Меҳнат миграцияси масалалари аввал ишга юборилиб, кейин ҳал этилмаслиги лозим
Яқинда Андижон вилоятидан 250 нафардан ортиқ фуқаро қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаси бўйича вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Беларусга жўнатилган эди.
Расмий ахборотларда бу лойиҳа аҳолини иш билан таъминлаш, муносиб даромад манбаи яратиш ва икки давлат ўртасидаги меҳнат ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадам сифатида тақдим этилди.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, фуқароларнинг биринчи гуруҳи чартер рейси орқали Беларусга етиб борган. Лойиҳа Андижон вилояти ҳокимлиги, Миграция агентлиги ҳамда Витебск вилояти Меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя қўмитаси ўртасидаги уч томонлама келишув асосида амалга оширилган.
Аммо кўп ўтмай, бир гуруҳ андижонликнинг мурожаативазиятга бошқача нигоҳ билан қарашга мажбур қилди. Уларнинг айтишича, таклиф қилинаётган ойлик маош 500 АҚШ долларини ташкил этади. Ётоқхона, овқатланиш ва бошқа шахсий харажатлар ҳам айнан шу маблағ ҳисобидан қопланиши кераклиги маълумқилинган. Агар бунинг учун ойига камида 200-300 доллар сарфланса, мигрантларнинг қўлида 200 доллар атрофида маблағ қолади. Бу эса, албатта, ўз юртидан минглаб чақирим узоққа бориб ишлашга арзимайди.
Шундан сўнг Миграция агентлиги Андижон вилояти ҳокимлиги ва агентликнинг Беларусдаги вакиллари иш берувчилар ва меҳнат мигрантларининг ўзаро ҳуқуқий муносабатлари кўриб чиқилаётгани ҳақида изоҳ берди.
«Ишчиларни танлаш, уларни олиб бориш ва жойлаштиришни Андижон вилояти ҳокимлиги пилот лойиҳа сифатида бошлаган. Агар иш берувчи мигрантларга шартномада кўрсатилган иш ҳақини беришдан бош тортса ёки шартларга амал қилмаса, ишчилар бошқа ишга ўтказилади. Муаммо бугун кечга қадар ҳал қилинади», дейилади хабарда.
Масъулларнинг вақтида жавоб бергани яхши. Аммо масаланинг бошқа жиҳатлари бор. Энг аввало, меҳнат шартлари ва реал даромад масаласи нега фуқаролар йўлга чиқишидан аввал очиқ ва аниқ тушунтирилмаган? Агар маош миқдори, яшаш харажатлари ва қоладиган соф даромад аввалдан ҳисобланганида, улар бундай қарорга келишармиди? Ёки аксинча, ушбу шартлар ҳақида етарлича маълумот берилмаганми? Қанча одам жўнатилди, нечта рейс ташкил қилинди, қанча келишув имзоланди – буларнинг барчаси статистика.
Аммо ҳар бир рақам ортида бир оила, бир умид, фарзандларнинг келажаги турибди.
Меҳнат миграциясини ташкил этишдан мақсад фақат транспорт масаласини ҳал этиш ва ҳужжат расмийлаштириш эмас, фуқаронинг манфаатини ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу эса иш ҳақи, яшаш шароити, тиббий суғурта, меҳнат ҳуқуқлари, иш вақти, қўшимча харажатлар ва шартноманинг ҳар бир банди одамларга тўлиқ тушунтирилиши лозимлигини англатади. Бу масалалар фуқаролар Беларусга етиб боргач эмас, самолёт ҳавога кўтарилишидан анча аввал ҳал қилиниши шарт эди.
Меҳнат миграцияси инсон ҳаёти билан боғлиқ соҳадир. Буборада рўй берган хатоларни тузатиш мумкин, лекин инсоннинг ишончи синса, уни қайта тиклаш жуда қийин. Шунинг учун ҳам масъуллар ўз фаолиятига оддий маъмурий жараён сифатида эмас, инсон тақдири учун жавобгарлик ҳисси билан ёндашиши шарт. Чунки хорижга ишлаш учун кетган фуқаро давлатнинг энг катта бойлиги – инсон капитали ҳисобланади. Уни шунчаки «ишчи кучи» эмас, ҳуқуқ ва қадр-қимматга эга шахс сифатида кўриш лозим.
Модомики шундай экан, нега меҳнат шартномалари тўлиқ ва шаффоф тарзда муҳокама қилинмади? Нега фуқаролар сафари бошланишидан аввал уларнинг қўлига тегадиган маблағаниқ ҳисоблаб берилмади? Нега «муносиб иш ҳақи» дегантушунча амалий рақамларга келганда мутлақо бошқача кўриниш олди? Энг асосийси, нима учун одамлар аввал ишга юборилиб, муаммоси кейин эшитиляпти?
Ҳа, бу саволлар энди кечиккан бўлиши мумкин. Аммо кейинги ҳолатларда Миграция агентлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва меҳнат миграцияга боғлиқ барча ташкилотлар бу борада масъулиятни ҳис этишлари шарт.
Гулрухбегим Одашбоева,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0