Ҳомиладор аёл ишда ўз вазифаларини бажара олмаса...
Ҳомиладор ходим ишда ўзига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажара олмаяпти. Раҳбар томонидан унга қайта-қайта огоҳлантириш берилди, аммо фойдаси бўлмаяпти. Бошқа ишга ўтказишнинг ҳам имкони йўқ. Мана шундай ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми?
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов ушбу саволга жавоб берди.
❌ Меҳнат кодекси 408-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.
❌ Яъни бу дегани ҳомиладор аёл ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузса ёки ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузган тақдирда ҳам, ҳомиладор аёл билан МК 161-моддаси 2-қисмининг 4 ва 5-бандлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.
✅ Бу дегани ҳомиладор аёлга умуман интизомий жазо қўллаб бўлмайди дегани эмас. Иш берувчи меҳнат интизомини бузган ҳомиладор аёлга МК 312-моддасидаги ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима, агар ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган ҳолатларда эса ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима жазоларини қўллаши мумкин. Фақатгина меҳнат шартномасини бекор қилиш (МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандлари) тарзидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли эмас.
⚠️ Диққат! Жиноят кодекси 148-моддаси 2-қисмига кўра, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0