Саноат маҳаллага кириб боради

Гулистонда замонавий ускуналар маркази иш бошлади.

11:48 | 01.11.2026
•
24
Саноат маҳаллага кириб боради
Катталаштириш

Тадбиркорликни бошлаш истаги бор, аммо уни нимадан бошлашни билмайдиганлар кам эмас. Кимдир қандолат маҳсулотлари тайёрлашни, бошқаси қадоқлаш ёки пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришни кўнглига тугади. Бироқ режа тузишдан уни амалга оширишгача бўлган масофа ҳамиша ҳам яқин эмас. Ускуна танлаш, маблағ топиш, ишлашни ўрганиш, техник хизмат масалалари... Ҳар бири алоҳида ташвиш.

Гулистон шаҳрида иш бошлаган замонавий ускуналар маркази ана шу ташвишларни бир жойда ҳал этишга қаратилгани билан эътиборли.

«Агробанк» АТБ ташаббуси билан ташкил этилган марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов иштирок этди. У ўз нутқида лойиҳанинг асосий мақсади саноатни маҳаллаларга олиб кириш эканини таъкидлади.

Бу гапнинг замиридаги оддий ҳақиқат шуки, ишлаб чиқариш фақат йирик корхоналарда ташкил этилиши шарт эмас. Маҳалла шароитида ҳам кичик цех, оилавий ишлаб чиқариш ёки ихчам бизнесни йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун эса инсоннинг ташаббусига амалий кўмак бўлиши керак.

Марказда ана шу имкониятлар жамланган. Бу ерга келган киши ишлаб чиқариш ускуналарини шунчаки расм ёки каталогдан эмас, бевосита кўриб танлайди. Уларнинг ишлаш жараёни билан танишади, ўз эҳтиёжига мосини синаб кўриш имконига эга бўлади.

Қадоқлаш, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, совутиш, пластмасса буюмлар тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги, металл ва шишага ишлов бериш, лазер технологиялари, полиграфия — марказдаги ускуналар йўналиши шунчалик хилма-хилки, танлов имконияти мавжуд.

Ускуналарнинг нархи қуввати ва имкониятларига қараб 2 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача. Қимматроқ жиҳозлар Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчилардан буюртма асосида етказиб берилади.

Аммо марказнинг эътиборга молик жиҳати фақат ускуналар савдосида эмас. Чунки бирор жиҳозни харид қилиш билан иш битмайди. Уни ишлатишни билиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сарф-харажат ва даромадни ҳисоблаш ҳам керак.

Шунинг учун бу ерда фуқарога танлаган фаолият йўналиши бўйича «Лойиҳалар фабрикаси» билан ҳамкорликда бизнес-режа ишлаб чиқиш таклиф этилади. Лойиҳани молиялаштириш учун «Агробанк» кредитини шу ернинг ўзида расмийлаштириш имконияти ҳам яратилган.

Кейинги жараён ҳам тадбиркорнинг зиммасига ташлаб қўйилмайди. Ускуна етказиб берилади, ўрнатилади ва ишга туширилади. Уни самарали ҳамда хавфсиз ишлатиш бўйича ўқув-кўникмалар берилади. Иш жараёнида техник муаммо туғилса, сервис хизмати орқали амалий ёрдам кўрсатилади.

Бу, айниқса, илк бор ўз ишини бошлаётган, аммо техника ва ишлаб чиқариш тажрибаси етарли бўлмаган инсонлар учун муҳим.

Давлат раҳбари раислигида 2026 йил 3 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича давлат банкларига белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳа Жиззах ва Сирдарё вилоятларини қамраб олган. Унинг асосий мақсади маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини яратишга кўмаклашишдир.

Гулистондаги янги марказнинг имкониятлари ҳам ана шу мақсад билан ўлчанади. Зеро, тадбиркорликка йўл очиш фақат кредит ажратиш ёки ускуна сотиш билан чекланмайди. Инсонга ишни бошлаш, уни давом эттириш ва ривожлантириш учун зарур шароитни яратиш ҳам муҳим.

Эҳтимол, бугун марказда танланган оддий бир ускуна эртага бир оиланинг асосий даромад манбаига айланар. Энг муҳими, тадбиркорлик ғояси энди фақат ният бўлиб қолмаслиги учун яна бир амалий манзил пайдо бўлди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

Ishonch. Uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади