"Uzbekistan Aquatics" конференциясида Олимпиадага тайёргарлик муҳокама этилди
«Uzbekistan Aquatics» федерациясининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Cув спорти турлари Федерацияси раҳбарияти ва масъуллари, бош мураббийлар, Федерациянинг ҳудудлардаги вакиллари иштирок этди.
«Uzbekistan Aquatics» федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Президентимизнинг 2024 йил 4 ноябрдаги «Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Ўтган йилда сув спорти турлари бўйича эришилган натижалар таҳлил қилиниб, жорий йил учун режалар батафсил кўриб чиқилган анжуманда сув спорти турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларда, хусусан, 2028 йилда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришлари учун барча шароитларни яратиб бериш лозимлиги ҳам қайд этилди.
Шунингдек, кун тартибидаги асосий масала 24 январ куни ўтказиладиган Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) Ижроия бюроси йиғилишини юқори даражада ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш бўлди. Ушбу йўналишда барча ташкилий ва техник масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, масъул шахсларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш ва сув полоси бўйича Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийларининг 2025 йилги фаолиятга оид ҳамда бўлажак халқаро мусобақаларга тайёргарлик ҳақидаги ҳисоботлари тингланди. Онлайн форматда иштирок этган ҳудудий вакиллар ҳам ўз минтақаларидаги ҳолат, мавжуд инфратузилма, спортчи ва мураббийлар таркиби юзасидан атрофлича ахборот тақдим этдилар.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган анжуманда ҳудудларда сув спорти турларини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижалари ҳам таҳлил қилинди. Истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Конференция ниҳоясида «Uzbekistan Aquatics» федерацияси ҳамда «Яккасарой спорт-соғломлаштириш мажмуаси» МЧЖга қарашли спорт мактабларининг ўтган йилги нуфузли халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган спортчи ва мураббийлар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ўз мухбиримиз




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0