ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ ХАВФ МАНБАCИГА АЙЛАНЯПТИМИ?
Автобус ҳайдовчисими ёки учувчи?
Ҳар гал шаҳар автобусига чиққанимда, ўзимни “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли автоуловгамас, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га мансуб самолётга мингандек ҳич қиламан. Шамолдек учиш, тўсатдан тормоз босиш, одам эшикдан тўлиқ кириб улгурмасидан йўлга тушиш — буларнинг барчаси жамоат транспорти эмас, балки адреналинли пойга атмосферасини эсга солади.
Қонунга амал қилмайсизми?
2024 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар кўчаларида жамоат автобуслари учун энг юқори тезлик 50 км/соат қилиб белгиланди. Кўчадаги реал тезлик эса қарийб икки баравар кўп. Айрим ҳайдовчилар томонидан 70 км/соатгача чиқарилади. Айниқса, “электробус”лардаги мониторларда бу равшан кўринади: 50 га етганда экран қизаради, ёруғлик кучаяди. Аммо ҳайдовчи бунга эътибор бермайди.
Тезликни эмас, масъулиятни ҳис этинг!
Яқинда 57-йўналишдаги автобусга чиқдим. Ҳайдовчи худди пойгадаги спортчидай ҳаракат қиларди, машиналарни ортда қолдириш унинг асосий вазифасидек. Тирбандликда эса ўзига тегишли йўлдан чиқиб, бошқа қатордaги енгил машиналарга бақириб: “Ўтказиб юборсанг нима бўлади?!” дея дағдаға қилиб ўтарди.
Ваҳоланки, автобус — жамоат транспорти, “спорткар” эмас! Ҳар бир йўналишда ўнлаб, баъзида юзлаб инсонларнинг ҳаёти ҳайдовчи қўлида. Шу боис, бу жойда тезлик эмас, масъулият биринчи ўринда туриши керак!
Кексаларни ким ҳимоя қилади?
Автобусдаги кутилмаган ҳолатлар, кескин тормоз босиш каби вазиятларда ёшлар камарни тақиб, тутқични маҳкам ушлаб қолишга улгуради. Аммо, кексалар-чи? Яқинда гувоҳ бўлдим: ҳассадаги онахон автобусга чиқди, иккинчи оёғи ҳали ердан узилмасдан, ҳайдовчи эшикни ёпиб йўлга тушди. Яхшиям, салонда йўловчи кўп эди ва онахонни тутиб қолишди. Агар салонда ёрдам берувчилар бўлмаганда нима бўларди?
Катта куч — катта масъулият
Бир фильмда айтилганидек: “Катта куч — катта масъулият демакдир.” Автобус ҳайдовчиси нафақат транспортни, балки ундаги йўловчилар тақдирини ҳам бошқармоқда. Бу вазифа нафақат ҳаракатни таъминлаш, балки ҳафсизлик, ҳурмат ва маданиятни ҳам талаб қилади.
Қолаверса, сўнгги ойларда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти, хусусан, автобуслар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) сони кўпайиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги кузатувларга кўра, йўлдаги жароҳатлар, соғлиққа етган зарарлар ва ҳатто ўлим ҳолатлари кўпинча тўғри ҳаракатланмаган ёки хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган ҳайдовчилар сабаб юзага келмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотига кўра, 2024 йилнинг иккинчи ярмида жамоат транспорти иштирокида содир бўлган ЙТҲлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18–20 фоизга кўпайган. Бунинг ичида пиёдани уриш, тўхташ жойларида нотўғри ҳаракат оқибатида келиб чиққан тўқнашувлар ҳам бор.
Аслида муаммо қаерда?
Мутахассислар фикрича, йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда:
1. Ҳайдовчиларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши – жамоат транспортига белгиланган 50 км/с чеклов кўп ҳолатда эътиборсиз қолмоқда.
2. Хавфсизлик бўйича назоратнинг сустлиги – автобус салонларидаги камера бор, аммо назорат кам.
3. Ҳайдовчиларнинг малакаси ва маданияти – баъзи ҳайдовчилар касб жавобгарлигини англаб етмаган, уларда этика ва йўл маданияти етишмайди.
Йўловчилар ҳаёти эътибор марказида бўлиши шарт!
Жамоат транспорти — нафақат одамларни манзилига етказиш воситаси, балки ҳар куни минглаб инсонларнинг ҳаётига ҳам бевосита дахлдор ҳамдир. Салонда ёши улуғлар, болалар, ҳомиладор аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўлади.
Йўл қоидаларига риоя қилмаган жамоат транспорти ҳайдовчиларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш, мунтазам равишда назорат рейдлари ўтказиш ва ҳайдовчиларнинг билим, маданият даражасини ошириш лозим.
Айрим ривожланган давлатларда ҳар бир автобус рейси махсус датчиклар орқали кузатилади ва ҳайдовчи ҳар бир тезлик бузилиши учун огоҳлантирилади ёки жазоланади. Бизда ҳам бундай тизимни жорий этиш вақти келди.
Саид Амирхон Бурхон,
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0