Бу йил Хоразм маданий ҳаётида улкан янгиликлар кўп бўлди

Фоторепортаж

12:30 | 30.09.2026
•
21
Бу йил Хоразм маданий ҳаётида улкан янгиликлар кўп бўлди
Катталаштириш

Хоразм вилоятида 66 та маданият маркази, 2 та театр, 18 та БМСМ, 3 та профессионал (ўрта) таълим муассасаси, 1 та олий таълим муассасаси (филиал), 1 та Ўзбекистон давлат филармонияси ҳудудий бўлинмаси, 1 та Ўзбек миллий мақом санъати маркази бўлими, 1 та «Ўзбекконцерт» ДМ бўлими, 1 та вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ва 12 та тармоқ кутубхоналари фаолият олиб бормоқда.

Хўш, уларнинг фаолияти талаб даражасидами? Халққа маданият, маънавият улашишда, руҳиятини кўтаришда ушбу муассасаларнинг ўрни сезиляптими? Вилоятдаги бу йил бунёд этилган маданият муассасаларига уюштирилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб изланди.

photo_2026-09-30_11-49-02.jpg

photo_2026-09-30_11-49-32.jpg

Пресс-турнинг дастлабки манзили Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали бўлди. Ушбу филиал 2021 йилда ташкил қилинган бўлиб, асосий мақсад — миллий рақс санъати соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда Хоразмнинг қадимий «Лазги» рақсини асраб-авайлаш ва дунё миқиёсида кенг тарғиб қилишдир.

Президент Админстацияси раҳбари Саида Мирзиёева шу йил 27 апрелда Хоразмда Президентнинг вилоятни ижтимоий ривожлантиришга қаратилган қарорлари ижросини ўргангани ёдингиздами? Ўшанда админстрация раҳбари филиалда ҳам бўлган, филиал ва унинг қошидаги мактаб-интернати битта бинода жойлашганига эътибор қаратиб, келгусида қўшимча бино қуриш масаласини кўтарган эди. Буни қарангки, қисқа фурсатда ҳар бир бино ўзининг алоҳида, тўлақонли шароитга эга биноларига эга бўлди.

photo_2026-09-30_11-49-28__2_.jpg

photo_2026-09-30_11-49-31.jpg

Жумладан, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали янги бино қурилиши учун 12,5 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, муассасада таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, талабаларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан уйғунлаштириш ҳамда уларнинг касбий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Филиал ҳудудида 70 ўринли ётоқхона ва 160 ўринли томоша зали барпо этилган.

— Бундай шароитни олти ой аввал тасаввур ҳам қилмагандик, янги бинода таълим сифати ҳам янгича бўлади, — деди филиал директори.

Бўлажак рақс маликалари

photo_2026-09-30_11-49-29.jpg

photo_2026-09-30_11-49-31__2_.jpg

Пресс-тур иштирокчиларини Урганч ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатида бир дунё янгиликлар кутиб турарди. Мактаб-интернати биноси 2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан реконструкция қилиниб, таълим ва ижодий фаолиятни замонавий талаблар асосида ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилди. Муассасада, шунингдек, 50 ўринли томоша зали ташкил этилди.

photo_2026-09-30_11-49-30.jpg

Филиал ва мактаб-интернатида рақс санъатини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.

Мактаб директори ўзбек рақсининг бўлажак малика ва шаҳзодаларини тайёрлаш учун бор салоҳият ишга солинаётганини таъкидлади.

photo_2026-09-30_11-49-29__2_.jpg

photo_2026-09-30_11-49-32__2_.jpg

Навбатдаги манзил — Урганч шаҳар 23-сон марказий маданият маркази

Мазкур масканда Урганч шаҳар маданият бўлими, «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг Хоразм вилояти бўлинмаси ҳамда Хоразм вилояти маданият бошқармаси фаолияти йўлга қўйилган. Марказда 300 ўринли томоша зали, овоз ёзиш студияси, тўгарак ва репетиция хоналари мавжуд бўлиб, улар замонавий техник воситалар билан жиҳозланган.

Пресс-тур давомида янгидан ташкил этилган Комилжон Отаниёзов номидаги ашула ва рақс ансамбли фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Мазкур ижодий жамоа Хоразмнинг бой қўшиқчилик ва рақс санъати анъаналарини авлоддан авлодга етказиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов номини абадийлаштиришга хизмат қилади.

Пресс тур иштирокчилари шунингдек, бу йил иш бошлаган “Лазги ва Авесто” музейида, Хива шаҳридаги 41-сон марказий маданият марказида, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри билан танишдилар.

Умуман, бу йил Хоразм маданий ҳаётида улкан янгиликлар кўп бўлди. Ушбу бинолар халқимизга муносиб хизмат кўрсатадилар деган умиддамиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади