Тошкентда 15 сентябргача ёнғин хавфсизлиги режими жорий этилди
Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда ёнғин хавфи ортиши муносабати билан 15 сентябрга қадар алоҳида ёнғин хавфсизлиги режими жорий этилди.
Мазкур даврда ёнғинларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилади, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилади ҳамда турар жойлар, ижтимоий объектлар ва корхоналарда хавфсизлик талабларига риоя этилиши қатъий назорат қилинади.
Қарорга мувофиқ, бозорлар, савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчаларида таом тайёрлаш учун маиший суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, умумий овқатланиш муассасаларини қонунчилик талабларига зид равишда газ тармоқларига улаш ҳолатлари бўйича назорат кучайтирилади.
Ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам қўшимча чекловлар жорий қилинди. Хусусан, соат 11:00 дан 17:00 гача бўлган иссиқ вақт оралиғида йирик тоннажли транспорт воситалари ва махсус сиғимларда пропан ҳамда бензинни ташиш, тўкиш ва қуйиш ишлари чекланади.
Шу билан бирга, шаҳар бўйлаб носоз ёнғин гидрантлари таъмирланади, қуриган ўт-ўланлар ва чиқиндилар тозаланади, ёнғин-қутқарув техникасининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний тўсиқлар бартараф этилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0