Тайвандлик тадбиркор бир кунда 33 миллиард долларга бойиди

Nvidia компанияси асосчиси ва раҳбари Женсен Хуангнинг бойлиги бир кунда 33 миллиард доллардан зиёдга ошди.

14:36 | 24.11.2026
•
8
Тайвандлик тадбиркор бир кунда 33 миллиард долларга бойиди
Катталаштириш

Натижада у Forbes рейтингида дунёнинг энг бой инсонлари орасида юқорилади.

Женсен Хуанг — тайванлик-америкалик тадбиркор, муҳандис, дунёдаги энг йирик технологик компаниялардан бири — Nvidia асосчиси. У 1963 йилда Тайваннинг Тайбэй шаҳрида туғилган. Кейинчалик оиласи билан АҚШга кўчиб ўтган. Орегон штати университетида электротехника бўйича бакалавр, Стэнфорд университетида магистр даражасини олган.

У 1993 йилда икки ҳамкори билан Nvidia компаниясига асос солган. Дастлаб компьютер ўйинлари учун график процессорлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания бугун сунъий интеллект технологиялари учун чиплар етказиб берувчи етакчи ишлаб чиқарувчилардан бирига айланган.

Nvidia процессорлари ChatGPT каби сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади.

Forbes маълумотига кўра, 23 ноябрь куни Nvidia акциялари нархининг кескин кўтарилиши Хуанг бойлигининг бир кунда 33,7 миллиард долларга ошишига сабаб бўлган. Натижада унинг умумий бойлиги 143 миллиард доллардан ошган.

Хуангнинг компаниядаги улуши тахминан 3,5 фоизни ташкил этади. Шу боис Nvidia акциялари қийматининг ўзгариши унинг шахсий бойлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, бойликнинг бундай ўсиши тадбиркорнинг ҳисобидаги нақд пул кўпайганини эмас, балки унга тегишли акциялар бозор қиймати ошганини англатади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади