Маданият вазирлиги эътиборига!
Бизга цирк керак эмас(ми?)
Охирги марта қачон циркка тушгансиз? Ҳа, ўша, «Чорсу»даги циркни назарда тутяпман… «Ўзинг-чи?» дейсизми? Ўзимга қолса-ку, ўша жойга бормасдим. Бунга вақт қайда? Аммо болаларим қўймади. Ўн кун олдин ҳамма ишга қўл силтадиму ҳайё-ҳайт деганча уларни етаклаб, циркка отландим…
«Ўзбек давлат цирки». Бир асрдан ортиқ тарихга эга маскан... Дорбоз Тошкенбоевлар, чавандоз Зариповлар сулоласининг маҳорати, қизиқарли дастурлари ёши катта авлоднинг ҳали-ҳамон ёдида бўлса ажаб эмас… Бу даргоҳда не-не ижодкорлар ишламади дейсиз. Аммо унинг бугунги аҳволи мени чексиз ҳайратлантирди, аниқроғи, қаттиқ хафа қилди.
Оғизда ажратилган, амалда эса…
Болалигимдаги цирк биноси билан ҳозиргиси бир-биридан тубдан фарқланади. Айниқса, бугунгиси чексиз «имконияту шарт-шароит»га эга бўлибди. Йўлак бўйлаб бинога кирарканмиз, нохуш ҳиддан димоғимиз «яйради». Зах ва совуқ, тўкилиб, нураб, сарғайиб кетган деворлар, қоронғи йўлак бўйлаб томоша залига аранг кириб олдик.
Масхарабоз, дорбоз, акробат ва бошқалар кетма-кетликда саҳна кўринишларини бошлашди. Болаларимнинг оғзи қулоғида, шод-хуррам. Менинг эса кўнглим ёришмади, болалик тасаввурларим тинчлик бермади. Наҳотки, болалик хотирамда абадий муҳрланиб қолган цирк шу бўлса… Пойтахтнинг қоқ марказидаги бино шу аҳволга келиб қолса-ю, у билан ҳеч кимнинг иши бўлмаса… Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.
Ахир, 2019 йил 23 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзининг расмий сайтида цирк биносини таъмирлаш учун 46,63 миллиард сўм маблағ ажратилгани, ишлар бошлаб юборилгани ҳақида хабар тарқатганди. Шунча пулга бинони қасрга айлантириб юборса бўларди. Шу хаёллар билан ташқарига йўл олдим.
Очиқ ҳавода тургандим, 50-60 ёш атрофидаги отахон ёнимга келди. Набираларини олиб келган бўлса керак, деган ўйда уни секин гапга солдим. Билсам, у киши циркка қарийб 30 йил раҳбарлик қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баҳром Мажидов экан.
– Ўша вақтда оғизда пул ажратилганидан хабаримиз бор, аммо амалда ҳокимият циркка ҳеч нарса бермаган, – деди у. – Бино охирги марта 1998 йилда таъмирланган. Ҳозирги ҳолат юзасидан маданият вазирига бир неча маротаба хат ва илтимоснома киритдик, лекин натижа бўлмади. Вазир жаноблари циркни хусусийлаштириш ҳақида ўйлаётган экан. Санъаткор, маданият ходими шундай фикрлаб турса, бошқалардан нима кутиш мумкин?! Ҳар ҳолда, бир пайтлар ўзи ҳам шу бинода концерт берган. Демак, вазиятни ҳаммадан яхшироқ билади. Давлат тасарруфида бор-йўғи битта цирк бор. Наҳот, шуни ҳам эплолмасак? Ваҳоланки, ҳозир бутун дунёда цирк гуллаб-яшнаяпти. Масалан, Қозоғистонда тўртта цирк фаолият юритади. Ёки Туркманистондагисига тенг келадигани бирон жойда йўқ. Бизда эса…
Ходимларнинг моддий аҳволи, ойлик маоши ҳақида-ку, гапиришга ҳожат йўқ. Бу пулга циркда фақат фидойилар ишлайди. Улар оғир шароитда ҳам халқаро фестивалларда қатнашиб, олий ўринларни қўлга киритишяпти. Хусусан, яқинда икки нафар артистимиз Монте-Карлода бўлиб ўтган халқаро цирк фестивалида биринчи ўринни эгаллашди. Ёки ҳаво гимнастикаси йўналишида яна бир қаҳрамонимиз Гиннес рекордлар китобига киритилди.
Ўзбек циркида бир вақтлар 450 нафар артист ишлаган (ҳаммасининг унвони бор) десам ишонасизми? Ўша вақтда 23 дан ортиқ давлатга сафарга чиққанмиз. Ҳозир-чи? Ҳар йили ишхонамизга қисқартириш келади. Бу қачонгача давом этади, ҳайронман?..
Хўп, циркни хусусийлаштирдик ҳам дейлик. Аммо бундан томошабин ютқазади. Ҳозир битта чипта нархи 50-80 минг сўм атрофида. Кўпчиликка, айниқса, кўп болали оилаларга қимматлик қилади. Агар цирк тадбиркор қўлига ўтса, чипталар бундан қиммат бўлиши аниқ.
Хуллас, маданият ходими сифатида фикрим шу: келажак авлодлар циркка ошно бўлиб улғайиши лозим. Агар Маданият вазирлиги ва жамоатчилик бизни қўллаб-қувватласа, цирк заллари яна томошабинлар билан тўлиб-тошишига ишонаман.
«Эртани билмасдан пул сарфлай олмаймиз»
Ўтган йили журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Ўзбек давлат цирки» биносида таъмирлаш ишлари бошланмаётганини қуйидагича изоҳлаган эди:
«Бизга кўп таклифлар бўляпти, лойиҳалар ишлаб чиқиляпти ва қаеригадир келганда ишламайдиган нуқтаси чиқиб қоляпти. Натижада у лойиҳадан воз кечиляпти. Кейин бошқа бир лойиҳа устида ишланяпти. Ҳозир дунёда циркнинг функциялари ўзгаряпти. Унинг 20 йил олдинги функцияси билан бугунгиси бутунлай фарқ қилади. Агар биз ҳозир цирк биносини таъмирласак, 20 йил аввалги мезон билан таъмирлаймиз. Шундай қиладиган бўлсак, бир неча йилдан кейин бундай фаолият юритманглар, ҳайвонларни циркдан чиқариб юборинглар, деган талаб келиб тушади. Беш йилдан кейин циркда ҳайвонлар умуман бўлмасин, дейилган тақдирда ҳам, ҳайвонларсиз бемалол фаолият юритадиган цирк бўлиши керак. Унинг аналоги ҳали сизда ҳам, менда ҳам йўқ, ҳеч кимда йўқ. Бу масалада етти ўлчаб, бир кесишимиз керак. Чунки ҳозир цирк биносининг таъмири учун жуда катта миқдорда маблағ сарфласак, беш йилдан кейин бундай цирк ишламайди, фаолиятини тўхтатинглар, дейишади, шунча пул сарфлаганимиз қолади, холос. Шошилмаётганимизнинг сабаби фақат шу».
Шу гаплар айтилганига анча бўлди. Шундан сўнг вазирлик цирк ҳақида бошқа баёнот бермади.
«Ҳозирча шерик топилгани йўқ»
Циркдан уйга болаларим шод, мен эса мутаассир бўлиб қайтдим. Йўл-йўлакай ижтимоий тармоқларни титиб, бошқа давлатлардаги вазиятни ўргандим. Парадокс ҳолат шундаки, биздан бошқа бирон-бир давлатда цирк орқага қараб кетмаяпти, аксинча, янада равнақ топяпти. Мени, айниқса, Москвадаги ҳолат ажаблантирди. Бу шаҳарда цирк чипталари бир йил олдин сотиб бўлинаркан. Демак, уларда талаб юқори.
Маълумотларга кўра, Хитой, Франция, Канада ва АҚШда мазкур санъат турига қизиқиш йил сайин ортиб, томошабинлар сони уч фоизга ўсиб бормоқда.
Эртаси куни циркнинг келгуси тақдири нима бўлиши билан қизиқиб, Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ахборот хизмати билан боғландим.
– Ўша вақтда цирк биносига ажратилган маблағ бошқа қарор билан яна қайтарилган. Сабаби, таъмирлаш ишлари пандемия даврига тўғри келган. «2023-2024 йилларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Ўзбекистон давлат цирки биносини реконструкция қилиш белгиланган. Аммо ҳозирча шерик топилгани йўқ, – деди Ахборот хизмати раҳбари Гулноза Қосимова.
Дарвоқе, «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори билан 2025 йил 1 январдан бошлаб, цирк томошаларини ўтказишда ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланди. Демак, Ўзбек давлат циркидаги ҳайвонлар билан боғлиқ оғриқли ҳолатлар ечим топиши мумкин. Аммо бино, томоша зали, жиҳозлар, ходимларнинг моддий таъминоти каби масалалар ҳали-бери ҳал этилмаса керак... Масъулларнинг муносабатидан шундай хулосага келдим...
Феруза Раҳимова,
«Ishonch» мухбири
Эъзоза Умурзоқова олган суратлар
Манба: «Ishonch» газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 51-52-сони
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0