Хоразм делегацияси Озарбайжонда
Озарбайжон Миллий фанлар академияси (ОМФА) президенти, академик Исо Ҳабиббейли Хоразм вилояти (Ўзбекистон) Педагогика маҳорати маркази директори, профессор Жасурбек Салаев бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Озарбайжон Миллий фанлар академияси биносида бўлиб ўтган учрашувда академик Исо Ҳабиббейли сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг фаолияти туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, қардошлик муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Бугунги кунда Озарбайжон Ўзбекистон билан кўплаб соҳаларда, жумладан, илм-фан ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда, ҳар икки мамлакат олий таълим муассасалари олимлари ва ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўрнатилган алоқалар кенгайиб бормоқда, дея давом этди академик.
Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Ўзбекистон Фанлар академияси ва олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаган ОМФА раҳбари Озарбайжон ва Ўзбекистон олимлари умумий тарих, тил, адабиёт, археология ва бошқа соҳаларга оид тадқиқотлар олиб бориши, илмий конференциялар, симпозиумлар, нашрлар устида иш олиб бориши айни муддао эканини эътироф этди.
Сўнг профессор Жасурбек Салаев сўзга чиқиб, ОМФАга ташрифидан мамнунлигини билдириб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстлик ва умумий қадриятларга асосланган муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани ҳақида тўхталди. У ўзи раҳбарлик қилаётган марказнинг тарихи ва фаолият йўналишлари, кадрлар тайёрлаш борасидаги тажрибалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. ОМФА билан ҳамкорликка қизиқиш билдирди.
Маърузалардан сўнг Озарбайжон миллий Фанлар академияси ва Хоразм вилояти Педагогика малака ошириш маркази ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳужжатни академик Исо Ҳабиббейли ва Педагогика маҳорати маркази директори, профессор Жасурбек Салаев имзолади.
Сўнгра меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди ва тарих учун суратга тушиш маросими бўлди.
Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси академия Президиуми биносига ҳам ташриф буюришди.
Назмин ЖАФАРОВА,
ОМФА Президиуми жамоатчилик,
матбуот ва ахборот билан алоқалар бўлими
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0