлаштириш ва умумий тартибни сақлаш ишларини бажаради.
Корхонага банкдан 100 миллион сўм кредит ажратилгач, зарур ускуналар, юк ва чиқиндиларни ташиш учун трицикллар сотиб олинди. Натижада хизмат кўлами кенгайиб, 29 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Лойиҳа доирасида маҳалла ҳудудига 130 та кузатув камераси ҳам ўрнатилди. Бу жамоат хавфсизлигини назорат қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кучайтиришга ёрдам берди. Маҳалла “яшил ҳудуд” тоифасига кирди.
Кўчалардаги тозалик ва ободонлаштириш ишлари маҳалла қиёфасини ўзгартирди.
— Маҳалламиздаги ижобий ўзгаришларда фуқароларни иш билан таъминлаш, янги бизнесларни йўлга қўйиш ва оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга кўмаклашаётган маҳалла банкирининг ҳам ҳиссаси бор, — дейди тадбиркор Хадича опа Аҳмедова. — Мен иккиланиб турганимда унинг маслаҳати ва тавсияси билан кредит олдим. Бугун бу қарорим тўғри бўлганини кўриб турибман. Ишчиларимиз учун зарур жиҳоз ва техникаларни сотиб олдик. Шу билан бирга, маҳалламиз ҳам анча осойишта бўлди. Одамларга аввало хотиржамлик, тинчлик керак. Шунда қилаётган ишида ҳам унум ва барака бўлади.
“Тинчликобод” тажрибаси шуни кўрсатяптики, молиявий ресурс фақат бир фуқаронинг бизнесини бошлаши билан чекланиб қолмайди. Тўғри йўналтирилган маблағ янги иш ўрни, хизмат, ободлик ва маҳалла ҳаётидаги бошқа ўзгаришларга ҳам туртки беради.
Ушбу жараёнда маҳалла банкирининг аҳолини тинглаши, бизнес ғоясини тўғри баҳолаши ва унга мос молиявий ечимни таклиф қилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Зебо Намозова,
Эъзоза Умурзоқова,
Ишонч.уз







