Уй бекаси ҳам “декрет пули”олиши мумкинми? Қандай қилиб?
Ушбу саволга эксперт Раъно Исамитдинова жавоб берди.
— Ҳа, мумкин. Жорий йилдан бошлаб уй бекалари, яъни расман иш жойига эга бўлмаган аёллар ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқига эга.
2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилди. Унга кўра, фуқаролар давлат ижтимоий суғуртасига ихтиёрий равишда қўшилиши мумкин.
Бу дегани, агар аёл расман ишламаса ҳам, у ўзини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиб, давлат ижтимоий суғуртасига ихтиёрий қўшилиб, ҳар ой суғурта бадалларини тўлаб борса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, яъни “декрет пули” олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Нафақа тайинланиши учун суғурта бадаллари камида кетма-кет 10 ой давомида тўланган бўлиши шарт.
Бунинг учун нима қилиш керак?
Солиқ иловасида ўзингизни ўзингиз банд қилишингиз керак.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказига бориб ёки my.gov.uz портали орқали электрон мурожаат қилиб “Ижтимоий суғурта” модулида электрон рўйхатига киринг. Суғурта стажини кузатиб бориш ва нафақани олиш учун “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ва “Барака” мобил иловаларини телефонингизга ўрнатинг. Январ ойидан бошлаб суғурта бадалларини ихтиёрий равишда исталган тижорат банкига мурожаат қилиш орқали ёки мустақил равишда “Ижтимоий карта” ахборот тизими ёки унинг “Барака” мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Суғурталанган шахс учун суғурта бадалларини тўлови амалга оширилган давр камида кетма-кет 10 ой бўлса, сизда нафақани олиш учун суғурта стажингиз етарли бўлади.
Мисол. Лолахон январ ойидан бошлаб, декабр ойигача кетма-кет 12 ойлик даврда 100 000 сўмдан суғурта бадаллари тўлаб борди.
Лола бу даврда май ойида 5 кун касал бўлди. Касаллик нафақаси учун 6 ойлик суғурта стажи етмади. Демак, суғурта ҳодисаси юзага келмайди ва унга нафақа тўланмайди.
Лола август ойида 10 кун касал бўлди ва суғурта ҳодисаси юзага келади, чунки у суғурта бадалларини тўлаб келаётганига 6 ойдан ошган. Унга 9 кун учун (дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмайди) проактив шаклда нафақа тўланди.
Лолага декабр ойида ҳомиладорлик ва туғиш даври (126 календар кун)га касаллик варақаси очилди. Суғурта стажи эса етарли – 10 ойдан ошган.
Ана энди Низомнинг 16-бандидаги формулага қўйиб ҳисоблаймиз.
Нафақа миқдори=ЎОИҲ÷25,3 х СК х КС
ЎОИҲ — ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи;
25,3 — иш кунларининг ўртача ойлик сони;
СК — суғурта стажига мутаносиб равишда ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан қўлланиладиган стаж коэффициенти;
КС — меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган давр ичидаги Жамғарма ҳисобидан қоплаб бериладиган кунлар сони.
Нафақани ҳисоблаб кўрамиз. Лола 10 ойда бир хилда тўлаб борган сумма 100 000 сўм. Бунда 10 ойдан 2 йилгача суғурта стажига эга бўлган аёлга 75% стаж коэффициенти қўлланилади.
126 календар кунлик даврдан якшанба ва байрам кунларини чиқариб ташланса, тахминан 105 календарь кун қолади. 2 000 000*:25,3*75%*105.
Лолага ҳомиладорлик ва туғиш даври учун 6 225 296 сўм, 44 тийин нафақа тўланади.
Эсда тутинг! Суғурта бадалини тўлаш ёки тўламаслик сизнинг ихтиёрингизда. Агар ҳар ойда тўлаб борсангиз, ўзингиз учун нафакат декрет пулларини, хатто ишламасдан касаллик нафақаларини ҳам олиш ҳуқуқингиз кафолатланади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0