12 йиллик кураш: касаба уюшмаси меҳнаткаш ҳуқуқини тиклашга киришди
2013 йилда “Марказгазтаъминот” ДУКка қарашли “Пахтачитумангаз” филиали чилангари Шомурот Пирназаров иш жараёнида оғир бахтсиз ҳодисага учради. Туманнинг “Мирза-Олим” маҳалласидан ўтган газ қувурини таъмирлаш чоғида ускунадан нотўғри фойдаланиш оқибатида кучли чақнаш содир бўлиб, ходим оғир тан жароҳати олди. Аммо иш берувчи бу ҳодисага кўз юмди, ходимнинг соғлиғига етказилган зарар юзасидан Н-1 шаклидаги расмий далолатнома тузилмади.
Жабрланувчининг мурожаатидан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди 2015 йилда мазкур ҳодисани расмийлаштирди. Ўша йили тиббий экспертиза Ш. Пирназаровга ногиронлик гуруҳи белгилаб, унинг меҳнатга лаёқатлик даражасини 55 фоиз этиб топди.
Барча тегишли ҳужжатлар қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлса-да, муҳим ҳужжат мутасадди назаридан панада, ғаладонда чанг босиб ётаверди. На ойма ой, на бир йўла тўланадиган нафақа пуллари тўлаб берилмади.
Яқинда “Пахтачитумангаз” филиалида меҳнат муносабатлари бўйича ўтказилган жамоатчилик назорати чоғида Шомурот Пирназаровга оид иш яна кўтарилди. Бу ҳолат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши томонидан назоратга олиниб, ходимнинг поймол қилинган ҳуқуқини тиклаш бўйича тегишли музокаралар олиб борилмоқда.
Орифжон Мизомов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Самарқанд вилояти кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0