Тошкентда уйлар нега 7–15 баравар қиммат баҳоланди? Солиқ ҳам ошадими?
Тошкент шаҳрида кўчмас мулкни оммавий баҳолаш ишлари якунланди. Жараён натижалари эълон қилингач, айрим хонадонларнинг янги баҳоси аввалги кадастр қийматидан бир неча баравар юқори экани жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Масалан, илгари 100 миллион сўм атрофида баҳоланган квартира оммавий баҳолаш натижасида 700 миллион сўмга яқин қийматга эга экани кўрсатилган ҳолатлар бор.
Хўш, бу энди хонадон эгаси уйини 700 миллион сўмга сотиши керак, деганими? Янги баҳолаш мулк солиғига ҳам таъсир қиладими? Уйларнинг бозордаги нархи ошадими? Таъмирланган ёки таъмирталаб хонадонлар қандай баҳоланди?
Шу ва бошқа саволларга Ishonch.uz мухбири Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори ўринбосари Феруз Султоновдан жавоб олди.
Суҳбатда яна бир муҳим масала — уй-жойларнинг бозор нархи ҳақида сўз борди.
Айрим фуқаролар янги баҳолашда уйининг қиймати юқори кўрсатилгани боис, энди бозордаги нархлар ҳам кескин ошиб кетишидан хавотирда.
Бироқ мутахассиснинг таъкидлашича, оммавий баҳолаш натижасида эълон қилинган қиймат уй-жойни айнан шу нархда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини юзага келтирмайди. Яъни мулкдор ўз уйини бозор шароити ва харидор билан келишув асосида исталган нархда сотиши мумкин.
Оммавий баҳолашда кўчмас мулк бозоридаги маълумотларни аниқлаш учун OLX.uz, Uybor, Joy.me каби йирик электрон платформалардаги эълонлар ҳам ўрганилган. Бундан ташқари, мутахассислар жойларга чиққан ҳолда реал бозорни ўрганиш ишларини ҳам олиб борган.
Феруза РАҲИМОВА,
Мирнодир МИРАКМАЛОВ
(видео) Ishonch.uz







