Жанубий Корея президентига импичмент эълон қилинди
Жанубий Корея президенти лавозимини эгаллаб келган Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилинди. У 2022 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган эди.
Гап шундаки, Юн Сок Ёл ўтган ҳафтада мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга муваффақиятсиз уринишни амалга оширган эди. Бундан ғазабланган парламент ва мамлакат аҳолисининг катта қисми президент истеъфосини сўраб чиққан эди.
Шу боис ўтган ҳафта ҳам парламент Юннинг импичменти бўйича овоз йиғган, бироқ президент узр сўраб, мамлакатни бошқаришни ҳукмрон партияга ишониб топширишга ваъда берганидан сўнг, айрим партиялар фикридан қайтди ва импичмент учун етарли овоз тўпланмади.
Бироқ мухолифат шу билан тўхтаб қолмаслигини ва Юнга нисбатан импичмент эълон қилиш йўлида чекинмаслигини билдирганди.
Шу тариқа бугун, 14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш учун овоз берди.
Бундай чорани мамлакатнинг бир палатали парламенти — Миллий ассамблеянинг 300 нафар депутатидан 204 нафари қўллаб-қувватлаган. 85 депутат қарши овоз берди, яна 3 нафари бетараф қолди, 8 нафари эса ҳақиқий эмас деб топилди.
Маълумот учун, Жанубий Корея қонунчилигига кўра, импичмент учун депутатларнинг камида учдан икки қисми овоз бериши керак эди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0