+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

УНУТИЛАЁТГАН ҲАЁТИЙ ОБРАЗЛАР

ёхуд кечаги «Уч дугона» ва бугунги хорижда «бахтини топган» таннозлар ҳақида мулоҳазалар
79 13:38 | 20.08.2026 13:38

2013 йили Ўзбекистон давлат консерваториясида бастакор ва моҳир созанда, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Мирзаевнинг юз йиллиги нишонланди. Бу ижодкорнинг санъатимиз тарихидаги ўрни ҳаммага маълум. «Раъно», «Гулноз», «Ёшлар вальси» каби ўнлаб куйлари ўзбек мусиқа санъатининг олтин фондига кирган, ўзимизда ҳам, хорижий томошабинлар олдида ҳам рақслар концерти у кишининг «Дилхирож»исиз ўтмайди...


Ўша юбилей кечасида мен нафақат ўзбек, балки жаҳон мусиқа санъати тарихида ҳам такрорланиши маҳол бир ҳодисага гувоҳ бўлгандим. Атоқли санъаткорлар ва мусиқашунос олимлар минбарга чиқиб сўз айтгани, ёш ижодкорларнинг Муҳаммаджон Мирзаев куйларини чалиб, ашулаларини ижро этганлари – табиий, одатий ҳол. Аммо бир маҳал минбар ёнига шахдам қадам ташлаб, бир онахон келди.


– Мен Намангандан, Поп туманиданман, азизлар, – деди у. – Ёш пайтимизда Ширмоной опа раис бўлган колхозда ёшлар бригадаси бош­лиғи бўлиб ишлаганман. Бир куни, культивация даври эди, тракторни даладан чиқариб, шийпон ёнига миниб келаётсам, сўрида икки меҳмон ўтирганини кўрдим. Тракторни олис­роқда тўхтатиб, ерга тушдим, тап-тап ер тепиб, этик чангини қоққан бўлдим, ариқдаги сувда қўл ювиб, уларнинг ёнига яқинлашдим.


– Салом, она қизим, – деди улардан бўйи пастроқ бир киши мен билан қўл бериб сўрашаркан. – Мен шоир Туроб Тўла бўламан, мана бу киши эса машҳур бастакоримиз Муҳаммаджон ака Мирзаев. Биз икков Попга сиздай қизларимиз ҳақида асар яратиш ниятида келдик. – Раиса билан гаплашдик, энди ҳар бирингиз билан кўришиб суҳбатлашмоқчимиз...


Ҳаяжон босиб, домлага ўшанда нима деб жавоб қилганимни ҳозир эслай олмайман, аммо ҳаётимда бу жуда улуғ воқеа бўлган эди. Орадан кўп ўтмай, «Уч дугона» деган қўшиқни эшитдик. Мана, орадан эллик беш йил ўтди. Бугун Ширмоной опа орамизда йўқ. Аммо биз – ўша уч дугона, Худога шукур, сизларнинг ҳузурингиздамиз...


Шундан кейин Муножот Йўлчиева ва унинг уч нафар шогирди саҳнага чиқиб, ўша машҳур «Уч дугона» қўшиғини ижро этишди:


Сарҳовузнинг бўйларида учарми ғоз,


Чаман бўлур уч дугона қилса парвоз.


Уч дугона, уч моҳирӯй, уч пахтакор,


Уч даламиз таровати, уч сарвиноз!


Попнинг попук қизларига ялли-ялли,


Ширмонойнинг изларига ялли-ялли.


Қўшиққа профессионал раққосалар эмас, етмишнинг нари-берисидаги уч дугона – уч кампир ўйинга тушди. Бунга бироз уйқаш ҳолни мен Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида ўқиган эдим. Қоплон ака дала йўлида кетаётса, ёмон одамларнинг қутқуси билан аразлашиб, акасининг уйига кетиб қолган хотини келаётганини кўради.


«Сўқмоқда бир қизил кийим кўринди, – деб ёзган эди адиб. – Бошида дока рўмоли бўлди. Қўлида саватча бўлди. Одимлари вазмин-вазмин бўлди. Бу, асл қўшиқнинг ўзи бўлди! Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин! Асл қўшиққа тараф йўқ!»


Ҳа, шундай. Бу уч дугона – асл қўшиқ эди. Шу шеър, шу куй уларга аталиб дунёга келган эди. Гарчи бу онахонлар, жуда унақа, муқомини келтириб, хиром айлаган бўлишмаса-да, мени бошқа нарса ҳайратга солди, ҳатто тонг қолдирди: қизлар исми қўшиб айтиладиган ашулалар сон-саноқсиз, буни ҳамма билади. Бироқ бу уч пахтакор қизга атаб ёзилган шеър қўшиққа айлангач, орадан оз эмас-кўп эмас, нақ эллик йил вақт ўтибди. Ўзларига бағишланган қўшиққа илк бор йигирма ёшда, мана энди эса етмишдан ошган пайтида, орадан роса ярим аср ўтгач – яна учов бирга саҳнага чиқиб, «ўз ашулалари»га шодумонлик билан рақс тушгани жаҳон санъати тарихида яна учрармикин?


Бу жарангдор, ёқимли қўшиқни мен бола вақтимда эшитганман. Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Ёз боши. Жаннатмонанд Арслонбоб қишлоғи сайл қилиб келган неча юзлаб меҳмон билан гавжум. Улкан дара бўйлаб майин, аммо жарангдор қўшиқ таралади:


Эй, субҳи сабоҳ еллари, тўхтанг,


менга навбат,


Тингланг мени Поп ерлари, тўхтанг,


менга навбат!


Бутун дара, унинг бағридаги барча одам шу қўшиқ оғушида... Улар шу сўлим табиат бағрига жимир-жимир ҳовури осмонга ўрлаган кенг пахтазор далалар бағридан келишган, яйраб дам олишяпти. Бундай муҳитда бунақа дилбар қўшиқ одамнинг қулоғидан кириб, кўнгли тубидан жой топар экан.


Бир маҳаллар шоиру олимлар, бастакору рассомлар далаларга, завод цехларига, тоғдаги чўпонлар ёнига биргалашиб боришган, меҳнат азаматлари билан суҳбатлашган, улар ҳақида асарлар ижод қилишган, шундай анъана шаклланган. Бу – яхши нарса эди.


Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаевнинг «Аброр Ҳидоятов» портрети рассомлар ва актёрлар орасидаги қалин ўзаро алоқалардан шоҳидлик берса, Александр Волковнинг «Пахта теримида» асари биз эслатаётган нарса – ишлаб чиқариш илғорлари ҳузурига бориб, уларнинг меҳнатини тараннум этишига мисолдир.


Иши гуриллаган, даромад оқиб келиб турган аллақайси банк ютуқларини, омадли спортчиларни, таниқли бизнесменларни «кўтар-кўтар» қилиш расм бўлган ҳозирги даврда адабиёт ва санъат аҳли томонидан меҳнат кишиларини эъзозлаш урфдан қолди. Ҳолбуки, қандай шароит бўлмасин, қанақа тузум бўлмасин, бизни едириб-ичирадиган, кийинтирадиган, уй-жойлар қуриб берадиган, бунинг учун қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам даласидан бери келмайдиган деҳқонлар, кон ишчилари, ҳар бир ҳовуч пахтанинг чигитини айириб, газмолга айлантиргунча минг бир чиғириқдан ўтказадиган бофандалар, ҳатто юз метрдан баланддаги кўтарма кранда ишлаётган қурувчилар, уйқудан кечиб тепловоз бошқараётган машинистлар... асл қаҳрамонларимиз бўлиши керак эмасми? Оғир ва ҳалол меҳнат кишилари «унутилиб», уларнинг ўрнига «қора седана ёғи»ни реклама қиладиганлар ёки эри билан уришиб, чет элга кетиб қолган ва ўша ёқдан «бахтини топган» таннозлар кун қаҳрамонларига айланадиган юртдан барака қочади, қут узоқлашади, файз камайиб кетади.


Биз ҳозир адабиёт, санъат, маданият соҳалари одамларининг ҳамкорлиги кўнгилдагидай давом этяпти, янада ривожланяпти, деб айта оламизми? Қайдам. «Уч дугона» қўшиғи бир шоир ва бир бастакор ҳамкорлигининг тотли меваси эди. Инчунин, ҳозир ҳайкалтарошу рассомлар, бастакор ва шоирлар бир-бири билан аввалги устозлар каби аҳил-иноқ дея оламизми? Ана, Ғафур Ғулом билан Юнус Ражабийнинг ораси қанча қалин бўлган!


Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси – аъзоси Галина Долгаянинг «Все, что предрешено судьбой» («Тақдири азал») деган қиссасини ўқиб чиқдим. У ўзбекнинг энг фидойи фарзандларидан бири профессор Ҳамид Сулаймон ҳаёти ҳақида. Бу адиба бизга устоз олимни яқиндан таништиради. «Устоз», «аллома» деяверар эканмизу аммо яқиндан билмас эканмиз.


Китобни ўқиб бўлгач, ўйлаб қолдим. Қори Ниёзий, Лазиз Азиззода, Мирзакалон Исмоилий, Сулаймон Азимов, Иброҳим Ҳамробоев каби юзлаб улуғларимиз бор. Ҳар бирининг ҳаёти романларга арзийди. Аммо улар ҳақида роман тугул, биографик очерклар ҳам сийрак. Беш-ўн аср наридаги аждодларимиз ҳақида эса бундай асарлар хийла. Яқингинада – ХХ асрда яшаб ўтган шундай ажойиб алломаларимизга камроқ кўнгил бураётгандаймиз. Бу янги замонда уларнинг ибратли умрини ўрганмасдан, турмушидан ибрат олмасдан маънавий қадриятларимизни шакллантира олмасак керак. Яна бир муҳим томони, уларнинг ҳаёти ҳақида сюжет ва конфликтлар ўйлаб топиш ҳам шарт эмас, бари аён.


Президентимиз 2026 йил 1 июнь куни маданият, санъат ва адабиёт ходимлари билан келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказган учрашувида мазкур соҳаларнинг вакилларини жамлади. Бунинг негизида улар орасидаги мулоқотни кучайтириш истаги бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки олдимизда турган вазифалар ижросида ҳар бир тармоқ алоҳида эмас, ҳамкорликда эришади, албатта.


...Устоз бастакор Муҳаммаджон Мирзаев билан ажойиб қўшиқчи шоир Туроб Тўла эллигинчи йиллар охирида қайноқ ёз кунлари Поп чўлларининг чанг-тупроқ йўлларини босиб, шийпонларда деҳқонлар билан чойлашиб, саратон офтобида куйиб-қорайиб меҳнат қилаётган камтарин ва фидойи қизларни бежиз тараннум этишмаган.


Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
публицист



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид