Навоий вилоятида ягона бўлган «туннель» ҳожатхонага айланган
Навоий вилоятининг Кармана тумани йилдан-йилга чирой очмоқда. Аммо, афсуски, ана шу чиройга доғ бўлиб тушаётган хунук манзаралар ҳам борлиги айни ҳақиқат. Бундай манзараларга эътиборсизлик бўлётгани ачинарлидир.
Шу кеча-кундузда вилоят ҳокими туманларда амалга оширилаётган ишлар, аҳолига яратилаётган қулайликлар билан танишмоқда. Халқ дардига қулоқ тутиб, уларга ечим топмоқда. Ҳаммаси яхши, аммо…
Афсуски, вилоят ҳокими ташриф буюрадиган объектлардагина куну-тун иш ташкил қилинган. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Бироқ режага киритилмаган айрим жойлар хароблигича қолмоқда. Масалан, Кармана туманидаги «автовокзал» рўпарасидан ўтган ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги.
Бу йўлак вилоятда ягона ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги бўлиб, у бир вақтлар автомобиль серқатнов бўлган катта йўлдан ўтиш учун энг хавфсиз жой эди. Чунки ўша вақтлар йўлакда пойабзал таъмирловчи косиблар, мева-чева, майда-чуйда сотадиган савдогарлар фаолият кўрсатарди. Шу боис ер ости ўтиш йўлаги доим озода ва тоза бўлган. Лекин кейинчалик косиблар, сотувчилар кўринмай қолди. Ҳамма бало ўшандан кейин бошланди. «Туннель» алкашлар ва бошқалар учун ҳожатхонага айланди.
Узоқ вақт ташландиқ ҳолатда турган «туннель»нинг қайта таъмирлана бошланганидан одамлар хурсанд бўлишганди. Лекин хурсандчилик узоққа чўзилмади, ҳаммаси «эски ҳаммом, эски тос»лигича қолди. Ер ости ўтиш йўлаги ҳожатхона сифатида «хизмат кўрсатяпти». Унинг аянчли аҳволи ҳамон эътибордан четда қоляпти.
Назаримизда, Кармана тумани масъуллари, туман фаоллари ва ободончилик бўйича мутасаддилар бу ердан ўтишмаса керак. Агар ўтишганида, ҳолат ўзгарарди.
Умид Худойқулов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0