Хорижда даволанаётган Акбаралига уй берилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Туркистон маҳалласида истиқомат қилувчи ёш йигит — Акбарали Алимовга кўп қаватли уйдан янги хонадон берилди. Бу инсонпарварлик иши ҳомийлар, маҳаллий ҳокимият ва маҳалладошлар ҳамкорлигида амалга оширилди.
2002 йилда туғилган Акбарали гўдаклигида ота-онасидан айрилган. У акаси Муҳаммадсиддиқ билан қариндошлар қарамоғида катта бўлди. 2022 йили у Корея Республикасининг Пусан шаҳридаги олий ўқув юртига ўқишга кирган. Афсуски, бир йил ўтиб, автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олди. Шундан сўнг у узоқ муддат Кореяда даволанди.
Акбаралининг дардига ҳамюртларимиз бефарқ қолмади. Жонкуяр юртдошлари уни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашди. Кейинчалик унинг соғайишига маҳаллий ҳокимият ва маҳалладошлар ҳам ҳисса қўшишди. Ҳозирда ҳам у хорижда даволанмоқда.
Бироқ, Акбаралининг ватанга қайтгач, янада барқарор ҳаёт кечириши учун уй-жой зарур эди. Мана шу эҳтиёжни инобатга олган ҳомийлар унинг номига Туркистон маҳалласидан замонавий, барча қулайликларга эга хонадонни тақдим этишди.
Тантанали топшириш маросимида хонадон калити ва расмий сертификат унинг яқин қариндошларига топширилди. Тадбирда иштирок этганлар Акбарали Алимовнинг тўлиқ соғайиб, келгусида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.
Анваржон Ҳалимов,
ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0