Технологияни яратганлар нега энди Z авлодни айблайди?

Бугун Z авлод ҳақида гап кетганда, кўпинча бир хил таърифларни эшитамиз. Дангаса, сабрсиз, масъулиятсиз, ишёқмас, тартибсиз... Гўёки бугунги ёшлар аввалги авлодларга нисбатан ёмонлашиб қолгандек. Аммо бир савол туғилади: бунинг учун фақат ёшларнинг ўзини айблаш қанчалик тўғри
Яқинда The Guardian нашрида эълон қилинган бир мақолага кўзим тушди. Унда Z авлод вакилларининг ишга муносабати, меҳнат интизоми ва касбий масъулияти атрофидаги баҳслар ёритилган. Қизиғи, бугун Z авлодга нисбатан ишлатилаётган «дангаса», «инжиқ», «масъулиятсиз» каби таърифлар бундан олдин миллениаллар, яъни Y авлодга нисбатан ҳам қўлланган. Мақолада таъкидланишича, ҳар бир янги авлод меҳнат бозорига кириб келганида аввалги авлод вакилларининг танқидига дуч келади.
Демак, муаммо фақат Z авлодда эмас, балки авлодларнинг бир-бирига муносабатида ҳам бўлиши мумкин.
Z авлодни айблашни фарзандининг тарбиясига вақтида етарлича эътибор бермай, у улғайганидан кейин хулқ-атворидан норози бўладиган ота-онанинг муносабатига ўхшатаман. Албатта, бу ерда гап фақат ота-оналар ҳақида эмас. Бутун жамият, таълим тизими, меҳнат муҳити ва технологик тараққиётнинг ҳам ўз ўрни бор.
Бир ўйлаб кўрайлик, бугунги ёшларнинг вақтини олаётган смартфонларни кимлар яратди? Уларнинг эътиборини соатлаб ўзига боғлаб қўядиган ижтимоий тармоқларни кимлар ривожлантирди? Тинимсиз билдиришномалар, қисқа видеолар, чексиз контент ва турли ўйинларга тўла рақамли муҳит қандай шаклланди? Буларнинг барчасини Z авлоднинг ўзи яратмаган. Улар тайёр рақамли дунёга келди ва шу муҳитда улғайди. Энди эса айнан шу муҳит таъсирида шаклланган одатлари учун уларни бирёқлама айблаш қанчалик адолатли?
Бу, албатта, ёшларнинг барча хатти-ҳаракатларини оқлаш керак дегани эмас. Масъулият, интизом, меҳнатсеварлик ва сабр ҳар қандай авлод учун муҳим фазилатлар. Аммо бу фазилатларни шакллантириш учун фақат талаб қилишнинг ўзи етарли эмас. Ўрнак кўрсатиш, тўғри муҳит яратиш ва ёшларни тушунишга ҳам ҳаракат қилиш керак.
Яна бир жиҳат бор. Бугунги ёшлар аввалги авлодлар каби яшашни истамаслиги мумкин. Улар иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни, меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини, ўз фикри инобатга олинишини хоҳлайди. Ишдан ташқари вақти ҳам ўзига тегишли бўлишини истайди. Буларни дарҳол дангасалик ёки ишёқмаслик деб баҳолаш тўғри эмас.
The Guardian мақоласида келтирилган фикрларга кўра, ташкилий психолог Адам Грант ҳам ёшларни аввалги авлод вакилларининг бугунги ҳолати билан эмас, балки уларнинг айнан ёшлик давридаги хусусиятлари билан таққослаш кераклигини таъкидлайди. Чунки инсон ёши улғайгани сари тажрибаси ортади, қарашлари ва хулқ-атвори ҳам ўзгаради.
Аслида, ҳар бир авлоднинг ўзига хос кучли ва заиф томонлари бор. Катта авлодда тажриба, ҳаётий сабоқ ва сабр бўлса, ёш авлодда янгича фикрлаш, технологик саводхонлик ва ўзгаришларга тез мослашиш қобилияти мавжуд. Бир-бирини айблашдан кўра, шу жиҳатларни бирлаштириш фойдалироқ эмасми? Ахир бугунги ёшлар эртанги жамиятни қуради. Уларни фақат танқид қилиш билан эмас, тушуниш, тўғри йўналтириш ва имконият бериш орқали ҳам тарбиялаш мумкин.
Шундай экан, Z авлодни дангасаликда айблашдан олдин, уларга қандай дунёни мерос қолдирганимиз, қандай муҳитда улғайтирганимиз ва улардан нималарни кутаётганимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак.
Балки, муаммо Z авлоднинг қандайлигида эмас, балки биз уларни қандай тушунишга уринаётганимиздадир.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz







