Тадбиркор Бектош Ҳатамов ўз ташкилотидаги 150 ходимга Грузия саёҳати учун йўлланма совға қилди
Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
— Биз ўзи нега ўқитувчиларга, ходимларга чет элга саёҳат йўлланмасини берамиз? Ўзи бу анъана қаердан келган? Келинг, бугун сизларга шу ҳақида айтиб бераман, — дейди Ҳатамов.
Унинг таъсисчилигидаги Profi University хусусий олий таълим муассасаси жамоаси 2016 йилдан буён ходимларини чет эл саёҳатларига юбориб келмоқда. Ўтган йили ҳам бир гуруҳ ходимларига Sharm Еl Sheikh га саёҳат сертификатини тақдим этганди.
— Бунинг ўзига хос тарихи бор, — деб ёзади тадбиркор. — Мактаб йилларида география, тарих фанларини жуда севиб ўқиганман. Дунёнинг бошқа жойларида одамлар қандай яшашар экан? Уларнинг турмуш тарзи қандай бўлар экан деб роса қизиқар эдим. Ота-онам ўқитувчи бўлишган, мен учун чет эл тугул, бошқа шаҳарга саёҳат қилиш ҳам жуда катта нарса эди.
Онам мактабда завуч бўлиб ишлаганларида Бухорога, Самарқандга ўқувчиларни саёҳатга олиб борар эдилар, албатта, шу баҳона мен ҳам қўшилиб олар эдим ва бу шаҳарларга боришнинг ўзи катта натижа эди. Ота-онам менга ўзларида бера оладиган барча нарсани беришган деб ўйлайман, ундан ортиғини бера олишмаслигини ўша пайтда бола бошим билан ҳам тушунганман.
Лекин нега биз бошқаларнинг болаларига ўхшаб бошқа давлатларга саёҳат қилмаймиз, ана қўшни болаларнинг ота-оналари палон давлатга олиб бориб келишди деб ўйлар эдим. Бирга футбол ўйнайдиган дўстларимдан бирортаси палон давлатга таътилга бориб келдим деса, эринмасдан географик харитадан ўша давлатни топиб, китоблардан ўқиб ўша дўстимга палончи жойига бордингларми, қанақа жой экан, пистончи жойда мана бунақа жойи бор эди, шунга бордингларми, нимаси бор экан, деб савол бериб эзиб юборардим.
Лекин бу ҳол менинг борган сари ўқитувчилик касбини ёмон кўриб қолишимга сабаб бўлган. Хаёлимда ўқитувчи бўлса, ҳеч қаерга чиқа олмай, дунёни кўрмасдан қолиб кетади, деган фикр бор эди. Кейин яна бир сабаб бутун умр ўқитувчилик қилган онам мактабда кўп асаб бузар эдилар, бировларнинг болалари учун куйиб- ёнар эдилар. Бу ҳам “Мен ўқитувчи бўлмайман” деган фикрни тобора миямга жойлар эди. Лекин тақдирни қарангки, ўқишни битиргач, барибир ўқитувчи бўлишимга тўғри келди. Кичкинагина ўқув марказ очдик, кейин мактаб, боғча, университет… Ана - мана дегунча мингга яқин ходим ишлайдиган каттагина компанияга айланиб қолдик.
Лекин ўша болаликдаги саёҳат орзуси менда ўқитувчиларни саёҳатга олиб чиқишга ундайверди ва бу анъанани 2016 йилда илк марта бошладик ва ҳамон давом этиб келмоқда. Бу йил ҳам 150 дан ортиқ ходим ва ўқитувчиларга Грузияга саёҳат сертификатини топширдик.
Нега ўқитувчиларни саёҳатга юборамиз? Чунки ўқитувчи ўзи қанчалик дунё кўрса, дунёқараши кенг бўлса, шунчалик зўр, билимли ўқувчиларни чиқара олади.
Бир ниятим бор: шу ниятни шу ерда ёзиб қўйишим керак, ҳар йили маълум бир миқдордаги ўқитувчи ва ходимларни саёҳатга юборамиз, аслида бирини ташлаб бирини олиб кетиш қарорини бериш жуда қийин иш. Лекин ҳозирча молиявий шароитимиз шунга етади, аммо бир ниятим бор. Шу бир куни компаниядаги барча ходимларни, энг катта раҳбар ходимлардан тортиб, ҳатто фаррош ва қоровулгача барча -барчани олиб балки тўртта, балки бешта, балки ундан ҳам кўпроқ самолётни тўлдириб бирор оролга, ҳеч бўлмаса етти кунга дам олишга кетамиз.
Билмайман, бу ният қачон амалга ошади? Қай тарзда бўлади? Аммо шу ниятимни шу ерга ёзиб қўяй тарих учун. Бунақа жамоа билан ҳар қандай орзу амалга ошади, айтиб бўладими, яқинда шунақа бўлиб қолса, ёзиб қўймаганман деб юрмай.
ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0