3 ойда юз мингдан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтган
Бугун, 10 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишича, Президент Шавкат Мирзиёев, жумладан бандлик ва аҳоли даромади масаласи хусусида тўхталди.

Давлат раҳбари ушбу масалалар биринчи даражали аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлаб, бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди.
Шу билан бирга, яна бир муҳим масала – тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси масаласига эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келган. Йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши прогноз қилинмоқда.
Уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берилди.







