Тошкентга келаман десангиз 1000 доллардан кўпроқ пул топинг — бир оиланинг бир ойлик харажатлари таҳлили
Сўнгги пайтларда ўзаро суҳбатларда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бу яшаш харажатлари ва нарх-наво ошиши бўлса ажаб эмас. Афсуски, иқтисодиётимиз ўсаётгани билан, даромадлар ошаётгани асносида бошқа бир салбий омил ҳам шиддат билан ўсмоқда — яшаш қиймати қимматламоқда.
Биргина мисол, жорий 2025 йил май ойида аҳоли коммунал тўловлар ва ёқилғи маҳсулотлари ошишини ўз танасида ҳис қилди. Стратегик маҳсулот саналган гўштнинг қимматлашиши ҳам бозорга таъсир қилди. Қуйида ўртача ўзбекистонлик оила бир ойлик яшашига қанча пул сарфлаши мумкинлигини реал вазиятдан келиб чиқиб, таҳлил қиламиз. Бу мавзу бўйича аввал ҳам мақола ёритган эдик, аммо ҳаёт харажати ҳамиша диққат марказида туришга арзийди.
Барчамизга маълум, Тошкент юртимиз пойтахти, маошлар ҳам, харажатлар ҳам энг юқори ҳудуд саналади. Хўш, ўртача яшайдиган ўзбекистонликда 3 нафар фарзанд бор десак, ушбу оилага бир ойда минимал қанча пул керак бўлади?
Дастлаб, энг муҳим омил бўлган бошпанадан бошлай қолсак. Ҳамюртларимиз бахтига, ижара ва уй-жойлар нархлари осмонга сапчиб кетаётгани йўқ, жумладан АҚШ доллар курси ҳам ваҳимали даражада ошмади. Яъни бу соҳада нисбатан барқарорлик. Ҳозирда Тошкентда 250-300 доллар ўртача бир хоналик уй, 300-350 долларга эса икки хоналик ижара уй топиш мумкин. Аммо жаҳондаги вазиятдан келиб чиқиб, доллар курси ўзгариши эҳтимоли борлиги ва оилаларга юк бўлиб тушишини кўздан қочирмаслик керак. Демак, бир оила энг катта харажатлардан бирига ойига ўртача 350 доллар (4,5 млн сўм) ажратишга мажбур.
Албатта, бўш қоп тик турмайди. Яхши ишлаш учун яхши ейиш зарур. Лекин Ўзбекистонда сўнгги вақтларда егулик маҳсулотлари қимматлашуви кутилмоқда. Энг мақтайдиган тўкин-сочинлигимизда асосий маҳсулотлар ошди. Биринчи навбатда гўштни таъкидлаб ўтмоқ керак. Масалан, феврал ойида бир килограмм мол гўшти 100-120 минг сўмгача бўлган, ҳозир эса жойига қараб 140-160 минг сўмгача кўтарилди. Қўй гўшти эса 150-170 минггача ошди (энг кўп қўй гўшти етиштириладиган Қашқадарёда оддий қўй гўшти 130 минггача кўтарилган). Беш литрлик пахта ёғи 95 минг сўмгача ошди. Картошка ва пиёз нархлари ҳам қараб тургани йўқ. Аввалги мақоламизда бир ойлик егулик учун 3 млн сўм ажратиш мумкинлигини ёзгандик. Нархлар ошишини инобатга олиб, ҳозирда кичикроқ оилага 4 млн сўм зарур десак адашмаймиз.
Коммунал тўловлар энди алоҳида масала. 2025 йил 1 майдан бошлаб, табиий газ ва электр тарифларида ўсиш кузатилди. Ижтимоий норма бўйича 200 киловатт соат электр энди 450 сўмдан эмас, 600 сўмдан ҳисоблана бошланди. Табиий газ бўйича норма 100 куб метрга туширилди. Нормадан ошганда, нархлар бир неча баробар ошиб кетади. Совуқ сув, чиқинди ва бошқа майда харажатларни қўшиб ҳисоблаганда, камида 500-600 минг сўм маблағ коммунал хизматлар учун кетиши аниқ (ҳали қиш келмади, балки қаҳратонда бу миқдор 700-800 минг сўмданам ошиб кетар). Бу маблағга озгина пул қўшсангиз, бир пенсионернинг бир ойлик нафақасига яқинлашиб қолади (кузатувларимизга кўра, 750-800 минг сўм пенсия оладиганлар жуда кўп). Авваллари коммунал хизматлар унчалик эътиборга олинмаган бўлса, ҳозирда ҳатто чўнтаги бақувватроқлар ҳам тежамкорлик хусусида бош қотираётгани сир эмас.
Ҳозир май ойи, иссиқ ва қулай фасл. Қиммат, қалин қишки кийимлар зарурмас, лекин барибир енгил кийимлар ҳам арзон баҳода эмас. Қайтанга енгил футболка, шиппаклар бир неча жуфтдан харид қилинади. 3-4 кишининг кийиниши учун камида 1,5 млн сўм маблағ ажратиб қўйиш зиён қилмайди.
Йўл харажатлари. Май ойи бошида аҳоли ҳис қилган масалалардан бири ёқилғи нархининг ошиши бўлди. Жумладан, метан газ нархи 3900 сўмдан 5,2 минг сўмгача ошди. Ўзбекистондаги автомашиналарнинг мутлақ катта қисми метан газда ҳаракатланади. Биргина Тошкент атрофидаги аҳоли пунктларидан пойтахтга келиш нархи аввалги 7 минг сўмдан 10-12 минг сўмгача ошгани маълум (шаҳар ичидаги йўналишсиз таксилар эмас!). Тўғри, жамоат транспорти нархи ўзгаргани йўқ. Аммо бир киши ҳеч бўлмаса бир кунда бир-икки маротаба такси хизматидан фойдаланади. Пойтахтда энг қисқа масофага камида 10 минг сўм билан етиб оласиз (чунки 5 минг сўм бу деярли автобус нархи). Демак, бир киши таксига бир ойда энг камида 600 минг сўм маблағ кетади. Агар оилада икки киши таксида юрса бу миқдор 1,2 млнгача ошади.
Бугун интернет ва техника асрида яшаяпмиз. Доимо онлайн туришимиз учун бизга замонавий тизим керак. Ҳозир ҳатто энг арзон тарифлар ҳам камида 45 минг сўмдан бошланяпти экан. Бундан ташқари, уйдаги вай-фай тармоғига ҳам 150 минг сўм ажратиш мумкин. Майда-чуйда харажатларни қўшса бу ҳам 500 минг сўмга яқинлашиб қолади.
Яна бир масала бор: кўчадан овқатланиш! 2013 йилда Тошкентга бир порция паловни 5 минг сўмга олиб еганим эсимда. Ҳозирда бу нарх жуда кулгули кўринади. Афсуски, ўртача таомхонада қорин тўйдириш бугун хўрандаларга камида 50 минг сўмдан тушади (камида!). Демак, кўчада овқатланадиган оила бошлиғи 20 кун ишга борса, бир миллион сўмни ўзини тушликка сарфлашга мажбур. Агар аёли ҳам ишласа, бу миқдор икки баробаргача ортади. Онда-сонда ресторанларда оилавий овқатланишга ҳам 500 минг сўм кетади (бир ёки икки мартагина, холос!).
Учта фарзанд мактаб ва боғчага бориши мумкин. Боғчага 300 минг ажратсак, мактаб харажатларига ҳам шунча кетиб қолади. Демак, учта боласи бор ота-она болалар таълимига ҳам камида 1 млн ажратиб қўйишга мажбур. Қўшимча дарслар, репититорлар, байрамлар, ўқув қуроллари, кутилмаган харажатлардан келиб чиқиб, балки бу маблағ камлик қилиши ҳам мумкин.
Биз юқорида фикр юритаётган оддий ўртаҳол оиламизда бошқа харажатлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, кимдадир шахсий автомобил бор. Шахсий автомобил миниш таксидан юришдан кўра, серхаражатроқки, асло ундан кам эмас. Уста ва техник кўрик, жарималар, ёқилғи ва бошқа масалаларнинг ўзи яхшигина маблағ талаб қилади.
Демак, барча харажатларни ҳисоблаб, яхлит сумма устида бош қотирсак, 14 млн сўмга яқин маблағ келиб чиқяпти. Бу энг зарур, энг муҳим харажатлар. Бунинг ёнига яна 1-2 млн сўм кутилмаган харажатларни қўшсак, нақ 15-16 млн сўмга яқинлашади. АҚШ доллари курсида 1200 долларга яқин маблағ. Оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетаётган мазкур суммани топиш эса осон иш эмас.
Яна бир нарсага эътибор беринг. Бу ерда даволаниш харажатлари, саёҳат, меҳмондорчилик, ўйин-кулгу каби бирламчи ва иккиламчи омилларни қўшмадик. Ваҳоланки, иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, биздаги аптекалар, шифохоналардаги навбатлар, дори нархларининг донғи ёйилган. Ва барча нархларни статистика бўйича эмас, айни кунлардаги кузатувлар асосида тақдим этдик.
Ҳа, Тошкентда доимий яшаш орзусидан аввал дўппини ерга қўйиб, яхшилаб ўйлаб оладиган замонлар келмоқда. Бугунги ёшлар барча омилларни ҳисобга олиб, қарор қилишлари мақсадга мувофиқ.
Аброр Зоҳидов,
ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0