Сунъий интеллект – маҳалла банкирининг янги кўмакчиси

15:26 | 27.11.2026
•
13
Сунъий интеллект – маҳалла банкирининг янги кўмакчиси
Катталаштириш

Ўзсаноатқурилишбанкда маҳалла банкирларининг кундалик фаолиятида сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган махсус тренинглар ўтказилди.

Маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва молиявий хизматлар оммабоплигини оширишда рақамли технологиялар янги имкониятлар яратмоқда. Ўзсаноатқурилишбанк мазкур йўналишда сунъий интеллектни маҳаллабай ишлаш тизимига татбиқ этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида банк томонидан “SQB Mahalla” рақамли платформаси ишлаб чиқилди.

Унинг функционал имкониятларини ўрганишга бағишланган машғулотларга банкка бириктирилган 27 та шаҳар ва туманда фаолият юритаётган 415 нафар маҳалла банкири жалб этилди.

Иштирокчилар маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб истиқболли бизнес ғояларни шакллантириш, мижозлар эҳтиёжига мос молиявий ечимларни танлаш ҳамда кредит ва бошқа банк маҳсулотлари сотувини ошириш бўйича амалий кўникмаларни эгалладилар.

“SQB Mahalla” – бизнес ғояни аниқ лойиҳага айлантиришга кўмаклашувчи рақамли ечим. Тизим фойдаланувчининг тажрибаси ва имкониятларини таҳлил қилади, ҳудуддаги бозор эҳтиёжларини ўрганиб, истиқболли тадбиркорлик йўналишларини тавсия этади.

Атиги 5–10 дақиқа ичида бизнес-режа шакллантирилиб, лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағ миқдори, сармоянинг тахминий ўзини оқлаш муддати ҳамда босқичма-босқич ҳаракатлар режаси тақдим этилади.

Платформанинг ўзида мос кредит маҳсулотини танлаш ва молиялаштириш учун онлайн ариза юбориш имконияти ҳам яратилган.

Бундай ёндашув маҳалла банкирининг фаолиятини мазмунан бойитиб, аҳолига бизнес ғояни шакллантиришдан тортиб, лойиҳани кредит асосида молиялаштиришгача бўлган жараёнларда кўмаклашиш имконини бермоқда.

Мазкур ташаббус маҳаллаларда молиявий ва бизнес-маслаҳат хизматларини рақамлаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти асосида тадбиркорликни ривожлантириш, пировардида, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади