Бахтнинг эгри чизиғи ўзгардими?
Бахтсиз авлод деганда кўз олдимга Эрих Мария Ремаркнинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» асари келади. Чунки эндигина 17-18 ёшга тўлган, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган йигитларнинг беғубор ёшлиги шавқатсиз урушда барбод бўлади.
Аммо «Бахтсиз авлод» жумласининг маъноси бугунги кунда тубдан ўзгарган. Бу ҳақда «Fortune» журналида эълон қилинди. Унда ёзилишича, Гарвард ва Бейлер университетлари олимларининг 22та давлатда 200мингдан зиёд инсонлар ўртасида ўтқазган тадқиқоти орқали аён бўлдики, бахтнинг эгри чизиғи ўзгарган.
Аниқроғи, ҳеч қандай урушларсиз Z авлоднинг қувонч ҳисси йўқолиб бормоқда. Ҳа, гап Z авлод ҳақида кетяпти. Бу авлод 1997-2010-йилларда туғилган болаларни ичига олади. Келинг, узоққа эмас, ўз юртимиздан гапирамиз. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва уларнинг ичидаги ҳар-хил ҳақиқатдан йироқ бўлган кўз-кўз қилишлар, оилавий муаммолар, моддий етишмовчилик ва севгидаги айрилиқлар баъзи бир иродаси паст ёшларимиз учун "ажойиб депрессия" бўлиб хизмат қиляпти. Лекин юқорида келтирилган муаммоларнинг аксарияти аввалги авлодларда йўқмиди? Албатта бўлган, аммо нега айнан Z авлод бахтсиз? Чунки 18 ёшидаёқ «Йигитларнинг машинаси, уйи, иши бўлиши керак», дейдиган қизлар, кўчада ва уйда бошқа-бошқа инсонга айланадиган йигитлар, икир-чикирларигача оммага олиб чиқиб, "Ман мақтанмаяпман, шунчаки, сиз билан бўлишгим келди" дейдиган мақтанчоқлар, эҳҳе… Санасанг чарчайсан киши.
Айнан шу каби ҳолатлар урчиб кетди. Биргина мисол, skill uzb номи остида Pubg ўйини ўйнайдиган боланинг ортидан бир гала 14-15 ёш атрофидаги болалар чопиб юрибди. Биттасидан нега йиғлаяпсан, деб сўраса, илтимос, ака, бир қўл ўйнайлик, дейди. Шуми, биз улғайтираётган Темурийлар авлоди? Шуми, Бобурийлар авлоди? Ҳа, афсуски шулар.
Келинг, энди ёшларимиз нега бундай аҳволга тушиб қолаётгани ҳақида ҳам гаплашсак. Ҳолатда ота-оналарнинг ҳам қисман айби бор. Аммо тўлиқ айблаб бўлмайди. Психолог Шаҳло Орифхўжаеванинг таъкидлашича, юқорида айтилган «қисман айбдорлик»нинг бир нечта сабаблари мавжуд. Биринчидан, «Ота-оналарнинг ўзлари қандай муҳитда катта бўлишган?» деган саволни ўртага ташласак. Ҳозирги кундаги ота-оналарнинг 70-75 фоизи СССР даври охирларида туғилган инсонлар. Уларнинг ота-оналарининг аксариятининг асосий мақсади еб-ичиш ва ишлаш бўлган. Афсуски, улар улғайган фарзандларига бола тарбияси ҳақида оз бўлса ҳам ўргатишмаган. Ўзлари кўр-кўрона ёки менталитетимиздан келиб чиқиб тарбия беришганидек, уларнинг бугунги кунда ота-онага айланган фарзандлари ҳам шундай йўл тутишмоқда.
Фарзанд тарбиялаш борасида керакли билимга эга эмас. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар уларни ҳам, уларнинг фарзандларини ҳам «забт» этган. Оқибатда оилаларда, ота-она ва фарзандлар ўртасида мулоқот камайиб кетган.
Болалар ўзларини атрофида яқинлари бўла туриб, ёлғиз ҳис этишмоқда. Меҳр-эътибор етишмаяпти. Бир сўз билан айтганда, олдинги авлодларга қараганда ҳозирги болалар анча бахтсизроқ.
– Бир жиҳатдан замон ҳам ўзгариб бораяпти. Кечаги кун бугунги кунга тўғри келмайди. Тўғри тарбия шундай қолади, дейишимиз мумкин. Аммо бугунги кун болаларининг дийдаси интернет сабаб қотиб кетябди. Шу боис уларга кўпроқ ва самарали вақт ажратиш зарур. Сабаблардан яна бири, авлоддан-авлодга ёмонлашаётган экологиядир. Бу соғлиққа, шу билан бирга кайфиятга ҳам таъсир қилади. Демак, бугун нафақат болаларимиз тарбиясига балки бизни ўраб турган теварак атрофга ҳам беэътибор бўлмаслигиз зарур. Халқимизда “Огоҳлик давр талаби” деган яхши нақл бор. Бугун ҳар доимгидан ҳам огоҳ бўлайлик. Ўзимиз, келажагимиз ва фарзандларимиз учун, – дейди психолог.
Муродилла УРДУШЕВ
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0