Республикада уй-жой нархлари сезиларли даражада ошди
2025 йил якунларига кўра, республикада кўчмас мулкнинг иккилламчи бозорида нархлар динамикасининг мўътадил тезлашиши кузатилди. Хусусан, мамлакат бўйлаб иккилламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиши ўртача 8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 6,2 фоиз даражасида бўлган.
Йил давомида нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда уй-жой нархининг ўртача йиллик ўсиши тахминан 17 фоизни ташкил қилди.
Йил якунига кўра, иккилламчи уй-жой учун энг юқори нархлар пойтахтда сақланиб қолди. Шу билан бирга, нисбатан юқори нархлар Самарқанд вилоятида — бир квадрат метр учун 834 доллар, Тошкент вилоятида эса — бир квадрат метр учун 682 доллар даражасида қайд этилди.
Уй-жой учун энг паст нархлар Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди — бир квадрат метр учун 378 доллар. Шунингдек, нисбатан паст нарх даражаси Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилиб, ушбу ҳудудларда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати тахминан 454 долларни ташкил қилди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият
Тошкент шаҳрининг иккилламчи уй-жой бозорида ўтган йил давомида бир квадрат метрнинг ўртача қиймати бироз ошди ва 0,6 фоизга ўсиб, 1100 доллардан кўпроқни ташкил этди.
Шу билан бирга, нархларнинг энг сезиларли пасайиши Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида кузатилиб, ушбу ҳудудларда пасайиш кўрсаткичи тахминан 5 фоизни ташкил этди.
Айни пайтда пойтахтнинг кўчмас мулк бирламчи бозорида нархларнинг анча сезиларли ўсиши қайд этилди. Йил давомида уй-жойнинг ўртача қиймати 9 фоиздан кўпроққа ошди.
Тошкент шаҳрида энг юқори нарх ўсиши Миробод (18 фоиз), Яшнобод (14 фоиз) ҳамда Мирзо Улуғбек (13,5 фоиз) туманларида кузатилди.
Тошкентда ижара нархлари мўътадил ошди
Пойтахтда ижара бозорида ҳам мўътадил ўсиш динамикаси сақланиб қолди. Энг юқори ижара нархлари шаҳарнинг марказий туманларида қайд этилди. Хусусан, Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун 11 доллар даражасида шаклланди.
Шу билан бирга, ижара нархларининг ўсиш суръати Олмазор, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида нисбатан сезиларли бўлиб, мазкур ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш тахминан 11 фоизни ташкил этди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0