“Турфа тақдирлар” – йиллардирки ўз уйида яшаш насиб қилмаган юртдошларимиз ҳикоялари
(иккинчи қисм)
Ижарада яшаш асримизда, жамиятимизда шу қадар оддий ҳолга айланяптики, кўпчилик ўз уйига етишишига умид ҳам қилмай қўймоқда. Хорижда “ижарада яшаб ўлиб кетишаркан”, деган аччиқ воқелик бизга ҳам келиб қоладигандек. Ижтимоий сўров тарзида ижарада яшаётган юртдошларимиз ҳаёти билан қизиқдик. Айримларининг тақдири шу қадар таъсирлики…
(Кўпчилик суҳбатдошлар ҳижолатлик ортидан шахсини сир тутишди)
Оқ эшик
– Пойтахтга ўқиш учун бораман, деганимда уйдагилар, айниқса, акаларим хавотир билан отамга қараган. Тошкентда яшаётган дугонам турмуш ўртоғи билан қишлоққа келганини, улар билан бирга боришимни айтдим. Ёшлигимиздан қизларнинг ўқиш масаласи отам учун долзарб бўлган. Лекин қишлоғимиздан Тошкентга ўқигани борганлар жуда кам. Аксарияти йигитлар эди.
Отам раҳматли эрталаб ўзи йўлга олиб чиқадиган, жой топиб, ўқишга киришимни назорат қиладиган бўлди. Самарқанддан Тошкентга жўнайдиган “Икарус” автобусда йўлга чиқдик. Дугонам ва турмуш ўртоғиям шу автобусга чиқди. Отам дугонамнинг опасиникига жойлаштириб, Самарқандга қайтди. Зулхумор опага нарсаларим омонат туриб турсин, жой топиб олиб кетаман, дедим.
– Меҳмон келар муштаккина, учиб кетар қушдаккина. Уйда тура-тур. Ўқишинг аниқ бўлса, ётоқхонага чиқиб кетарсан. Унгача менинг қизимга опа бўлиб турасан, – деди. Тавба, бор-йўғи синглисининг дугонаси бўлсам, бу хотин нимага менга меҳрибонлик қиляпти, деб ўйлайман. Ҳали эри ишдан келса, нима деркин. Барибир зимдан ижара қидираман.
Ижара уй ҳам топилди. Қўшни йўлакда Фая хола деган кампир турар экан. У менга “Уйимдан гап чиқишини ёмон кўраман, тозалик биринчи ўринда. Ишончимни оқласанг, битта калитимни бераман”, деди. Хуллас, кўчиб ўтдим. Фая хола меҳрибон ва ўз ўрнида қаттиққўл эди. Мен у киши билан сал ҳайиқиб, гаплашар эдим. Рус тилиям шевамда ғалати чиқар, хола бунга кулиб қўяр эди. Очиғини айтсам, мен дазмол қилишни ёмон кўрардим, лекин Фая холадан ҳайиқиб, чойшабларимни, хонанинг пардаларини тез-тез ювиб, дазмоллаб турардим. Холанинг қозонига аралашмай, ўзим учун кичкина қозонда овқат қилардим ва холага ҳам берардим. Ҳатто нонидан татиб кўрмасдим. Ёшлигида қайсидир идорада кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Фая холада идоравий тартиб сақланиб қолган эди.
Бир куни пастда Зулхумор опа билан Фая холани гаплашиб турганини кўриб қолдим. Нима деяпти экан? Хуллас, Зулхумор опа Ўратепада турадиган қайнонаси беморлиги сабаб эри билан ўша ёққа кетаётган экан. Мени қизларининг олдига чиқиб туришимни холадан сўрапти. Икки кун турганимда иноқ бўлиб қолган қизи Коммунани соғинган эканман. Югургилаб чиқдим. Катта қизлари Ўратепада, бувисиникида туриб ўқирди. Коммуна қақилдоқ, сергап қиз. Хуллас, Фая хола ва Зулхумор опаникида алмашиб яшайман. Ишончига кирдим шекилли, Фая хола калит ҳам берди. Хола менинг талаффузим ва шевамда ўзбекча гапира бошлади. Унга ойлик тўловни қилсам, қариндошингникида қолган кунларингни ҳақи деб чегирма қилиб беради. Кейин билсам, Зулхумор опам мени уйига чиқарган кунларининг пулини Фая холага ўзи берар экан. Хола мендан кейин турган ижарачи қизларга мени ўрнак қилиб кўрсатар экан. Ўша қизлар Фая холанинг ишончига қандай киргансиз, дерди. Мен русчани Самарқандча шевада гапириб, дердим.
Бир куни Зулхумор опам менга уйимга кўчиб ўт, деди. “Биз эртаю кеч бозорда бўламиз, қизим ўсмир ёшда, дарсларини назорат қилсанг, ўқишга қизиқтирсанг”, деди. Улар чинни бозорида савдо қилар, почча сафарга кўп кетар эди. Қайнонасини қизларга бош қилиб кетишаркан. Энди қайнонаси (оча дердик) Тошкентга келолмас экан. Хуллас, Коммуна билан бирга яшайман. Иккимизга бир хона. Тўлов қилсам опа олмайди. Ул-бул олиб чиқсам, қўймайди. Жомбойга борсам, уйларига нарса бериб юборади. Олиб бориб бераман. Уйимдагилар Зулхумор опангга деб қишлоқнинг мева-чеваларидан беради. Олиб келаман. Хуллас, ўқишим давомида ҳам оқ эшикли бу уйда узоқ қолдим. Қўни-қўшниларга қариндошим, синглим, дерди опам. Мен ҳам қадрдоним, топган опам дердим.
Турмушга чиқаётганимда ҳам онам қатори югуриб сарпо қилди. Кейинчалик опамни болаларим Зулхумор бувим дейдиган бўлди. Ҳозир менинг Тошкентда иккинчи онам бор. Коммуна синглим бор.
Хуллас, ўша оқ эшикли уй менга жуда қадрдон бўлди. Кейинчалик жуда кўп кўчиб яшадим. Ҳамиша бир ғалтак китобим ва уч-тўрт нарсам Зулхумор опамга омонат бўладиган бўлди. Ҳозиргача Зулхумор опамникига меҳмонга борсам, Коммуна синглимни чақириб, ўша кунларни ёдга оламиз. Ҳозир унинг турмуши, уч ўғли бор.
Бугун пойтахтда ижарада турадиган талабалар қийналаётганини, маклер деб номланадиган айрим маккорлар содда талабаларни алдаётганини эшитиб қолсам, оқ эшик ва унинг ортидаги оқ кўнгилли одамлар ёдимга келади.
Манзура ШАМС
* * *
Ҳар бир муҳтожга уй олиш насиб қилсин
– Ижарада яшаётганимизга бир йилдан ошди. Яшаб турган ижара уйни бир йилда сотмаслик келишуви бўлган, аммо 8 ой ўтар-ўтмас сотувга қўйиб юборган. Олган одам жуда қўпол эди. Айрим нарсаларимизни олиб чиқиб кетишга ҳам улгурмай қолганмиз.
“Аллоҳим назаридан колмайлик, насиб қилса, шу сентябрда уйимиз битсин”, деб дуо килиб турибмиз. Ижарада яшайдиганларга ижара берувчиларнинг инсофлиси учрасин. Ҳар бир уйга муҳтожга Аллоҳим уй олишни насиб қилсин.
Наргиза Оромиддинова
* * *
Маклер ва ижара ҳақи жуда қиммат
– Ёшим 50 дан ошди. Илгари талабаликда яшаганман. Яқин 2-3 йилдан буён яна ижарадаман. 25 йил олдин Сергелида болалар уйида ўсган, ўриссифат бухоролик чолнинг уйида турганман. Бир куни ишдан келсам, эшик ёпиқ, нарсаларим ичкарида, чолнинг ўзи уйни сотиб, Бухородаги қариндошлариникига кетворибди. Кўчада қолиб кетганман. Ноябрь ойи эди ўшанда.
Маклерларнинг ҳақи ўта катта, ижарага оладиган одамга оғирлик қилади. Квартира ҳақи ҳам ўта қиммат. Ижарага қўядиган ва ижарага турувчиларни бевосита учраштирадиган платформа керак. Уй олиш ниятим бор, лекин рўзғор харажатларидан ортмаяпти.
* * *
Касал бўлиб қолишдан қўрқаман
– Ёшим 30 да. 2 йилдан буён ижарадаман. Ейишга ҳеч вақом қолмаганида ҳам эмас, аномал совуқда кўчада қолиб кетганимда ҳам эмас, муттаҳамга учраб, ижара пулини олдиндан тўлаб қўйиб, идорама-идора югурганимда ҳам эмас, кана босган уйда мажбур яшаганимизда ҳам эмас, қийналиб топган пулимни ҳар ой бировнинг қўлига тутқазиб, боламга истаганини олиб беролмаганимда эзиламан.
Субсидияни суриштиряпмиз. Аммо ростини айтганда пул ортмаяпти. Ҳар ой қарз оламиз. Оила боши сифатида айтадиган дардим фақат битта. Касал бўлиб қолишдан қўрқаман. Агар мен касал бўлсам, кўчада қоламиз. Ҳеч қорни зўр тўймайдиган қизим ва аёлим оч қолади. Ўғлим ҳали қайнонамникида. Ҳаётда, танловда адашдим. Шу пайтгача ичмадим, чекмадим, ёмон йўлга кирмадим. Аммо, ўқимадим, ҳунар олмадим. Шунинг учун ҳам бадал тўлаяпман. Қўлимдан келадиган ягона иш эса официантлик ва ноширлик.
Мен алимент тўлайман. Ойма-ой, қолдирмасдан. Қонунан ажрашганман. Қизимни туғилганидан буён кўрсатишмайди. Аёлим ҳам қизи билан турмушдан ажраган экан анча аввал. Бундан ҳабар топгач, оғиз солдим. Алимент олар экан, ўрнида алиментини ҳам уздирдим. Кўп ўтмай, ўғил фарзандли бўлдик.
Ўзи топишим яхши эди. Россияда уруш бошлангач, қайтиб келганман. Энди четга чиқа олмайман. Бўлмаса, шундай юрмасдим. Отам ҳам, онам ҳам касал. Бири инсульт, иккинчиси оғир операциядан чиққан, иккиси ҳам ёшлари 68 да. Акам билан уй талашиб ўтирмай, деб икки йил аввал Тошкентга келганман.
Ҳар ойнинг биринчи санасидан 400 $ минус ҳисоб билан бошлайман. 15-санагача 1 миллион 379 минг алиментга 200 минг сут пулига 300 минг қизимнинг боғчасига 150 минг ўғлимнинг қишлоқдаги боғчасига тўлашим керак. Ўттизигача 250 $ квартирага ва 100 минг коммуналга тўлашим шарт.
Бир иш куним учун ресторан менга 200 минг сўм тўлайди. Ҳар куни 14 соат иш ҳисобида уйда йўқ бўламан. Ҳафтада бир кун ҳам дам олмайман. Дам олсам, 200 минг минус. Бир кунда тўрт соат ухлайман. Ўзимни илк китобимни нашриётга тайёрлаяпман. Китоб ўқийман, ҳикояларимни таҳрирлайман, овқат қиламан.
Аёлим бироз бетоб. Ўғлимизни туғаётиб қон томири ёрилиб кетиб, инсульт олган. Даволаниб турмаса бўлмайди. Шу икки йилдан бери даволата олмадим. Менга ёрдам бўлсин, деб ишга кирган. Хусусий университетда консультантлик қиляпти. Қорнимизга тежаб, устимизга тежаб, эплаб, амаллаб, ҳозирча таслим бўлганимиз йўқ.
Менинг битта орзуйим бор – болаларимга истаган нарсасини олиб бериш. Иккиси ҳам ёнимизда бўлиши. Аёлим ҳам соппа-соғ ҳолида доим ёнимда яшаши. Мен бўлса, ўз севган ишим билан шуғулланиб, фақат ёзишни истайман. Аммо бунинг иложи йўқ! Ҳозир қўлимда 1 миллион 250 минг сўм энг сўнгги ойлигим турипти. Алиментимни тўлайинми, қизим билан ўғлимни боғчасиними, опамга икки ой аввал олган қарзимними ё квартира тўловига олиб қўяйинми?
Яна бир қизиқ воқеа эсимга тушиб қолди. Шу йил метрода аёлимнинг мазаси қочиб, шифохонада ётди. Унинг олдига шошиб, эскалаторда йиқилиб тушдим, чап тиззамдаги бир пай узилиб кетди. Ҳалигача тузук даволанганим йўқ. Оқсоқланиб бўлса ҳам ишладим. Охири кўникдим.
Ўша кунлари чорасизликдан бир иккита масжидга ёрдам сўраб кирдим. Қандай жавоблар олдим биласизми? “Бу ер масжид, тиланадиган жой эмас! Вақф фондига бор. Телефонингни сот. Бориб ишласанг бўлмайдими?” Қизиғи ҳеч ким кимга, нимага ёрдам керак, деб сўрамади ҳам.
* * *
Ижарада яшалаётган умр – ҳашарда ўтаётган умр
– Ёшим 36 да, 12 йилдан бери ижарада яшайман. Бир уйда турардим. Унда она ва қиз яшашарди. Она кун бўйи уйида бўлар, қиз ишга кетарди. Ўқишга бир марта йўл ҳақи тўлаб бориш учун манзилгача 45-48 дақиқа яёв йўл босардим.
Баҳор ва ёзнинг чегара вақти, рўза кунлари эди. Дарсим тушдан кейин бўларди. Қайтишда квартирамгача аранг етиб олардим. Ўша куни ҳам метродан чиқиб, яёв юриладиган йўлни минг азобда босиб ўтдим, 2-қаватга жон чекиб кўтарилдим. Эшик қўнғироғини босаман, очилмайди, намоз ўқиётган бўлса керак, деб кутаман, яна босаман. Бир соатга яқин эшик тагида қолиб кетдим. Уй бекаси “ие, келганмидингиз”, деб кейин очди. Мен кейинги бир неча кун ҳам ўша бир соат опа нима билан банд бўлгани ҳақида бош қотириб юрдим. Бир куни қизига гурунг бераётиб, опа уйига бир таниши келгани, туйнукдан кимлигини кўриб, бир соатлардан кейин очгани, эшик тагидаги келган одам кутавериб, терга тушиб кетганини айтиб кулди. Миямга менинг ҳам бир соат эшик тагида турганим урилди, атайлаб очмаганларини билдим. Рўзалигим, илик узилди вақтда бориш ва қайтишда деярли икки соат яёв йўл юрганим, соғлигим ҳам қилич эмаслигида опанинг ўша кунги тубанлиги у кишига бўлган бор ҳурмат, эҳтиромимни шудгорлади. Эртаси куни бошқа ижара манзилга чиқиб кетганман.
Ўқишни тугатиб, иш бошлаганимга икки йил бўляпти. Имкон қадар харажатларни иқтисод қилиб, уй олишга йиғиняпман. Уй нархи ўсиши умидга таъсир қилса ҳам, ўлдиролмайди. Боқишга шароити бор синглимга (куёвининг суруви бор, бепул қараб беради) 4 та қўй олиб берганман. Тўқайга яқин турадиган синглимга йилқи олиб берсам, қараб беришини айтганди, шундай қилдим. Онам бузоқли сигиримни парваришлаяптилар. Бир ишим учун ҳақ олишим керак. Шуни ҳам кутяпман. Насиб, уни ҳам олсам, уйнинг бошланғич тўловига анча яқинлашаман.
Ижарада яшалаётган умр – ҳашарда ўтаётган умр. На ҳаловат бор, на еган-ичган, юриш-туришда мазмун. Умрингизнинг энг навқирон, ҳафсалангизнинг энг авж босқичини, фаолиятингизнинг сармоя тикадиган вақтини ижарада “яшаш”га сарф этасиз.
Ижара ҳақи қулайроқ бўлиши учун аксар ҳолларда уй эгалари билан турганман. Кўпинча уйнинг хизматкори бўлганман. Идиш-товоқ ювиш, уй тозалаш... Қишнинг кунида ҳовлидаги кафелларини ҳам ювдиришарди. Латтани иссиқ сувга ювиб ишлатилган тақдирда ҳам қўл нам бўлгани учун қотиб қолади.
Бир гал ўзим бир ойлик ижара пули ва маклерга ҳақ тўлаб уй олдим. Одатда ижарага борган одам “генералний уборка” қилади. Қанча пулга тозалик воситалари олиб неча кунда уйни одам башара қилдик. Бирга турадиганларни ўзим танлаб, яхши муҳит қилмоқчи бўлдим. Олган қизларим ўзаро жанжаллашиб, шу қадар зада бўлдим, 20 кунда 600 доллар тўлаган ижара уйимдан қанча кўнгилсизлик билан чиқиб кетдим. Aлқисса, ижара азобини ўйласам, Художон кечирсин, яшашдан чарчаб кетаман.
Тошкентга келган йилим бир марта тўйиб иссиқ овқат ейиш катта байрам бўлган вақтлар эди. Юборган одам номи сир тутилиб икки сумкада озиқ-овқат маҳсулотлари келди. Ўша вақтда бу икки сумканинг мен учун нима бўлгани ҳозир ҳам кўзимни ёшга тўлдиради. Саҳарликда неча кишилигимизни сўраб, ош ташлаб кетишарди. Одамларнинг одамийлиги учун одамзоддан қарздорлигимни туйиб, ошни йиғлаб ердим.
Кейин йўл пулини тежаш учун узоқ масофага яёв қатнаётганимни билган танишим, эътирозимга қарамай, талаба транспорт картаси олиб берди. То ўзимни тутиб олгунимча ойлик тўловини ўтказиб турди. Одамлар бор бўлсин! Буларни инсониятга эҳтиром сифатида бир эсладим.
* * *
Икки йилдирки уйимизни кутамиз
– Ёшим 37 да. 11 йилдан буён Тошкент шаҳрида ижарадамиз. Шу пайтгача 7 марта кўчишга мажбур бўлдик. Чунки ёки уйни сотишади ёки ремонт қилишади. Уй олиш учун бошланғич тўловга деб амаллаб йиққан пулимизни карантин пайтида ижарага тўлов қилишга мажбур бўлганмиз. Ижара шартномасини кўпчилик уй эгалари хоҳламайди, шунинг учун ҳужжат ишларида қийналганмиз. Aйниқса, болаларни мактабга жойлаш учун.
Уй олиш ниятида кўп йиғиндик, лекин карантин, тўй ва рўзғор учун кетиб қолди. Имкон қадар емай-ичмай йиғиб, қишлоқдаги томорқани сотиб, 2 йил олдин Тошкент тумани Қизғалдоқ маҳалласида қурилаётган янги уйларга тўлов қилдик. Чунки қўлимиздаги пулимиз ва муддатли тўлов учун имконимиз фақат шунга етганди, холос. Бошқа уйларни кўриб, фоизида учта уйни пули чиқиб кетишини билдик.
Шартнома бўйича 2022 йил декабрида топшириш керак бўлган уй ҳалиям топширилмади. Ҳар хил баҳоналар билан алдаб келишяпти. Мурожаат қилсак, эски пулни қайтариб беришмоқчи. Лекин у пулга ҳозир умуман ҳеч қандай уй ололмаслигимизни билиб, уйимизни битишини мажбур кутяпмиз. Чунки бошқа имкониятимиз йўқ. Aлданиб қолишдан қўрқяпмиз.
Ўзбекистонда уйлар нархи ва ижара жуда қиммат. Оддий халқ уй олиши учун йиллаб қийналади. Бизга ўхшаб, мажбурликдан алданиб ёки умидвор бўлиб яшаётганлар жуда кўп. Бунга қонуний чоралар кўришга ишонч йўқлиги учун фирибгарлар кўп ва мурожаатлар кам, деб ўйлайман. Aллоҳ ҳаммани мушкулини осон қилсин, илоҳим. Файзли ва саодатли хонадонлар кўпайишини тилаб қоламан!
Тақдирлар, инсонлар... Улар турфа хил ва ҳар бирининг умиди бор. Тушкунликлар ортда қолсин, орзулар ушалсин, ёруғ кунлар, албатта, келсин.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50