«МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ БИЛИМДОНИ» РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИГА СТАРТ БЕРИЛДИ!

Танловнинг асосий мақсади — касаба уюшмалари тизими ходимларининг меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини ошириш, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Кимлар иштирок этиши мумкин?
Танловда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда Федерация аппарати ходимлари иштирок этиши мумкин.
Танлов қандай ўтказилади?
Танлов икки босқичда ташкил этилади.
Биринчи босқич — саралаш босқичи. У 2026 йил 5–10 октябрь кунлари махсус электрон платформа орқали онлайн шаклда ўтказилади. Танлов платформаси: https://tanlov.kasaba.uz. Платформа иштирокчилар учун 2026 йил 5 октябрь соат 00:00 дан фаоллаштирилади. Саралаш босқичида иштирокчиларга меҳнат ҳуқуқига оид 30 та тест саволи тақдим этилади ва уларни бажариш учун 30 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 1 балл билан баҳоланади. Якуний натижалар бўйича энг юқори балл тўплаган 30 нафар иштирокчи республика босқичига йўлланма олади.
Иккинчи босқич — республика босқичи. У 2026 йил 14–16 октябрь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси биносида ўтказилади. Республика босқичида ҳар бир иштирокчи билет асосида 2 та назарий савол ва 1 та амалий казус бўйича ўз билимини ва ҳуқуқий таҳлил қилиш кўникмаларини намойиш этади. Узрли сабабларга кўра танловда бевосита иштирок этиш имконияти бўлмаган иштирокчиларга Республика комиссиясининг рухсати билан видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш имконияти берилиши мумкин.
Ғолибларни қандай совринлар кутмоқда?
Танлов ғолиблари қуйидаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади:
I ўрин — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлардан бирига икки кишилик йўлланма;
II ўрин — ноутбук;
III ўрин — планшет.
Республика босқичининг бошқа иштирокчилари ҳам махсус сертификатлар билан тақдирланади.
Меҳнат ҳуқуқини яхши биласизми? Ўз билимингизни синаб кўринг!
2026 йил 5 октябрдан бошлаб https://tanlov.kasaba.uz электрон платформаси орқали танловда иштирок этинг ва «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» бўлиш учун ўз салоҳиятингизни намоён қилинг!







