Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 803.0626

  • EUR

    13 902.84-17.77

  • RUB

    131.840.4

+3C

+3C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+3c

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 18-October

+3C

  • Hozir

    +3 C

  • 05:00

    +2 C

  • 06:00

    +2 C

  • 07:00

    +1 C

  • 08:00

    +3 C

  • 09:00

    +7 C

  • 10:00

    +13 C

  • 11:00

    +16 C

  • 12:00

    +18 C

  • 13:00

    +19 C

  • 14:00

    +19 C

  • 15:00

    +20 C

  • 16:00

    +19 C

  • 17:00

    +17 C

  • 18:00

    +15 C

  • 19:00

    +13 C

  • 20:00

    +12 C

  • 21:00

    +8 C

  • 22:00

    +7 C

  • 23:00

    +6 C

  • Juma, 18

    +3 +20

  • Shanba, 19

    +4 +20

  • Yakshanba, 20

    +6 +20

  • Dushanba, 21

    +9 +20

  • Seshanba, 22

    +12 +20

  • Chorshanba, 23

    +10 +20

  • Payshanba, 24

    +7 +20

  • Juma, 25

    +3 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Қўш устунимнинг бири (7-қисм)

Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
Жамият
244 13:38 | 15.10.2024 13:38

Тарози палласи


Ким билсин, эҳтимол, бунда қандайдир сир-синоат бордир. Эҳтимол,Ҳар нақлда бир ҳикмат мужассам! деганлари ростдир. Нима бўлгандаям, бизнинг билганимиз шу: онам вафот этган йили анорларимиз чандон гуллади. Ҳатто, авжи саратонда ҳам бирорта нишонасини тўкиб юбормади. Кузга бориб, ҳар доимгидан мўл ҳосил тугди. Ҳар анорларки, катталиги нақ чойнакдек. Камида ярим кило тош босади. Пўстлоқи нимтатир оқ, нимтатир пушти рангда. Бирам чиройли, бирам силлиқки, кўрсангиз, ҳавас қиласиз...


Бироқ, минг афсуски, қувончимиз кўпга чўзилмади. Ҳар тўкисда бир айб!” деганларидек, куз арафасида анорларимизга гўё кўз тегди. Пишар чоғи худди ковул мисоли ёппасига ёрилиб кета бошлади. Биз нима қиларимизни билмай шошиб қолдик. Негаки, анор ўта нозик мева. Салгина заҳа еса ёки ёрилса, тамом-вассалом! Икки-уч кундаёқ гирдини моғор босади. Ҳаял ўтмай, ўз-ўзидан чирийди. Бундай ҳолда уни узоқ сақлаш даргумон. Энг яхши чораси – тезроқ сотиб юбориш керак.


Хуллас, онамнинг йўқлиги шу ўринда ҳам билинди. Охири бўлмади. Онамнинг таъбири билан айтганда, жаннатда битган беозор неъматнинг уволидан қўрқдик. Бир чеккаси йил – ўн икки ойлик қўшимча меҳнатимиз самарзое кетишини истамадик. Ака-укалар ўзаро маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйдик. Ишдан бўш вақтимизда галма-гал бозорга чиқиб, анор сотишга аҳд қилдик.


Қарабсизки, мен ҳам умримда қилмаган юмушимга қўл урадиган – савдо-сотиқ билан шуғулланадиган бўлдим. Шу мақсадда шанба куни тонгсаҳар гардкамига иш тутдим. Эллик килоча анорни юқа тахталардан ясалган қутиларга жойлаб, йўлга тушдим.


Бозорга етиб боргач, мевафурушлар сафидан ўрин олдим. Аноримнинг бир қисмини пештахта устига тераётиб, негадир ўзимни ноқулай ҳис этдим. Чунки бу ерни ҳам ҳақиқий деҳқонлар эмас, одатдагидай кунда-шунда олибсотарлар эгаллаб олишганди. Улар орасида бегонага ўхшаб қолдим. Назаримда, ҳаммаси менинг хатти-ҳаракатимни зимдан кузатаётгандай, савдога нўноқлигимни кўриб, мийиғида кулаётгандай туюлаверди. Аммо, илож қанча, бошга тушганини кўз кўради. Тақдирга тан бериб, растага қовушмайроқ туравердим.


Вазиятга бирмунча кўниккач, ён-веримга разм солдим. Ҳали эрта бўлгани учун ҳаво этни жунжиктирадиган даражада салқин эди. Кенг саҳнли майдонда олувчидан кўра сотувчи кўпроқ эди. Шундай эса-да, бозор аллақачоноқ ўз ҳаёти билан яшар, катта-кичик, ёшу қари тинмай қимирларди. Тирик жон борки, лойиқ-нолойиқ молини мақтаб, харидор чорларди.


Ана, ҳув бурчакдаги шийпони япасқи гуммахона айвонида олов гуриллайди. Қозондан оппоқ тутун бурқсийди. Ҳавода доғланган ёғ иси анқийди.


Сал нарида жойлашган тамаддихона ошпазининг қўли-қўлига тегмайди. Тайёр зирвакка гуруч босиб, устидан сиртини кир қоплаган челакда сув қуяди. Унинг найнов шогирди, уйқуга тўймаган шекилли, оғзини карнайдай очиб, нуқул хомуза тортади. Темир ўчоққа эринибгина тараша қалайди.


Қўрадаги тошкўмир чўғини зўр бериб елпиётган бақалоқ йигитнинг эса парвойи палак. Қўли ишда-ю, хаёли бошқа ёқда. Гўшту ёғ суқилган сихларни даста-дасталаб айлантираркан, орқа-олдига қарамай, ора-чира ўзича бақириб қўяди:


– Кеп қолинг, оп қолинг, свежий шашлик!.. Еганлар дармонда, емаганлар армонда!..


Басма-басига ертандир бошида куймаланаётган сомсапазнинг хирқироқ овози янграйди:


– Зак-каз сомса!.. Қора қўчқорнинг думбаси солинган зак-каз сомса!..


Унга сават кўтарган болакай чийилдоқ товушда жўр бўлади:


– Жиззали патирнинг додаси биздан, танлаб олиши сиздан! Кеп қолинг, оп қолинг, пулингиз ёнингизда кетади!..


Очиғи, ўзимга анчадан буён таниш бу манзарани кўриб, зерика бошладим.


...Кўп ўтмай, узоқдан кўзга ташланиб турган тоғ ортидан офтоб мўралади. Борлиқ нурга чулғанди. Ердан нам кўтарилиб, кун илиди. Бозор гавжумлашгани сайин ғала-ғовур кучайди. Шовқин-суронга ўрганмаганим туфайли қулоқларим ғувиллади. Чаккамга сим-сим оғриқ кирди. Ўзимни чалғитиш илинжида яна одамларни кузатишга зўр бердим.


Бир пайт оқ-сариқдан келган, эллик-эллик беш ёшлар чамасидаги барваста қоматли киши диққатимни тортди. Унинг қошу кўзи чиройли, истараси иссиққина эди. Яна денг, зиёлиларга хос – ораста кийиниб олганди: эгнида текис дазмолланган кулранг костюм-шим, оёғида зулукдек ярқираган туфли. Тугуни йўғон тимқора бўйинбоғи оппоқ кўйлагига ярашиб тушган. Мош-гуруч сочлари калта тарошланган, ёнбошига силлиқ таралган. Бир қўлида чарм папка, иккинчисида қалин матодан тикилган бўш халта.


У дарвозадан кирибоқ, биз тарафга бурилди. Пештахталарга батартиб терилган ноз-неъматларга кўз қирини ташлаган кўйи, расталарни оралаб, тўғри юриб келаверди. Менга яқинлашган маҳали қадамини секинлаштирди. Аммо тўхтамади. Бир олдимдаги анорларга, бир юзимга қаради-ю, индамай ўтиб кетди. Қатор адоғига етгач, яна изига қайтди. Рўпарамга келганида одимлашдан тўхтаб, папкаси билан халтасини чап қўлтиғига қистирди. Намунага кесиб қўйилган анорлардан йирикроғини шошилмасдан қўлига олди. Бармоқлари учида айлантириб, обдон текширди. Сўнгра беш-олти донасини уқалаб, оғзига солди.


Мен фурсатни бор бермай, унинг кўнглини ийдиришга интилдим.


– Келинг, ака, – дедим жонланиб. – Ҳаммаси яхши пишган. Энг зўри. Туятиш хилидан. – Ўзимча мулозаматни қойиллатгач, муддаога ўтдим. – Неччи кило тортай?


Харидор жавоб қайтаришга шошилмади. Оғзидаги анорни бафуржа чайнаркан, кўзларимга синчков термулди. Луқмасини ютиб, ширингина тамшаниб қўйгач, томдан тараша ташлагандай, дабдурустдан мени саволга тутди:


– Кечирасиз, ука, бу анорларнинг эгаси ким?


Кутилмаган сўровдан энсам қотди. Жаҳлим қўзиб, лабларим пирпиради.


– Ким бўларди, менман! – дедим зардали тўнғиллаб. – Мана, қаршингизда турибман.


Шубҳасиз, охирги жумлани Кўзинг кўрми?қабилида айтдим. Бироқ харидор заррача пинак бузмади. Лоақал афтим буришганига ҳам, овозим дағаллашганига ҳам эътибор бермади. Билъакс, гапимга ишонмагандай, сирли жилмайди. Кесилган анорни авайлабгина жойига қўя туриб, тағин эзмаланди:


Малол келмаса, айтинг-чи, сиз қайси қишлоқдансиз?


Ҳайратим баттар ошди. Хаёлимдан Нима бало, бу одам текширувчиларданми, мени олибсотар гумон қилаяпти, шекилли!” деган нохуш фикр ўтди. Жиззакилигим тутса-да, шайтонга ҳай бердим. Тишимни тишимга босиб, қишлоғимиз номини айтдим. Ортидан, ҳар эҳтимолга қарши, ўсмоқчилаб “Узумини енг-у, боғини суриштирманг, қолаверса, ҳозир бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз, ака! дея қўшиб қўйдим.


Ажаб, харидор бу сафар ҳам кесатиғимга парво қилмади.


Ўзимам шунақа бўлиши керак, деб ўйловдим. – У тахмини тўғри чиққанидан хурсандлигини яширмади. Қаддини кериб, кафтини кафтига ишқади. – Ҳар қалай, – деди ғолибона кулимсираб, – мен бу анорларни ҳеч қачон адаштирмайман. Доимо кўриниши-ю рангидан бемалол ажратиб оламан. Уларни сотадиган аёлни ҳам яхши биламан. – Шундай дея онамнинг исмини тилга олди.


Мен дафъатан ҳушёр тортдим. Туйқус бош оғриғим тарқалиб, бояги аччиғимдан асар ҳам қолмади. Юрагим ширин орзиқиб кетди. Ўзим сезмаган ҳолда харидор сари эгилдим.


– Бундан чиқди... Демак, сиз... – дедим алланечук ҳаяжон аралаш пайдар-пай гапириб, – демак, сиз опамни танир экансиз-да?..


– Ҳа! – У мени ортиқча маҳтал қилмади. Дадил бош силкиб, фикримни маъқуллади. – Сиз у кишининг кими бўласиз, ўғлими? – деди яқинроқ сурилиб. Лекин жавобимни кутмади. Навбатдаги саволларни устма-уст қалаштириб ташлади. – Холамнинг ўзи қани? Нега кўринмайдилар? Ё тоблари қочиб қолдими?


Беихтиёр бўшашиб кетдим. Ичимдан алланима узилгандай, вужудимга титроқ кирди.


– Кошкийди, фақат шундай бўлса, – дедим ўпкам тўлиб. – Сираям қараб турмасдик, имкон қадар даволатардик-ку. – Бўғзимга нимадир қадалди. Оғир хўрсиниб, ростига кўчдим. – Опам қазо қилганига анча бўлди.


– Йўғ-е, наҳотки?!. Ахир... – Энди ҳайратланиш навбати харидорга ўтди. Кўзлари катта-катта очилиб, ранги қув ўчди. – Ахир ҳали бардам-бақувват эдилар-ку, – деди эсанкираб. – Охирги марта кўрганимдаям соғ-саломат юрувдилар-ку. Наҳотки, вафот этган бўлсалар?!. Ё, тавба!..


Мен индамадим. Сас-садосиз бош эгиб, нигоҳимни ерга қададим. У аҳволимни тушуниб маъюсланди. Тугмаларини шошилинч қадади-да, кафтларини жуфтлаштирди. Эшитилар-эшитилмас оҳангда Жойлари жаннатда бўлсин!” дея пичирлади. Юзига фотиҳа тортгач, менга юзланди.


– Билсангиз, – деди ажабланишимга ҳожат қолдирмай, – мен оддий муаллимман. Анови коллежда ишлайман. – У бозорга бақамти қурилган баланд иморатга ишора қилди. – Аммо гап бундамас, онангизнинг кимлигида. – У чўнтагидан сигарета олиб, гугурт чақди. – Рости, – деди аччиқ тутунни қаттиқ-қаттиқ сўраркан, – холам менга ўз онамдек қадрдон бўлиб қолгандилар. Шу боис қачон бозорга йўлим тушса, албатта, излаб топардим. Бирров дуоларини олиб, анорларидан харид қилардим. Сабаби...


Харидор дилидагини тилига чиқаришга ийманаётгандек, тўсатдан жимиб қолди. Шу он қовоғи солиниб, юзлари тундлашди. Мунг қўнган кўзлари ич-ичига чўкди. Пешонасидаги ажинлар қуюқлашди. Атрофга бир қур назар ташлаб, хотиржам тортгач, босиқлик билан сўзлашга киришди.


– Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, – деди ҳорғин сўлиш олиб. – Тўғри айтишади, бу дунёда инсон учун соғлиқдан катта бойлик йўқ. Касалликнинг эса келиши осон-у, кетиши қийин кечаркан. Худо кўрсатмасин, дард бир ёпишса, ҳар қандай одамниям росманасига чир айлантираркан. Мана, ўзимдан қиёс...


У тамаки қолдиғини оёғи учида эзғилаб ўчирди. Тирсакларини симон пештахтага тираб, иягини қашиди. Хотирага берилиш олдидан майингина томоқ қирди.


– Ўн йилча бурун оиламиз бошига катта ташвиш тушди. Туппа-тузук ўйнаб-кулиб юрган янгангиз баногоҳ хасталикка чалинди. Кунма-кун оғирлашиб, тўшакка михланди.


Суҳбатдошимнинг овози сустлашиб, олис-олислардан эшитилаётгандай туюлди.


– Кўп жойларга обордим, кўп табибу дўхтирларга қаратдим. Барибир, нафи тегмади. Бора-бора аҳволи баттар бўлса-бўлдики, бетар бўлмади. Бир сафар...


Харидор титроқ қўлларини хаёл аралаш ҳалиги анорга чўзди.


– Кечагидек эсимда, қишнинг қоқ чилласи эди. Шамол қутургандан-қутурган, қорбўрон авжига чиққанди. Тушга яқин янгангиз бояқиш кўнгли анор тусаётганини гапириб қолди. Дарҳол бозорга чопдим. Кириб қарасам, ҳамма мева-чева бор, фақат анор йўқ. Ҳатто отлиққаям йўқ! Ўзи кўпинча шунақа бўлади – шошганда лаббай топилмайди-да. Эрталаб биргина онангиз олиб келган-у, эндигина сотиб бўлиб, кетишга ҳозирланаётган эканлар. Кўзимга, биласизми, бамисоли Хизрдек кўриниб кетдилар. Борасолиб, йўлларини тўсдим. Кўнглимга яқин тутиб, дардимни тўкиб солдим. “Қанча сўрасангиз-сўранг, эвазига, ҳеч бўмаса, ярим килогина топиб беринг, жон хола!” деб, ҳоли жонларига қўймадим. Хайрият, раъйимни қайтармадилар. “Жа зарил экан, майли, юра қолинг”, дедилар-да, мени қишлоққа бошлаб бордилар. Қаранг, омборхоналарингизда ўзларингиз-у меҳмонлар учун сақлаб қўйилган анор қолган экан, холос. Кўпмас, бир тоғора чиқар-чиқмас. Холам биттасиниям қолдирмай, ҳаммасини машинамга солиб бердилар. Бунданам қизиғи, қанча қистамайин, пулини олмадилар. “Сиз дорилик учун излаб, шунча йўлдан умид билан келсангиз-у, мен пулини ўйласам, уят-ку!” дедилар. “Бу ер – бозормас. Биз уйда мева сотмаймиз. Тортинмай олаверинг, иним, ош бўлсин!” дея кўнглимни тинчлантирдилар. “Келинимга Яратганнинг ўзи шифо берсин!” деб кузатиб қолдилар.


Ҳикояси шу ерга етганда харидор бирров тин олди. Енгил хўрсинаркан, чеҳраси ёришди. Лабларида табассум ўйнади.


– Буни қарангки, – деди мамнун ҳолда бош ирғаб, – янгангиз анорларни кўриб, отаси совға келтирган қизалоқдек қувониб кетди. Кўзларида худди аввалгидек ўт чақнади. Оғзига ёқди чамамда, иккитасини иштаҳа билан еди. Қолганларини токчага териб қўйди. Бир ой мобайнида ҳар куни оз-оздан сиқиб, сувини ичди. “Ихлос – халос” деганлари рост эканми ёки покиза аёлнинг дуолари ижобат топдими, қисқаси, кўкламга қолмай, хотинимнинг дарди ариди. У аста-секин оёққа турди. Гарчи ишлолмаса-да, ўз корига ўзи ярайдиган бўлди... Шу-шу мен холамнинг доимий мижозига айландим. У киши анорни кимга, нима учун олаётганимни яхши билардилар. Ҳар сафар янгангизнинг соғлиғини эринмай сўраб-суриштирар, қўшимчасига Бошқа дард кўрмасин, деб дуога қўл очардилар. Мен ҳаммасиданам ана шунисига хурсанд бўлардим. Аслида, анор баҳона, ўзимга раҳматли онамдек қадрли бўлиб қолган холамни бирров зиёрат қилиш, унинг дуосини олиш учун бозорга кирардим.


Харидор сўзини якунлаб, қаддини ростлади.


– Ярангизни янгилаганим учун узр, ука, – деди бўйинбоғини тўғриларкан, хижолатомуз оҳангда. – Ишқилиб, холамни Худо ўз раҳматига олган бўсин. – У кетишга тараддудланиб, халтасини менга узатди. – Ҳойнаҳой, янгангиз интиқ бўлиб, кутиб ўтиргандир. Қуруқ бормайин. Тўрт кило тортиб бера қолинг, – деб анорларга назар югуртирди.


Мен ақл-ҳушимни ўнглаб, ишга киришдим. Бироқ чамада адашган эканман, тарозига қўйилган анорлар андак оғир келиб, палланинг бир томонини босиб кетди. Уларни шундайлигича халтага ағдармоқчи эдим, харидор кутилмаганда норози қиёфага кирди. Шошиб билагимдан тутди.


– Йўқ, унақа қилманг, ука, – деди сийрак қошларини чимириб. – Тарозида олувчининг ҳам, сотувчининг ҳам баб-баравар ҳақи бор. Шунинг учун унга хиёнат қилиб бўлмайди. Буни мен онангиз раҳматлидан эшитганман. У киши бошқаларга мутлақо ўхшамасдилар. Сотаётган нарсаларига дўкондаги сингари қатъий нарх белгиламас, Бўлиши шу, деб туриб олмасдилар. Озгина оғринсангиз, дарҳол баҳосини туширардилар. Тошни доимо тўғри қўярдилар. Савдодаги норостлик қароқчиликдан кам эмас. Тарозидан адашсам, нақ охиратим куйиб кетади-я, деб қўрқардилар. Кўнгилларидан чиқарганларини эса, савдолашиб бўлганимиздан сўнг, ўлчамасдан, алоҳида солиб берадилар. Нима, сизга бу ҳақда айтмаганмидилар?..


Тўғри гапнинг тўқмоғи ёмон! Мен харидорнинг таънали боқишларига дош беролмадим. Қулоғимгача дув қизариб, кўзимни четга олиб қочдим. Айни шу лаҳзада тарози палласи қўлимдан тушиб кетишига сал қолди...


(Давоми бор)


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2227 16:57 | 05.08.2023