Кулгу улашувчи жиддий инсон: “Мистер Бин” 70 ёшда
Кўпчилик мухлислар унинг ҳақиқий исми-шарифини билишмайди ва оддийгина мистер Бин деб қўйишади. Инглиз актёри Роуэн Аткинсон комик роллари билан дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар қалбини забт этган.
Жонни Инглиш, Эдинбург герцоги ва ниҳоят мистер Бин роллари унинг шуҳратини оламга ёйди. Энг қизиғи, ижролари билан одамларни кулдирувчи актёр ҳаётда анча жиддий феъл-атворга эга. У магистр даражасига эга ва техника фанлари билан жиддий шуғулланган. Қуйида машҳур ижодкорнинг ҳаёт йўлини кўриб чиқамиз.
Роуэн 1955 йил 6 январда Англиянинг тоғли Консетт шаҳридаги оддий оилада туғилган. Унинг ота-онасининг телевидение ёки саҳнага алоқаси йўқ эди. Ота Эрик деҳқон эди, онаси Элла Мэй унга ёрдам бериб, уч фарзандни тарбиялаган. Болалигидаёқ Аткинсон деярли ҳаммани кулдириши мумкин бўлган ўзига хос юз ифодасига эга эди, у мактабда тез-тез кулгули чиқишлар қиларди. Мактабдаёқ бўлажак актёр ҳазилкаш ва масхарабоз сифатида танилган, бу эса Роуэнни ўқувчилар орасида машҳур шахсга айлантирди.
11 ёшида бола ўша пайтда Буюк Британиянинг бўлажак Бош вазири Тони Блэр ўқиган нуфузли мактабга ўтказилди. Кейинчалик актёр Англиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Сент-Бис ёпиқ хусусий мактабига кўчиб ўтди. Бу ерда Аткинсон ўзини жуда ноқулай ҳис қилган турли хил спорт фанларига катта эътибор бериларди. Унинг жисмоний ҳолати спортдан йироқ эди ва машғулотларда тезда чарчаб қоларди. Синфдошлари заиф боланинг устидан кулишди, кейин Роуэн бундан фойдаланишга қарор қилди. Кийиниш хонасида у ўқитувчиларни пародия қилди, ўзининг комедиявий истеъдоди туфайли бошқаларни ҳайратлантирди. Йигит шу тариқа ўзининг спортдаги ожизлигидан ҳис қилган уятни яширди, тенгдошлари орасида ҳурмат қозонишга ҳаракат қилди.
Коллежни тугатгандан сўнг, бўлажак актёр ўзининг ўсмирликдаги масхарабозлиги учун хижолат бўлиб, жуда жиддий ва камтарин йигитга айланди. Ньюкасл университетига электроникани ўрганиш учун ўқишга кирди. Бўлғуси комедия устаси болалигидан физикани яхши кўрарди ва қийин формулаларни осонгина ёдлаб ва тушуниб оларди. Ижодкор учун техник фанлар ҳар доим осон бўлган, шунинг учун университетни тугатгандан сўнг, Роуэн Оксфордга таклиф қилинди ва у ерда докторлик диссертациясини ёзишга киришди. Айнан ўқиш пайтида актёрнинг ҳаётида ажойиб одамлар пайдо бўлди: булар ёзувчи Ричард Кертис ва бастакор Ховард Гудал эди. Бу кишилар унинг келажакдаги фаолиятида энг яхши дўстлари ва ҳамкасбларига айланди.
Аткинсон 2-курслигида актёрлик ва масхарабозлик билан шуғулланган, ажойиб жамоа аъзосига айланганди, улар ҳаётини саҳнасиз тасаввур қила олмасди. У экспериментал театр клуби ва Оксфорд университети драма жамиятига аъзо бўлди. Актёр сценарийларни дўсти Кертис билан ҳамкорликда ёзган, у келажакда кино соҳасида ҳам катта муваффақиятларга эришди. Магистрлик даражасини олгандан сўнг, Аткинсон Etseteras театр труппаси таркибида Англия бўйлаб гастрол сафарига чиқди.
Роуэн тезда Буюк Британиянинг комедияси саҳнасида юлдуз сифатида шуҳрат қозонди. Дунё тан олиши йўлидаги биринчи қадам оддий "Аткинсон одамлари" номли радио шоу эди. Актёрнинг ҳамкори унинг дўсти ва ҳамкасби Ричард Кертис бўлди. Роуэн ўзи ўйлаб топган қаҳрамонлардан олинган сатирик интервюлар халқ эътирофига сазовор бўлди.
Аткинсон телевидениега бошқа бир комедиячи Ангус Дейв туфайли келди. Уларнинг биргаликдаги чиқишлари ёзиб олинган ва шоулардан бирида намойиш этилган. Кейинчалик актёрга Жон Ллойд продюсерлик қилган дастурни суратга олиш таклиф қилинди. Говард Гудолл бастакор бўлди ва шоу учун унутилмас мусиқа ёзди, Ричард Кертис эса фильмнинг бир нечта эпизодларини яратди. Скетч-шоу 1979 йил октябрь ойида эфирга узатилди ва дарҳол Буюк Британияда жуда машҳур бўлди.
Телевидениедаги муваффақиятли дебютидан сўнг, Аткинсон Хю Лори ва Стивен Фрай иштирокида ўрта асрлардаги воқеалар тасвирланган "Блэккедер (Қора илон)" комедиясига таклиф қилинди, бу Аткинсоннинг Англиядаги энг машҳур комедиячилардан бири сифатида шуҳратини мустаҳкамлади.
Аткинсон илк бор 1989 йилда “Темза” телевидениесида янги йилга бағишланган ярим соатлик махсус кўрсатувда пайдо бўлган жаноб Бин образидаги дебютидан сўнг жаҳон миқёсида шуҳрат қозонди. Янги йилдан сўнг дарҳол худди шу номдаги "Мистер Бин" сериали чиқди. Роуэн Оксфордда ўқиб юргандаёқ ушбу персонажни ўйлаб топган ва ҳатто бир неча бор фестивалларда пайдо бўлганди. Ўз ишида актёр қаҳрамоннинг юз ифодалари ва мимикасига катта эътибор берди, чунки Бин сериалида деярли ҳеч қандай диалог мавжуд эмас ва жуда кам гапиради. Бу ролдан сўнг Аткинсоннинг машҳурлиги том маънода Буюк Британия чегараларини кесиб ўтди ва дунё саҳнасига чиқди. Беш йил давомида бутун дунё жаноб Биннинг саргузаштларини томоша қилди; ҳар бир эпизод 20 миллиондан ортиқ томошабинни жалб қилди. Сериалнинг ажойиб муваффақияти 1997 йилда чиқарилган худди шу номдаги тўлиқ метражли фильмни яратишга имкон берди. Машҳур қаҳрамон образида актёр бир неча бор кўплаб шоу ва телевизион лойиҳаларда иштирок этиб, томошабинларни ранг-баранг чиқишлари билан қувонтирди.
Бироқ вақт ўтиши билан Роуэн Аткинсон мистер Бин образидан чарчай бошлади ва "Мистер Бин таътилда" фильми бу туркумдаги сўнггиси бўлишини эълон қилди. Фильм 2007 йилда чиқарилган.
2012 йилда Аткинсон Лондондаги Ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида диний қаҳрамон сифатида пайдо бўлди. Маросимдан сўнг Роуэн интервю берди ва “Мистер Бин” фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Актёрнинг сўзларига кўра, рол жисмоний томондан тобора қийинлашган эди, чунки персонаж ниҳоятда кўп юз ифодаларига эга саналади.
Телевизион экран томошабинлари қалбини забт этгандан сўнг, Аткинсон интернетда ҳам фаол ижод қила бошлади. 2018 йилдан бери YouTube платформаси Handy Bean шоусини чиқарди. Мистер Бин каналининг машҳурлиги тезда ошди ва Роуэн унинг ортидан YouTube бриллиант тугмачасини олди. Ҳозирда ушбу канални 34 миллиондан ошиқ фойдаланувчи кузатади.
Ижодкор бадиий филмлар борасида ҳам самарали меҳнат қилди. "Каламуш пойгаси" фильмида Аткинсонга у билан тенг даражада машҳур комедиячилар Жон Клиз, Вупи Голдберг, Сет Грин ва Жон Ловиц ҳамроҳлик қилди. 2003 йилда "Агент Жонни English" комедияси чиқди, актёр жаноб Бин ролидан узоқлашди ва Британия разведкаси агенти ролини ўйнади. Фильмнинг ўзи машҳур жосус Жеймс Бонд ҳақидаги фильмларнинг пародияси эди. Фильм муваффақиятли чиқди ва Роуэн энг яхши актёр учун нуфузли Европа кино мукофотини олди. 2011 йилда филмнинг “Агент Жонни English. Қайтиш” номли давоми суратга олинди.
Роуэн ўз чиқишларида кўпинча интервю беришни ёқтирмаслигини ҳазил қилади, чунки журналистлар унга шахсий ҳаёти ҳақида саволлар беришади. Афсуски, актёр ҳаёти кинодагидай қувноқ эмас. Аткинсон дастлаб актриса Лесли Эш билан учрашди, лекин кейин у билан ажрашиб кетди. 80-йилларнинг охирларида у BBC ходими Санетра Сестри билан учрашди. Уларнинг муносабатлари жуда тез ривожланди ва 1990 йилда улар турмуш қуришди: дастлаб жуда камтарона, оила даврасида оддий маросим, кейин эса Лондоннинг марказида ҳашаматли тўй ўтказилди. Бу оиладан икки нафар фарзанд (бир ўғил ва бир қиз) дунёга келди: Лили Грейс ва ўғли Бенжамин Александр Себастян. Қиз отасининг изидан борди ва Роуэн фильмларида бир нечта кичик ролларни ўйнади, лекин охир-оқибат қўшиқчи бўлди. 2013 йилда Роуэн ажрашиш учун ариза берди. Ҳозирда Аткинсон актриса Луиза Форд билан яшаб келмоқда. 2017 йил декабр ойида уларнинг Исла исмли қизлари дунёга келди.
Актёр пойга ва автомобилларга қизиқади. У ҳатто бир пайтлар бу мавзуларда ихтисослашган журналлар учун мақолалар ёзган. 2011 йилда Роуэн 650 минг фунт стерлинглик McLaren F1 машинасида соатига 240 мил тезликда ҳаракатланиб ҳалокатга учради ва ўлимдан зўрға қутулиб қолди. Кино юлдузининг автопарки BMW 328 ва Aston Martin Virage, Rolls-Royce, Morris Traveller, гибрид Honda Civic ва Mercedes-Benz 500E кабилардан иборат. Агент Жонни English фильмидаги қаҳрамон бошқарган Aston Martin DB7 Vantage машинаси ҳам Аткинсонга тегишли. Унга ёқмайдиган автомобил маркаси ҳам бор – Porsche. Аткинсон ҳазил тариқасида бу турдаги машиналарни танлаган одамлар билан тил топиша олмаслигига ишонишини айтган.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0