Февраль ойи нега бунча қисқа?
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун февраль ойи 28 кундан, кабиса йилида 29 кундан иборат? Бундай “адолатсизлик” қаердан пайдо бўлган? Ахир, 31 кунлик ойлар бор - февраль ҳамкасбларининг тартибли сафида унчалик фарқ қилмаслик учун баъзиларидан бир кунни “чимчилаб” қўйса бўлмасмикан?
Умуман олганда, нега февраль бошқаларга қараганда қисқароқ? Нега март ёки август эмас? Нима, у энг сўнгги ойми?
Айнан сўнгги, аниқроғи, қадимги Рим тақвимида февраль бир вақтлар йилнинг охирги ойи бўлган.
Ўша пайтларда йил март ойида бошланган бўлиб, йилнинг ҳар бир ойи дастлаб 29 ёки 31 кундан иборат бўлган. Февраль охирги ой бўлгани учун унга бир кун етмай қолган. Суткалардан қолган қўшимча чорак кунлар тўпланиб, ҳар тўрт йилда маҳрум қилинган ойга қўшимча яна бир кун теккан.
Эрамизнинг Юлий Цезарь давридаги 45-йилида кучга кирган календарда ойлар бизга таниш одатдаги узунликка ўзгартирилиб, тоқ ойларга 31 кун, жуфт ойларга 30 кун ажратилди. Охирги февраль ойи 29 кунга, кабиса йилида эса 30 кунга эга бўлди.
Тахтга янги император - Октавиан Август ўтиради. Унга август ойи Юлий Цезарга бағишланган июль ойига қараганда бир кун кам бўлгани ёқмади. Шуҳратпараст Август календардаги "ўз ойига" бир кун қўшишни буюрди. Бир кун қаердан олинди, дейсизми? Албатта, февраль ойидан-да, негаки бу ой охирда турарди.
Ўша-ўша бўлди-ю, сентябрдан бошлаб тоқ ойларга 30, жуфт ойларга 31 кун берилиб, ойлардаги кунлар сони ўзгарди. Февраль эса атиги 28 кун, кабиса йилида эса 29 кунга эга бўлди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0