“Ҳуқуқ Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!” – Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Россия ТИВ расмийсини Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишда айбламоқда.
Россия ТИВ расмийси Мария Захарова эса, гарчи юқоридаги вазият ва унга чора кўриш масаласи Ўзбекистоннинг ички иши бўлишига қарамай, Чилонзор тумани 188-мактабда кузатилган ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан «расмий тушунтириш» сўраганини маълум қилди.
“Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тилининг қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак”, – дейди Захарова.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан мазкур ҳолатга “ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосланса, болага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган айбдорга нисбатан чора кўриш сўралгани”ни таъкидлайди ва “бу масалани диққат билан кузатиб боришини” қўшимча қилади.
Ўз навбатида, “Миллий тикланиш” демкоратик партияси лидери Алишер Қодиров Мария Захарованинг ушбу чиқишига муносабатини билдирди.
“Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!
Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди.
Текис жойда тўпалондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртароқ шекилли”, – дейди Алишер Қодиров.
Маълумот учун, рус расмийсининг Ўзбекистоннинг Тошкентидаги мактабда содир бўлган вазиятга аралашувига нисбатан, ҳозирча Ўзбекистон ТИВ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ёки бошқа бир масъул идора бирор расмий изоҳ берганича йўқ.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0