Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 803.0626

  • EUR

    13 902.84-17.77

  • RUB

    131.840.4

+3C

+3C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+3c

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 18-October

+3C

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • Juma, 18

    +3 +20

  • Shanba, 19

    +4 +20

  • Yakshanba, 20

    +6 +20

  • Dushanba, 21

    +9 +20

  • Seshanba, 22

    +12 +20

  • Chorshanba, 23

    +10 +20

  • Payshanba, 24

    +7 +20

  • Juma, 25

    +3 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қўш устунимнинг бири (9-қисм)

Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
125 13:52 | 17.10.2024 13:52

Камсамол”


Ўзбекнинг тўй-маъракаси кўпчилик билан ўтади. Бунақа пайтда қўни-қўшни ҳам, қариндош-уруғ ҳам қараб турмайди. Ҳеч ким амали ёки ёшини пеш қилиб, ўзини четга тортмайди. Барчаси бирдек елиб-югуради, биров айтмаса ҳам, ишини билиб-билиб қилиб кетаверади. Ҳар маҳалланинг ўз ошпази, ўз самоварчиси, ўз кайвониси бўлади...


Онам вафотининг учинчи куни, таомилга кўра, худойи ўтказадиган бўлдик. Унга олдиндан пухта ҳозирлик кўрдик. Кечга томон ёру биродарларни маслаҳатга йиғдик. Қай бировимиз ўтин ёриб, ўчоқ кавладик. Қай бировимиз сабзи-пиёз тўғраб, гўшт нимталадик. Хуфтонга яқин тонгги юмушларни ўзаро тақсимладик. Энг асосий вазифа – ош пишириш одатдагидай Қўзивой аканинг зиммасига юклатилди. У отамнинг бўлаваччаси. Асл касби – монтёрлик. Қўшимча ҳунари – ошпазлик. Катта-кичик давраларда, кези келса, икки-уч қозонлаб, ош дамлайди. Ҳамма унинг қўли ширинлигини мақтайди. Кўпчилик бекордан бекорга ҳар кимга ҳам тан беравермайди.


Чой қайнатиш масаласи эса андак баҳсга сабабчи бўлди. Ўзимизга қолса, бу ишни ёш-ялангларга топширмоқчи эдик. Бироқ Қўзивой ака кўнмади.


– Ага-а-ар мани гапимга кирсаларинг, – деди салобатига ярашиқли сариқ мўйловини силаркан, ҳар сўзини салмоқлаб, – самоварди шу-у... мани оғайним Камсамолга берсак. – У саволга ҳожат қолдирмай, тиқмачоқдек бармоқларини навбатма-навбат букиб санай кетди. – Авваласи, биласизлар, бечоранинг кўнгли яримта. Ўзини элди хизмати билан овутиб юради. Қолаверса, икки ҳафтадан ошдимикин-уч ҳафта бўлдимикин, райцентрдаги баннисада ётувди. Кеча пешиндан кейин чиққан эмиш...


Қўзивой ака шундай деди-ю, нимадандир хижолат чеккандай, бир зум жим қолди. Этдор лунжини силаб, оғир хўрсингач, ростига кўчди.


– Тирикчилик қурсин, шунақа вақтларда гоҳо рўзғор ташвишларини, гоҳо бошқа нарсаларни баҳона қилиб, одамгарчиликниям унутворамиз. Мана, биттаси ўзимми?.. Оила юмушларига кўмилиб, Камсамолди кўргани боролмадим. Ҳойнаҳой, ўпкалаб юрган бўса керак. Бундан ташқари, у сизларга қариндошлигимдан яхши хабардор. Хизматга айтмасак, қаттиқ хапа бўлади. Дарров одам қаторидан чиқариб қўйибди, деб мандан гумонсирайди. Учинчидан, худойи – катта маърака! Унда чой етказиб беришни Камсамолдан бўлак унча-мунча одам уддалай олмайди...


Қўзивой аканинг ташвишланиши ҳам, зўр бериб ўз гапини маъқуллаши ҳам бежиз эмас. ”Камсамол” деганимиз унинг тенгдоши. Уйи бизникидан уч кўча пастда. Исми – Абдурайим. Қўзивой ака билан болалигидан ўртоқ. Қишлоқ аҳлининг таъбирича, улар борлигида бир-бирини кўролмайдиган, йўқлигида бир-бирисиз туролмайдиган қадрдонлар. Сиртдан қараган ёки дафъатан иккисининг суҳбатини эшитган одам бу гапга ишонмаслиги тайин. Чунки улар ташқи кўринишларидан ҳам, туриш-турмушларидан ҳам бир-бирларининг тамоман акси. Қўзивой ака оқ-сариқдан келган, кенг елкали, барвастақомат киши. Ўғил-қизлари кўп, неваралари бир этак. Доимо саранжом-саришта кийиниб, соч-соқолини чиройли қиртишлаб юради. Арчилган тухумдай сип-силлиқ, лўппи юзларидан қон томиб туради.


Абдурайим ака эса, паст бўйли, қўл-оёқлари калтабақай, ушоққина одам. Ранг-рўйи қоп-қора. Пешонасини тарам-тарам ажин қоплаган. Бурни чўмичдай. Ҳазилкашларнинг гапича, ўзидан олдин бурни юради. Кийинишиям ҳаминқадар. Қачон қараманг, эгнида ғижим костюм-шим, ёқаси дазмол кўрмаган кўйлак. Бошида шунга монанд эски дўппи, оёғида ранги униқиб кетган ботинка. Ўлганнинг устига тепгандай, бояқишнинг бахти юришмаган. На хотини, на бола-чақаси бор. Кўз очиб кўрган ёстиқдоши билан бир йилгина яшаган. У хиёнат йўлига кириб, жазманининг этагидан тутиб кетганидан буён сўққабош.


Айтишларича, Абдурайим аканинг отаси узоқ йиллар аввалги қаттиқ қишда бевақт вафот этган. Ўтин ғамлаб келиш учун тўқайга ўтган-у, қайтишида муз ёрилиб, Сирдарёга чўкиб кетган. Вақти-соати етиб, онаси қайта турмуш қурган. Эндигина тили чиққан болакай ёлғизгина бувисининг қўлида қолган. Кўпинча оч-наҳор юрганидан кўп дардга чалинган. Сал нимжонроқ, сал ношудроқ бўлиб ўсган. Мактабга кеч борган. Аранг саккизинчи синфгача ўқиган. Ўн беш-ўн олти ёшида ишга кирган. Дастлаб колхоз боғида қоровуллик қилган. ”Камсамол” лақабини ўша кезлар орттирган. Бунинг ўзига хос тарихи бор.


У вазифасини ҳалол ўтайди. Боғга бегоналарни асло йўлатмайди. Ҳатто бир оқшом бош ҳосилот нозик меҳмонлар”и учун сўраттириб юборган икки челак узумни ҳам ҳужжатсиз бермайди. Кўпчиликнинг ҳақига хиёнат қилолмайман”, дея туриб олади. Хижолатда қолган ҳосилот эртаси куни ҳамманинг олдида унга дўқ уради. Сани бўш-баёвгина бола кўриб юрсам, ўзи ҳам емайдиган, бировга ҳам едирмайдиган зиқна – ғирт камсамол экансан-ку!” дейди.


Шу-шу унинг Абдурайим исми унутилиб, ёшу қари – барчанинг тилида ”Камсамол” бўлиб кетади. Ўзи қишлоқ аҳли учун ҳалоллик тимсолига айланади. Албатта, буни кимдир тўғри, кимдир кесатиқ маънода тушунади.


Абдурайим ака ҳозир ҳам бувисидан мерос бўлиб қолган кулбада бир ўзи яшайди. Лекин ҳеч кимга тақдиридан нолимайди. Ҳеч қачон Пешонам нега бунча шўр?” демайди. Одамлардан ўзини олиб қочмайди. Ҳовлилар ёки уйлар олдида ўтказиладиган тўй-маъракаларда, Қўзивой ака айтмоқчи, бажонудил хизмат қилади. Асосан битта вазифани бажаради. Ўртоғининг қозони ёнбошига самовар қўйиб олиб, чой қайнатади. Эвазига ҳақ сўрамайди. Ким нима берса, индамайгина олиб кетаверади. Лекин, Бенуқсон – Парвардигор!” деганларидек, сал ғашга тегадиган одатлари ҳам бор. Биринчиси – ҳар икки сўзининг бирига русча аралаштириб гапиради. Бу ҳам етмагандай, нуқул Билдингми?”, Тушундингми?”, Эшитдингми?” дея қайта-қайта сўрайверади. Иккинчиси – тўйларда хизмат асноси яхшигина “отади. Айниқса, никоҳ базмларида ошириб юборади.


Ошириб юборгани шуки, ўйин-кулги айни авжига чиққан пайтда жанговар пост”ини унутиб қўяди. Иккита катта алюмин човгумни кўтариб олиб, даврага тез-тез кириб чиқаверади. Чой тарқатищ баҳонасида ҳали у-ҳали бу сўрида ўтирганлар олдига бориб, қиттак-қиттак отаверади. Кайфи ошгач, ташриф”ининг бадиий қисмига ўтади. Тўппа-тўғри келин-куёвнинг рўпарасига боради-да, човгумларни бўйи баробар кўтарганча тош қотади. Худди шу лаҳза мусиқа тинади. Даврада шивир-шивир болалайди. У ён-бу ёндан ҳангоматалабларнинг луқмалари қулоққа чалинади:


Ҳа, яша-а-а-анг, бормисиз, Камсамол!..


Қани-қани, “Қайноқ човгум рақси”ни бир томоша қилайлик-чи!..


Абдурайим ака талабларга биноан” мамнун бош силкитади. Қаддини букиб, келиннинг дугоналарига чуқур таъзим қилади. Шўх куй чалиниши биланоқ аста-секин жонланади. Турган жойида гоҳ қошларини учириб, гоҳ елкаларини қимирлатиб, муқом қила бошлайди. Чор тарафни маст-аластларнинг ҳайқириқлари босиб кетади:


– Э, cира бўш кеманг, дадилроқ бўлинг, Камсамол!..


– Кўп ўйланманг, энг чиройлисини даврага тортинг, балли, Камсамол!..


Бўйни йўғонлиги туфайли донг таратган Сафар калла катта”нинг ҳазили ҳамманикидан ошиб тушади:


– Энди бизни уялтирманг, ака. Ўйнаш қанақа бўлишини меҳмонларга қойиллатиб кўрсатиб қўйинг... Кейин сизни ўзим хурсанд қиламан.


Эркаклар даврасида қийқириқ аралаш кулги кўтарилади. Хотин-халаж қарғаниб, юзини тескари буради. Қизлар дув қизариб, ерга қарайди. Абдурайим ака эса пинак бузмайди. Бояги алфозда икки-уч сония қилпиллагач, репертуар”ини кескин ўзгартиради. Майда қадамлар билан ўртада чарх ураётган раққосага яқинлашади. Унинг атрофида гир айланиб, басма-басига шох ташлашади. Даврада аввалгидан-да шодонроқ қийқириқлар янграйди:


– Дидингга қойил, қандингни ур, Камсамол! Фақат эҳтиёт бўл, қизгинани куйдириб қўймагин тағин...


Қизиғи шундаки, Муножот” чалинаяптими ёки Лазги”, Абдурайим акага фарқи йўқ. Дуч келган куй-қўшиққа бир хилда ер тепиб ўйнайверади. Аммо, қойил қолиш керак, ҳар қанча сархуш бўлмасин, қанчалик тез чир айланмасин, қўлидаги човгумларни тушириб юбормайди. Удардаги чойнинг ақалли бир томчисни ҳам ерга тўкмайди. Фақат охирги дақиқаларда кўзида билинар-билинмас ёш йилтиллайди.


Чамамда, у ўйнаб туриб йиғлайди, йиғлаб туриб ўйнайди. Сабабини ҳамма билади, ҳамма тушунади. Шунданми, нозикбадан, навниҳол ўйинчи қиз билан ҳабашдай қоп-қора, пакана одамнинг бирга рақс тушиши шоҳи сўзанага солинган чипта ямоқдек хунук кўринса-да, бировга эриш туюлмайди. Ҳеч ким бояқишни сархушликда топган жимитдеккина қувончидан мосуво қилишни истамайди.


Абдурайим ака ўйнаб-ўйнаб чарчагач, секингина тўйхонани тарк этади. Орқа-олдига қарамай, тўғри уйига кетади. Уни кўпинча аллақачоноқ лаш-лушини йиғиштириб улгурган Қўзивой ака кузатиб қўяди. Ёлғизлигини билдирмасликка уринади.


Мана, ҳозир ҳам шундай қилди – “минг йиллик” ўртоғини унутмади. Унинг қистови билан чой қайнатишга Абдурайим акани айтадиган бўлдик. Бу ҳақда хабар етказиш менинг чекимга тушди...


Унинг кўчасида чироқ ўчиб қолган экан, уйидан ҳаяллаб чиқди. Икковлон тўлин ой ёруғида – шундоққина дарвоза вазифасини ўтовчи четан тўсиқ олдида учрашдик. Қисқа салом-аликдан сўнг мақсадга ўтдим.


– Так, шунақа дегин... – У алланечук паст-ҳорғин овозда тилга кирди. – Ман санга айтсам, ўзи буёғи жа пазор бўп кетди, – деди хўрсиниб. – Сизларникига потиҳага ўтолмадим. Ўзиям ўн беш кундан бери проста касал бўп, баннисада қора таппакдай ётувдим. Кеча чиқишга рухсат тегди. Абеддан кейин уйга келдим. Кечқурун манови Абдураҳмон қўшним ҳол сўраб чиқувди, азадор бўп қоганларингни ундан эшитдим. – Абдурайим ака шу зайл узр изҳор этгач, елкамга дўстона қўл ташлади. – Так что, хавотирланма, раз ҳурматимни қип айтдингларми, абизатилно бораман.


Раҳмат айтиб, изимга бурилаётгандим, у енгимдан ушлаб тўхтатди.


– Аммо-лекин-чи, мусулмончиликда тўлка ростини айтиш керак, – деди шаҳодат бармоғини осмонга ниқтаб. Сани отанг маладес одам эди. Между прочим, онанг ҳам ништяк, золотой кампир, билдингми? Так что, оилаларингга ҳурматим баланд. Это значит, хизматга безотказ бораман. Соат ровна иккида уйларингда бўламан, эшитдингми? Самий главнийниси, сизлар самоварни сувга тўлдириб, ўтинни тайёрлаб қўйсаларингиз, всё! Қолгани мани абязанностим, тушундингми?..


Абдурайим аканинг отам ҳақида ўтган замон, онам ҳақида ҳозирги замон феълида гапирганига ҳайрон бўлдим. Бироқ шошаётганим учун сабабини суриштириб ўтирмадим.


У, ваъда берганидек, соат тунги “ровна” иккида кириб келди. Дарвозахонада ўзим қаршиладим. Ичкарига бошлаётиб, сездирмай разм солдим: уст-боши ўша-ўша. Аммо соқол-мўйловини қиртишлаб олибди. Олмос ўткирлик қилиб кесиб юборганми, иягига бир тийинлик чақадек қоғоз ёпиштирилган. Эгнидан, ҳаво совуқ бўлса-да, арзон атир ҳиди уфуриб турибди.


У бостирмадан ўтиб, пешайвонга кирди. Оёқ кийимини ечишга эринди шекилли, кўрпачанинг бир четини қайириб, пойгакка чўккалади. Шоша-пича пичирлаб, дуо ўқиди. Юзига фотиҳа тортгач, менга юзланиб, ҳамдардлик билдирди:


– Энди... хапа бўмайсан, оғайни, бандалик бу. Парвардигорнинг иродаси шунақа. Ишқилиб, гўрлари нурга тўлсин, жойлари жаннатда бўсин! Яратганнинг ўзи сизларга сабр-тоқат берсин!


– Айтганингиз келсин... – Мен кўнглим бўшашиб, бошимни қуйи солдим.


– Бўмаса, ман турай, – Абдурайим ака чаққон ўрнидан қўзғалди. – Первий очередда мачитдан чоллар келишади. Уларга ошданам кўра чой важнийроқ, тушундингми? Карочи, ҳозирданоқ самоварни гуриллатиш керак!


Абдурайим ака йўл-йўлакай гапириб, ҳовли бурчагидаги самоварлар тарафга юрди.


– Э-э, ўртоқ Камсамол, бормисан? – Ўзи ўрнатган уч юзлик лампочка ёруғида қозон юваётган Қўзивой ака уни кўргани ҳамоно ишидан бош кўтарди. Қўлини елкасидаги қуруқ сочиққа артиб, қадрдонининг истиқболига пешвоз чиқаркан, тегажоқлик қилди. – Бу, охирги пайтларда нега кўринмай қолдинг десам, бурга тепган эканда-а? Баҳай, бутунлай тузалиб кетдингми ё ҳалиям чаласи борми?


Сездим, унинг ялтоқланиши Абдурайим акага ёқмади. Аразини яширмай, юзини терс ўгирди. Қўзивой аканинг сўрашиш учун узатилган қўллари ҳавода муаллақ қолди.


– Оббо, гинанг зўр-ку! – Қўзивой ака сир бой бермаслик пайида бўлди. – Тўғри, – деди сўзида давом этиб, – сани олдингда ка-а-атта гуноҳкорман. Ишдан ортиб, вақт тополмадим. Шунга шунчами энди?


– Эмасам-чи!?. – Абдурайим ака темирни иссиғида босди. – Озмас-кўпмас, безпериревно икки ҳафта ана кетдим-мана кетдим бўп ётсаму, бирров хабар омаса, тағин ўртоқмиш бу...


– Бўпти-бўпти, одамни ҳадеб янийверма, – Қўзивой ака уни муросага чақириш баҳонасида баттар ачитди. – Кейинги сапар касал бўсанг, айтиб кет. Бориб кўришам гапми, бошингда ўтирволиб, оғзингга сув томизмаган номард.


Шубҳасиз, қалтис ҳазил Абдурайим аканинг жон-жонидан ўтиб кетди.


Ҳов, манга қара, малла! – деди қўлини пахса қилиб. – Ким олдин ўлиб, ким кейин қолишини Худо билади, тушундингми? Сан манга ғамхўрлик қимай қўя қол. Вообщемто, – деди титраб-қақшаб, – бировга ўлим тилагандан кўра, ўзингга умр тила. Ҳеч бўмаганда, светти тузатиб қўй, хўпми? Сан галварснинг касрингга ҳозир вес кўча қоронғида қолиб, гўрингга ғишт қалаяпти, билдингми?


– Ў-ў, жа-а нозик жойимдан олдинг-ку, лилипут, – Қўзивой ака отдан тушса ҳам эгардан тушмади. – Қоранинг қони чиққунча сариқнинг жони чиқади, дейишарди. Сан озиб-ёзиб бир мартагина касал бўпсан-у, айнибсан-қопсан. Қара, аччиғинг нақ бурнингди учида-я.


У Бопладимми?” дегандай, менга кўз қисиб қўйди. Абдурайим аканинг эса росманасига жаҳли қўзиди. Қўлидаги тарашани силкитиб, Қўзивой акага хезланди:


– Нима? Нима дединг, сариқ маймун? Сан ўзи нега пастаянно мани ерга урасан? Нега Худо берган бурнимни калака қиласан? Ҳе, ўша пиширган ошингдан...


Қарасам, ўйиндан ўқ чиқиб, ҳазил зилга айланадиган. Ўзимча Абдурайим акани юпатдим:


– Кўнглингизга олманг, ака, от тепкисини от кўтаради. Жўрангиз ҳадди сиққанидан ҳазиллашаётгандир-да.


– Ким, шу-я? Шуям жўрами? – Абдурайим ака самовар қопқоғини тўғрилаётиб, лабларини аламли буриштирди. – Йўқ, сто процент настояший душман бу. Ҳалиги, отинг қурғур фрицданам беш баттар сволич бу, тушундингми? Ман бу ерга унинг сассиқ гапини эшитганимас, чой қайнатиб, одамларди дуосини огани кеганман, билдингми?


У ”Гапим тамом!” дегандай, зарда аралаш қўл силтади-ю, самоварга ўтин қалашга тутинди. Мен ҳам бошқа ишларга уннаб кетдим...


Ниҳоят, чой қайнаб, ош дам еди. Тунги изғирин босилиб, ҳаво илигандай бўлди. Тонг бўзарар-бўзармас, уйимизга одамлар тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Биз – хизматдагилар қўлимиз-қўлимизга тегмай, ишга киришдик. Бир маҳал қариялар ўтирган тўрдаги уй бўсағасида отам кўриниб, овоз берди:


Ҳов, Камсамол! Чолларга тўрт чойнак аччиққина кўкидан бўсин!


– Есть, товариш командир! – Абдурайим ака ҳозиржавоблик ила илкис бош кўтарди-ю, қўққисдан дами ичига тушиб кетди. – Ё, Баҳовиддин! Ё, қудратингдан! – деди кейин кўзлари ола-кула бўлиб. – Отам ичкарига кириб кетгач, ажабсиниб менга юзланди. – Ҳозир чой сўраган ким эди, случайно, отангмасми?


Ҳа, отам! Нимайди? – Ҳеч нарсани тушунмай сўз қотдим.


– Йўғ-е, неужели?.. – У бўшашиб, чинни чойнаклар териб қўйилган хонтахта четига ўтириб қолди. – Бу қанақаси? – деди қизариб-бўзариб. – Ахир отанг... – Бир оз талмовсирагач, ишонқирамай сўради. – Манга қара, чеснийсини айт, бу ўзи сани киминг қазо қилган – отангми ёки онанг?..


Кутилмаган саволдан ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ошни буза бошлаган Қўзивой акага эса Худо берди.


– Эй, галварс, – деди белкуракдай капгири билан гўштларни абжир илиб, тоғорага ташларкан, – сал анақароқ бўп қогансан, десам, тан олмайсан. Энди айт-чи, айнимаган бўсанг, ўлган бир ёқда қолиб, тирик одамди жанозасини ўқирмидинг? Оббо, Камсамол-ей...


Қўзивой ака сўзини тугатар-тугатмас, ўчоқбошида енгилгина кулги кўтарилди. Мен нима қиларимни билмай, Абдурайим акага ўгирилдим. Ўгирилдиму, ҳайрат ичра қотиб қолдим. Шу тобда устма-уст тахланган ғўлалар устига беҳолгина ўтириб қолган самоварчи мен билган Абдурайим акага заррача ўхшамасди. У жўмракдан оқаётган қайноқ сув чойнакдан тошиб ерга сингиётганини гўёки кўрмасди. Ўртоғининг пичинггига ҳам, атрофдагиларнинг кулгисига ҳам парво қилмай, жимгина ўтирар, афтидан, бутун дунёни унутган, ўзи билан ўзи овора эди. Кетма-кет ғудранганча нуқул икки жумлани такрорларди:


– Эсиз, шундай золотой кампир! Эсиз, шундай мировой хотин!..


Анчадан сўнг у бошини кўтариб, ёш тўла кўзларини менга қадади:


– Ахир, ўн кунча бурун мани кўргани баннисага боргандилар. Ўшанда соппа-соғ юргандилар-ку! Нега энди...


Абдурайим аканинг овози қалтираб кетди. Кейин ўрнидан тура солиб, менинг бўйнимга осилди.


– Биласанми, – деди ёш боладай ҳиқиллаб, – вес қишлоқда единственно сани онанг мани исмимни тилга олиб гаплашардилар. Тем более, оғзиларини тўлдириб, Абдурайим полвон, дердилар. Сабабини сўрасам, ”Ном – номус! Ҳар кимди ота-онаси қўйган исми билан аташ инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз,” деб тушунтирардилар. Хўш, энди-чи?..


Унинг ўпкаси тўлиб, елкалари силкина бошлади.


– Энди касал бўсам, ким мандан хабар олади?.. Энди ким ҳақиқий отимни айтиб чақиради?.. Ким мени Абдурайим полвон, дейди?.. Эсиз, шундай золотой хотин! Эсиз, шундай мировой кампир!..


Шу кўйи у товуш чиқармай узоқ йиғлади. Кўнглини бўшатиб бўлгач, дабдурустдан оёққа қалқди. Илдам одимлар билан томорқамизни шошилинч кесиб ўтди. Ариқдан чаққон ҳатлаб, яйдоқ далага чиққач, ўнгга қайрилди.


Мен аввалига Абдурайим ака қаён отланганини англолмай, анграйиб қолдим. Кейин ҳаммасини тушундим: у узоқдан элас-элас кўзга ташланиб турган қабристон сари кетиб борарди. Янглишмасам, онамнинг қабрини зиёрат қилишга шошарди. Шу дамда рўпарадаги тоғлар ортидан қуёш оҳиста мўралаб, унинг йўлларига заррин нурларини сочарди. Мусаффо осмон илиқ-майин шуълага чулғаниб, борлиқ уйқудан уйғонарди...


(Давоми бор)


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид