“Кремл уруш ва адоват қўзғаётган бу каби шовинистларга чора кўриши керак” – Захар Прилепин провокациясига фаоллар муносабати
Куни кеча “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий тармоқларда зиёли қатлам вакиллари, депутат ва журналистлар, тадбиркорлар бунга ўз муносабатини билдирди. ishonch.uz сайти мавзуга диққат қаратиб, фаолларнинг фикрини жамлади.
Шарофиддин Тўлаганов, сиёсий шарҳловчи:
– Энди халқ уйғониши керак. Зиёлилар – ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, олимлар мустақилликни сақлаб қолиш йўлида олдинги сафда бўлиши керак. Ижтимоий тармоқларда оддийгина пост орқали муносабат билдириш ҳам босқинчиларга қарши кураш демакдир.
“Советлар таълим берди”, “ўқитди”, “даволади”, “уй берди, жой берди”, деган гапларни бир чеккага суриш керак. Улар ўзимиз етиштирган пахта, пилла, олтин, уран, газ ва мева-чевалардан тушган пулнинг озгина қисмини ўзимизга қайтарган.
Шу ўринда бир мисол: Жазоирликлар Францияга бориб мустамлака даврида бузилган ўз ҳақ-ҳуқуқларни ҳамон талаб қилаверади. Биз эса “совет даврида ҳаётимиз зўр эди” деб ҳамон сўлагимизни оқизиб юрибмиз.
Шу ўринда 1990-йилларида адибларимиздан бирининг гапни келтириб ўтаман: Уйғурлар “агар биз мустақил бўлсак супургининг уруғини қайнатиб ейишга рози бўламиз”, дейишар экан.
Табиий ресурслар вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам россиялик сиёсатчи ва ёзувчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистоннинг Россияга қўшилиши ҳақидаги сўзларига кескин муносабат билдирди:
– Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли. Иккинчидан, ўзбекистонликлар бошқа мақсад йўлида бирлашмаса-да, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида бирлаша оладилар.
Расмий Кремл мамлакат ва халқлар ўртасида уруш ва адоватни қўзғаётган бу каби шовинистларга нисбатан қонуний чоралар кўриши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонни босиб олиш бу кўпчилик томонидан Кремлнинг келажакдаги стратегик режаси сифатида қабул қилинади.
Фируз Аллаев, тадбиркор:
– Прилепин Киевдан кейин Ўзбекистон муаммо эмаслигини айтганлиги янгилик эмас. Шунчаки номи билан «захар» бошқа рус сиёсатчиларда паст овозда ўраб айтадиган гапни, баланд овозда тўғридан-тўғри айтди. Соғлом ақли бор, вазиятни холис кўриб билган одам Путин Россияси фақат Украина билан тўхтамаслигини яхши билади. Амалда Украина ҳозирда бутун пост совет ҳудуди мустақиллиги учун курашмоқда.
Бу сафар ният тўғридан-тўғри айтилганлиги ўзимизнинг Россия дўстимиз, Ғарб душман, ҳаммаси Ғарбнинг фитнаси деб юрган бир қисм сиёсатчиларимизни кўзини очади деб ўйлайман. Бошқа ақли жойида қисм бўлса босимни йиллардан бери ҳис қилиб, дипломатия билан вазиятни ушлаб туришга ҳаракат қилаётганлигига ман ишонаман. Янги даврда Россия билан алоқалар ҳукуматга бир кун ҳам осон бўлган деб ўйламийман.Кўпчилик, айниқса қайсидир органлар вакиллари Россия дўстимиз ёки Россия бизга ёмонлик қилмайди деган парадигмани ўзгартириши жуда муҳим. Бўлмаса, бу парадигма муаммони жиддийлаштириб боради.
Бизга на Ғарб, на Россия, на Хитой, на Туркия дўст эмас. Ташқи сиёсатда фақат ва фақат манфаат бўлади. Манфаатдан келиб чиқиб давлат бошқа давлатлар билан яқинроқ ҳамкор бўлади ёки кимлардандир узоқлашади. Шу учун ҳам биз халқаро сиёсатда Ўзбекистон манфаатини устун қўйишимиз энг муҳими деб биламан.
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировнинг норасмий муносабатини ҳам фикр сифатида келтириб ўтмоқдамиз.
– Россия Марказий Осиё билан конструктив муносабатларга мажбур, бошқа йўли йўқ. Лекин совет даври соғинчини эплаш осон бўлмаяпти, атайлаб ёки билмасдан норасмий давралар буни кўрсатиб қўймоқда.
Ғарбнинг тарқоқ, қўрқоқ ва худбин сиёсатини қўл келишидан умидвор бўлган Россия, Украинадаги муваффақият орқали совет мақсадини расмий сиёсатга айлантирмоқçи эди, бўлмади, лекин иккиламчи мақсадига эришди - Ғарбга ҳамкор сифатида ишонч кескин заифлашди.
Шу билан бирга, Россиянинг асл мақсади ҳам очиқ-ойдин ўртага чиқиб қолди, энди рус эртакларини ҳамма ўз тилига таржима қилиб ўқийдиган бўлди.
Бундан кейин Россия Марказий Осиёга олақараш қила олмайди, чунки Туркия ва Хитой Ғарбдек субутсиз эмас. Буни Қозоғистонда амалда кўрдик…
Рус “перепёлка”лари эса, хомхаёл билан Украинада бўлганидек руспарастлардан умидвор бўлаётган бўлиши мумкин, лекин ишонинг, Украина воқеалари бундайларни ҳам сонини деярли йўққа чиқарди.
Менимча, рус жамоатчилигида ортиб бораётган босқинчи-шовинистик, норасмий чиқишларига чалғимаслигимиз, барча имкониятларни ишончли ҳамкорлар билан иқтисодий ва маънавий қудратимизни оширишга қаратишимиз керак!
Ўзбекистон учун ишончли бўлиш, расмий Россиянинг муҳим мақсади эканлигига шубҳа қилмайман, биз ҳам табиий ҳамкоримиз ҳисобланган Россияга ишончни камайишидан ютмаймиз, лекин норасмий бўлса ҳам, рус жамоатчилигида ортиб бораётган бетоқат шовинистик кайфият давлатларимиз орасидаги ўзаро ишончни асл мақсадларимизга уйғун бўлмаган масофага узоқлаштираётганини ҳам рад этиб бўлмайди.
Бектош Ҳотамов, таълим бўйича эксперт ва тадбиркор:
– Босиб олиш, қўшиб олиш деган гаплар бекорга бошланмайди, демак режада бор. Олдин бундай гаплар учун Жириновскийнинг оғзи яхши эди, у йўқ, демак бошқа йўлини топиш керак.
Отабек Юлдашев, Мудофаа вазирлигининг матбуот котиби:
“Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 153-модда
Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос
– Биринчидан, бунақа аҳмоқларга албатта расмий жавоб берилиши керак. Турли нодавлат ташкилот вакилларининг баёнотлари билан чекланмаслик зарур. Албатта расмий, давлат позициясини ифодаловчи, қатъий ва дадил жавоб бўлиши шарт.
Иккинчидан, бунақа потенциал босқинчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш (ЖК 159-модда) айби билан сиртдан жиноят иши қўзғаш керак. Бунинг учун барча етарли далиллар бор. Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олади.
"СССР қандай парчаланган бўлса, ўша ҳолида тикланиши керак", "СССР ноқонуний парчаланган, унинг парчаланиши ҳақидаги ҳужжатлар ноқонуний ва ҳақиқий эмас" деган гаплар ҳам Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш дея баҳоланиши керак. Ўзбекистон ҳудудида ҳам кимдир шу каби гапларни айтса, албатта жазоланиши шарт. Бошқача айтганда, Ўзбекистон мустақиллигини шубҳа остига қўядиган, Ватанимизни яна мустамлака қилишга олиб борадиган ҳар қандай тарғиботга аёвсиз чора кўрилиши керак. "Ҳа, майли энди, сўз эркинлиги бу, шахсий фикрини айтибди" деган баҳоналар ўтмайди. Ҳар қандай сўз эркинлигининг чегараси бор. Ватан мустақиллиги мавзуси муқаддас бўлиши шарт ва зарур, бу мавзуда бошқача талқинларга ўрин йўқ.
Натижа нима бўлди?
Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ўз тезкор позициясини билдирди. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Элчиси О.Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди.
Учрашув давомида Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"лигини билдирди.
Кейинроқ, Россия ТИВ рус ёзувчисининг Ўзбекистонни РФга қўшиб олиш таклифига муносабат билдирди. –Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, бу ҳатто Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан ҳам акс эттирмайди”, — дейди Мария Захарова.
Шу билан бирга, у Россия ҳозирда “миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада тартибли ва ўзаро манфаатли қилиш учун бир қатор тартибга солиш, ташкилий, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар устида ишлаётганини айтди.
“Миграция масаласига келсак, Россия томони чет элдан, биринчи навбатда, дўст мамлакатлардан меҳнат ресурсларини жалб қилиш ҳам Россия, ҳам бундай хизматларни экспорт қилувчи давлатлар манфаатларига жавоб беришини бир неча бор таъкидлаган”, — деди Захарова.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0