Меҳнат инспекторлари судлардан нега норози?
Ишхонадаги “қўшним” – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти кенгашининг меҳнат-ҳуқуқ инспектори нолиб қолди:
– Бизга ўз вақтида тўланмаган ёки нотўғри ҳисобланган таътил пуллари, асоссиз ишдан бўшатилганлардан мурожаатлар кўп тушади. Уларнинг ҳужжатларини тўплаб, судларга тақдим этамиз. Гоҳида аппелляция туфайли, қайта-қайта суд мажлислари ўтказилади. Ва ниҳоят, адолатли қарор топиб, эндигина тинчиганимизда яна мурожаатчиларнинг эътирозлари бошланади. Ҳаммаси ўз вақтида ижро этилмаётган суд қарорлари туфайли. Наҳот ўз вақтида ижро этилишини назорат қилиб, бирор чора кўришнинг иложи бўлмаса..?”
Аслида, суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши – ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири. Чунки Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида адолатли судловни таъминлаш билан бир қаторда, унинг натижалари – яъни суд ҳукмларининг амалдаги ижроси ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида таснифланади. Бироқ, бугун юқоридаги каби ҳолатлар ҳам кўп учрамоқдаки, бунинг ортидан яна қайта мурожаатлар ва ортиқча дилхираликлар келиб чиқмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент вилояти кенгаши инспекторларининг фикрларини тингладик.
Муҳаммаджон Рўзметов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори:
– Суд қарори чиққани билан унинг ижро этилиши ўртасида кўп вақт ўтиши мумкин. Бу айниқса, моддий баҳсли ишларда кўп кузатилади. Баъзи ҳолатларда суд ҳукмини ижро этишга манфаатдор шахслар ёки ташкилотлар томонидан тўсиқлар қўйилади, бу ҳам ижро жараёнини ортга суради. Ҳозир айнан суд қарорлари бажарилмаслиги ортидан тушунмовчиликлар учраб турибди. Масалан, жорий йилнинг 30 июнида Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди асоссиз ишдан бўшатилган Д.Турсуновани Оҳангарон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси умумий иқтисодий масалалар бўйича бирлашма бошлиғи муовини лавозимига тиклаш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, унинг мажбурий прогул кунлари учун 11 млн сўмдан зиёд ҳамда Давлат даромадига салкам 2 млн сўм маблағ ундирилиши қатъий белгиланди. Бироқ, орадан икки ой вақт ўтган бўлса-да, фуқаро ҳамон ишга тикланмади.
Яна бир ҳолат. Тошкент вилояти Санитария-Эпидемиологик ва Жамоат Саломатлиги бошқармасининг 83 нафар ходимлари манфаатида 1млрд 113млн 816 минг сўм миқдоридаги пул маблағи ундирилиши бўйича қарор чиқарилган. 2023 ҳамда 2024 йилларнинг турли муддатларида чиқарилган ушбу қарорларнинг ижроси юзасидан ҳам бир неча марта мурожаат қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача Тошкент вилояти Мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан пайсалга солиб келинмоқда. Бундай ҳолатларнинг яна бир нечтасини келтириш мумкин. Умуман, фуқаро сизга мурожаат қилдими, ечимини ҳам тўлиқ сиздан кутади. Қайта-қайта қўнғироқ қилаверган мурожаатчиларга нима дейишни ҳам билмайсан гоҳо. Шунча уриниб, адолатли қарор чиқишига эришсанг-у, ўз ҳалол ҳақини ололмаган ёки ишига тикланолмаган фуқаро сарсон бўлиб юраверса, ишимизнинг самараси қайда қолади? Менимча, бу борада янада аниқ ва лўнда ечимлар керак.
Жўрабек Исломбеков, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-техник инспектори:
– Иш берувчиларнинг асосий вазифаларидан бири ходимлар учун муносиб, кулай ва хавфсиз иш шароитинини яратиб бериш, шунингдек, ходимларни жамоавий ва якка тартибдаги химоя воситалари билан таъминлашдир. Минг афсуски, тиббиёт муассасаларининг кўпчилигида ходимларнинг якка тартибдаги ҳимоя воситалари, махсус кийим-бош билан таъминлашга ва иш ўринларини хавфлилик ва зарарлилик нуктаи назаридан аттестациядан ўтказишга кам эътибор қаратиляпти.
Юқоридаги масалалар бўйича ўтказилган жамоатчилик назорати асосидаги ўрганиш хулосаларига кўра, иш берувчиларга киритилган кўрсатмалар бажарилмаганидан кейин судларга мурожаат қилишга тўғри келяпти. Суд томонидан чиқарилган айрим қарорлар эса, ўз вақтида бажарилмаяпти.
Масалан, 2024 йил 14 августда фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан, Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасига ходимларни махсус кийим-бош билан таъминлаш мажбурияти юклатилган. Ёки бўлмаса, 2024 йил 5 ноябрда фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан, Чирчиқ шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ходимларни махсус кийим-бош билан таъминлаш мажбурияти белгиланган. Шунингдек, 2025 йил 20 январда фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг ҳал қилув қарори чиққан. Унга асосан, Қуйи Чирчиқ туман Тиббиёт бирлашмасига иш ўринларини хавфлилик ва зарарлилик нуқтаи назаридан аттестациядан ўтказиш мажбурияти юклатилган. Яна бир ҳолат. 2025 йил 21 январда фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан, Чирчиқ шаҳар Тиббиёт бирлашмасига иш ўринларини хавфлилик ва зарарлилик нуқтаи назаридан аттестациядан ўтказиш мажбурияти юклатилган. Аммо афсуски орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан, юқоридаги ҳал қилув қарорларининг ижроси таъминланмасдан қолмоқда.
Бир муаммо ҳал қилинмаса, ортидан бошқасини келтириб чиқаради. Айниқса, тиббиёт ходимларининг махсус кийим-бош билан таъминланиши – жиддий масала. Суд қарорларига беписандлик билан қараб, унинг ижро этилмаслиги ортидан мурожаатлар сони ҳам ошади, ишчи-ходимларнинг судларга, қолаверса касаба уюшмалари тизимига бўлган ишончи ҳам сўндириши аниқ.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Муҳаммаджон Рўзметовнинг яна келтиришича, жорий йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Республика Мажбурий ижро бюроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судига Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг 81 нафар ходимлари учун суд қарори асосида тўланиши белгиланган маблағларнинг ундирилиши юзасидан илтимос хати киритилган. Бироқ, айни кунгача маблағнинг учдан бир қисми ундириб берилган холос. Баъзи ташкилот раҳбарлари суд қарорлари ижросини таъминламаганлиги учун Мажбурий ижро бюролари томонидан жаримага ҳам тортилган. Иш берувчилар жаримани тўлашган, аммо ходимларнинг маблағларини тўлаб бериш ёки ишга тиклаш нима учундир пайсалга солинмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугун Ўзбекистонда суд ҳукмларининг ижроси қатъийлигини таъминлаш йўлида жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамай, айрим суд қарорларининг ижро этилмасдан келинаётганлиги ва бунинг оқибатида кўпгина фуқароларнинг сарсон бўлаётганлари бор гап. Хўш, Ўзбекистон Республикаси номидан қарор чиқариш ваколатига эга бўлган судларнинг чиқарган қарорларига нима учун беписандлик билан қаралмоқда? Мутасаддилар бу борада аниқ ечимга эга бўлган чора-тадбирлар қабул қилишадими?
Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0