Бизда ор-номус борми?!
Жуда гўзал бир қизни танирдим. Амалиёт учун келиб юрар, тузуккина санъати ҳам бор эди. Кейин кўринмай кетди.
Бир куни ижтимоий тармоқда суратларини қўйиб қўйибди – Туркияда экан. Гап сўзидан, ранг-рўйидан жуда хурсандга ўхшайди.
Шунда умумий танишимиз, хорижда, жумладан, Туркияда ҳам кўп марта бўлган дўстим маънодор қилиб “бу қиз ҳам кетди...” деди.
Очиқроқ гапиришни сўраганимда, “мана кўрасан, икки-уч йилда қўлма-қўл бўлиб кетади” – деб изоҳлади.
Оғир ботди. Ҳар қалай, у қизнинг бирор ножўя ҳаракатини сезмагандим.
Дўстим кўнглимдан ўтаётган гапларни сезгандай яна тушунтириш берди:
– Кўп қизларимиз сериалларини кўравериб Туркияга, бу давлатнинг эркакларига маҳлиё бўлиб қолишяпти. Тан олиш керак, ҳақиқатан ҳам бу давлат жуда обод, эркаклари орасида ҳам кўркам, ўзига жуда оро бериб юрадиганлари кўп. Бу қиз ҳам ўзини ҳар қанча ақлли тутмасин, хушомадлар қаршисида дош бера олмайди. Кейин ҳаммаси одатдагидай...
Вақт ўтиб, ўзимга ҳам Туркияга бориш насиб қилди. Билсам, оддий гаплар ортида даҳшатли ҳақиқат яширинган экан. Бир марта таксига чиққанимда ҳайдовчи қаерданлигимни сўради:
– Ўзбекистондан, – дедим ғурур билан.
У шундай истеҳзоли қарадики, ўзимни кўчага иштонсиз чиққандек ҳис қилдим.
– Сенларда ор-номус борми, қизларинг ҳаммаёқни босиб кетдику, шарафсизлар... - деди тишларини ғижирлатиб.
Минг тортишмай, у ҳақ эди, ўзим ҳам кўп карра гувоҳ бўлдим бунга.
Албатта, Туркияда ҳалол ишлаб рўзғор тебратаётган ҳамюртларимиз ҳам кўп, тўғрироғи, улар мутлақ кўпчилик. Лекин “ҳалигинақа” йўлни танлаган “озчилик” орасида ҳам кўпчилик экан-да.
Тошкентга келганида Бурақ Ўзчевит атрофида бананни талашаётган маймунлардай қиз-жувонларни, эл ардоғидаги санъаткорларни кўриб, нақадар арзонлашиб кетаётганимизни ҳис қилдим...
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0