Меҳр - инсониятнинг энг қудратли кучи
Инсон қалби меҳр билан яшайди. Бугун эса одамларнинг қўлида энг замонавий телефон бор, у юзлаб кишилар билан виртуал мулоқотда бўлади, лекин ён қўшнисининг дардидан бехабар.

Ҳа, меҳр-оқибатнинг сусайиши замонавий жамиятнинг энг долзарб ижтимоий-руҳий муаммоларидан бирига айланмоқда. Буни оилавий муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Кейинги йилларда ажримлар камаймаяпти. Расмий статистикада фақат юридик ажримлар акс этади, амалда бир том остида яшаб, қалбан бир-биридан узоқлашган ёки йиллар давомида алоҳида ҳаёт кечираётган оилалар ҳам оз эмас. Бундай муҳитда улғайган фарзандлар меҳр ва эътибор танқислигини ҳис этиши табиий.
Қариндошлик туйғулари сўниб, қўшничилик қадри пасайиб, инсонлар бир-бирининг дардига бефарқ бўлиб қолса, энг замонавий шаҳарлар ҳам уларга бахт улаша олмайди. Афсуски, бугун кекса отаонасидан ойлаб хабар олмайдиган фарзандлар кўп. Бир хонадонда яшаб, бир-бирининг кўнглига йўл тополмайдиган оилалар бор. Ёлғизликдан азоб чекаётган қариялар, меҳрга муҳтож болалар, бир оғиз ширин сўзга зор бўлганлар сафи кўпайиб бораётгани эса жамият учун жиддий огоҳлантиришдир. Зеро, меҳр – инсониятнинг энг қадимий ва энг қудратли кучи. Унинг ўрнини сунъий интеллект, энг замонавий технология ёки моддий бойлик ҳам боса олмайди.
− Меҳр танқислиги тараққийлашган замонамизнинг энг катта муаммосига айланмоқда, − дейди психолог Жалолиддин Фахриддинов. − Бугун иқтисодиёт ҳақида кўп гапирамиз, рақамлаштириш, инвестиция, инновация, экспорт, технологиялар ҳақида мунтазам фикр юритамиз. Бу, албатта, тараққиёт учун зарур. Аммо жамиятнинг маънавий «иқтисодиёти» ҳақида-чи? Оддий бир мисол, йил сайин ажримлар кўпаймоқда.
Кейинги беш йилга назар солсангиз, уларнинг ўртача кўрсаткичи 20 мингдан камайгани йўқ. Статистикада фақат юридик ажримлар акс этади, амалда эса йиллаб алоҳида яшаётган, расман никоҳдан чиқмасдан бузилган оилалар қанча... Демоқчи бўлганимиз, уларда фарзандлар ота меҳрига ташна бўлиб улғаймаяптими? Аксар оналар болани отасига кўрсатмасдан собиқ ёстиқдошларини жазолаши урфга айлангани-чи? Меҳрсиз тарбияланган бола эртага жамиятга меҳр улаша олармикан?.. Қариндошлик ришталари сусайса, қўшничилик қадри йўқолса, инсонлар бир-бирининг дардига бефарқ бўлиб қолса, бундан ёмони бўлиши мумкинми?
Қолаверса, меҳр-оқибатнинг қадри фақат оиладагина эмас, маҳалла ва жамият ҳаётида ҳам намоён бўлиши керак. Қўшничилик, қариндошлик алоқалари барқарор бўлган юртда инсон ўзини ҳеч қачон ёлғиз ҳис қилмайди. Бироқ ҳаёт суръатининг тезлашуви, виртуал мулоқотнинг реал муносабатлар ўрнини эгаллаши одамларни бир-биридан аста-секин узоқлаштирмоқда.
Ҳолбуки, меҳр инсон учун оддий ҳис-туйғу эмас, ҳаёт эҳтиёжидир. Илмий кузатишлар ҳам инсонга кўрсатилган эътибор ва самимий муносабат унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилишини тасдиқлайди. Демак, баъзан бир самимий қучоқ, бир оғиз далда ёки холис ҳолаҳвол сўраш инсонга энг қимматбаҳо совғадан ҳам кўпроқ куч бағишлаши мумкин. Чунки, инсон қалби фақат меҳр билан илийди, ишонч билан мустаҳкамланади.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»







