Малака ошириш даврида ходимга хизмат сафари харажатлари тўланадими?

00:13 | 28.09.2026
•
28
Малака ошириш даврида ходимга хизмат сафари харажатлари тўланадими?
Катталаштириш

Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради:
— Хизмат сафари ва малака ошириш бир-биридан фарқ қиладиган тушунчалар. Меҳнат кодексининг 280-моддасига кўра, иш берувчи ходим хизмат сафарида бўлган даврда, шунингдек, ишдан ажралган ҳолда мажбурий қайта тайёрлаш ёки малака оширишдан ўтган вақти учун кафолатли тўловларни амалга ошириши шарт.
Меҳнат кодексининг 286-моддасида эса иш берувчи ходимни унинг меҳнат мажбуриятлари билан боғлиқ харажатларини, жумладан, иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкага юборилганидаги харажатларни қоплаши белгиланган.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 290-моддасига кўра, агар иш берувчининг йўлланмаси билан малака ошириш бошқа жойга боришни талаб қилса, ходимга ўқиш жойига бориш ва қайтиш, шунингдек, уй-жойни ижарага олиш харажатлари қопланади.
Шу билан бирга, жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ички ҳужжатда малака оширишга юборилган ходимга яшаш жойидан ташқарида бўлгани учун суткалик компенсация тўлови ҳам белгиланиши мумкин.
Демак, малака ошириш хизмат сафари билан айнан бир хил бўлмаса-да, агар ходим иш берувчининг йўлланмаси билан бошқа жойга малака ошириш учун юборилса, ўқиш жойига бориш-қайтиш ва турар жой харажатлари қопланиши керак. Ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиши эса малака оширишнинг мажбурий ёки ихтиёрий эканига қараб белгиланади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади