Устаси фаранг Гайдай: цензурадан омон чиққан режиссёр
Леонид Гайдай 60-70 йиллар кинематографиясида ўзига хос ўрин тутади. Гарчи қатағонлар тугаб, Совет иттифоқида «илиқчилик даври» бошланганига қарамасдан, санъатда, хусусан кинода цензура жуда қаттиқ эди.
Бироқ Гайдай ўз фильмларида ҳажвни усталик билан қўллаб, мавжуд даврдаги камчиликларни кўрсатиб бера олди. Биргина «Иван Василевич касбини ўзгартиради» фильмида чайқовчилик, ўғирлик, таъмагирлик ва бошқа иллатлар эпизодларда моҳирлик билан кўрсатилган. Ижодкорнинг ёндашуви ва тасодифлар фильмлардаги комедиявий руҳни сақлаб қолди. Унинг фильмлари айниқса Янги йил байрами таътили кунларида севиб томоша қилинади.
Маҳоратли режиссёр Леонид Гайдай таваллудига бу йил 101 йилдан ошди. Унинг илк муваффақиятли иши қақшатқич цензурага учраган: «Нариги дунёдан келган куёв» (1958) комедияси давлат комиссияси томонидан қаттиқ танқидга учради, уни «советча ҳаёт ҳақиқатига туҳмат» деб аташди. Фильмда бюрократия аёвсиз танқид қилинганди. Гайдай фильмнинг кўп қисмини кесиб ташлашга мажбур бўлди, шунинг учун ижод намунаси қисқа метражли фильмга айланди. Ўша пайтда «Мосфильм» директори бўлган Иван Пирев ёш режиссёрга хатосини тузатиш учун маслаҳат берди: Александр Галичнинг «Уч марта кўтарилган» (1960) сценарийси асосида пропагандистик фильм суратга олиш. Бу ҳодисалар Гайдай учун шунчалик оғриқли эдики, у ҳатто режиссёрликдан воз кечишга қарор қилди.
Ҳафсаласи пир бўлган Леониднинг қўли ишга бормай қолди. Бу ҳолат балиқларни динамит билан ўлдирмоқчи бўлган уччовлон ва Барбос ити ҳақидаги сценарий топилгунча давом этди. Гайдай ўзининг севимли режиссёри Чарли Чаплин услубида комедия суратга олишга қарор қилди. «Ит Барбос ва ғайриоддий югуриш» деярли ҳеч қандай сўзсиз эксантрик ва динамик қисқа метражли фильм сифатида томошабинлар орасида катта шуҳрат қозонди. Бу машҳур Никулин-Моргунов-Вицин учлигининг илк чиқиши эканлиги билан ҳам диққатга сазовордир.
Томошабинлар томонидан севилган учлик Гайдайнинг янги комедияси бўлган «Ы операцияси»да яшашни давом эттирди. Дастлаб сценарийга кўра, бош қаҳрамон, яъни талаба Шурик Владик деб аталиши керак эди, аммо цензура бунда болшевиклар доҳийси Владимир Ленин номи билан ўхшашликни кўриб, исмни ўзгартиришни талаб қилишди. Ушбу рол учун юздан ортиқ номзодлар, жумладан Виталий Соломин, Евгений Жариков, Александр Збруев, Евгений Петросян каби машҳурлар даъвогарлик қилишди. Ҳатто Андрей Миронов билан музокаралар олиб борилди. Режиссёр Валерий Носикни деярли тасдиқлаганди, аммо у якунда имтиҳон пайтида эпизодик қиморбоз талаба ролини ўйнади.
Фильмдаги «илтимос, рўйхатни охиригача ўқисангиз» жумласи билан боғлиқ саҳна Гайдайнинг армияда хизмат қилган давридан олинган. Уруш бошида у Мўғулистонда хизмат қилган, у ерда аскарлар отларни парваришлаш ва ахталаш билан шуғулланган. Бу зерикарли ва обрўсиз иш эди. Ҳарбий комиссар қисмга келиб: «Ким фронтга кетмоқчи, олдинга чиқсин», деб сўраганида, барча аскарлар баравар қадам ташлашган. Ушбу саҳна ҳам фильмга кўчган.
Томошабинлар «Кавказ асираси» фильми орқали Шурик ва ёмон ниятли кишилар ўртасидаги қарама-қаршиликни кузатишда давом этишди. Гайдай рафиқаси шарафига номлаган қаҳрамони Нина роли учун жуда кўплаб актрисаларни синаб кўрди.Улар орасида совет киноси гўзаллари Лариса Голубкина, Марианна Вертинская, Анастасия Вертинская, Наталя Фатеева, Наталя Кустинская ва бошқалар бор эди.
Бу вақтда давлат циркида ишлаб юрган 19 ёшли Наталя Варлей дастлаб фильмда кичик ҳамшира ролини ўйнади. У «Кавказ асираси» бош ролига жуда мос эди ва ўзининг жозибаси ва чаққонлиги билан суратга олиш гуруҳини ўзига тортди. Варлей ўзининг «Арқонда юрувчи» китобида циркдаги тажрибаси туфайли кинога мос келганини таъкидлайди. Интилувчан актриса фильмда каскадёрлик машқларини ўзи бажарди, ҳатто муздек тоғ дарёсига сакради. Юрий Никулин эса дастлаб ролидан бош тортмоқчи эди, чунки унга фильм сценарийси ёқмаган. Аммо кейин сценарийга машҳур трионинг кўплаб ҳазиллари ва топилмалари киритилди. Масалан, уччовлонга укол қилиниши саҳнаси шулар жумласидандир. Нина ейишдан бош тортган таомларни Никулин-Вицин-Моргунов учлиги томонидан ўзлаштирилиши ва сохта далолатнома тайёрлаш саҳнаси жамиятдаги юлғичлик иллати устидан кулишнинг ўзгинаси эди. Амалдор Саахов ва Нинанинг тоғаси ўртасидаги даҳанаки суҳбат ва «давлат жунини шахсий жун билан аралаштириш керак эмаслиги ҳақидаги пичинг ҳам ўша давр учун аччиқ гап эди, аслида.
Бироқ, «Кавказ асираси» давлат комиссияси томонидан жуда салбий қабул қилинди. Аввалига улар Нинанинг овозига кавказча урғу беришни, Сааховнинг юқори лавозимда ишлаши ва суд саҳнасини бутунлай олиб ташлашни талаб қилишди, мусиқани қайта ишлаш кераклигини айтишди, кейин фильмнинг чиқарилишини бутунлай бекор қилишга қарор қилишди. Бироқ машҳур комедияни тасодиф қутқариб қолди. Ўша пайтларда СССР раҳбари бўлган Леонид Брежнев фильмни томоша қилди ва уни мақтади. Натижада фильм деярли ўзгаришларсиз оммага эълон қилинди.
Гайдай ижодида «Бриллиант қўл» ва «12 стул» фильмлари ҳам муҳим ўрин тутади. «Бриллиант қўл»да режиссёр контрабанда масаласини кўтарди. Фильмнинг охирида ядро бомбаси портлаши саҳнаси қўйилганди. Бадиий кенгаш узоқ вақт бу саҳнани фильмдан олиб ташлашни талаб қилди. Гайдай бу талабни бажарди, лекин бунинг эвазига фильм яхлитги сақланиб қолинди. Ушбу фильмни суратга олиш пайтида Гайдай билан Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) ходими юргани ҳақида маълумотлар бор.
Яна бир томошабоп фильм «Иван Василевич ўз касбини ўзгартиради» ҳам цензура тиғидан силлиққина ўтиб кетмаган. Ушбу фильм Михаил Булгаковнинг 1936 йилда ёзилган пьесаси асосида яратилган. Ёзувчининг ҳаёти давомида у тақиқланган ва пьесанинг матни фақат 1960 йилларда нашр этилган.
Асарнинг тақдири ҳақида билгач, подшоҳ ролини ўйнаши керак бўлган Юрий Никулин суратга тушишдан бош тортди, чунки у совет цензураси деярли қирқ йилдан кейин ҳам фильмни чиқаришга рухсат бермаслигига шубҳа қилмасди.
Кутилганидек, сценарий катта ўзгаришларга дуч келди ва кўплаб «шубҳали» парчалар тайёр фильмдан олиб ташланди. Масалан, сохта Иван Грозний томонидан айтиладиган «Бу зиёфат кимнинг ҳисобидан? Ким тўлайди?» деган саволга ўғри Мирославский: «Халқ ҳисобидан, халқ тўлайди» дея жавоб берилиши керак эди. Бу ибора фильмда шундай тузатилди: «Ҳарқалай, биз эмас!»
Бошқа бир эпизодда милиция ходими Иван Грознийни сўроққа тутади: «Сиз қаерда яшасиз?». Сценарийга кўра, жавоб қуйидагича эди: «Москва, Кремл». Бу сўзлар ҳам расмийларга ёқмади. Фильмда ушбу ибора «кошона» сўзига алмаштирилди. Умуман олганда, цензуранинг аралашувидан сўнг, фильмда 177 метр плёнка билан кесилган. Лекин фильмдаги асосий ўткир саҳналар сақланиб қолди. Масалан, Шурик зарар етказилган вақт машинасини тузатиш учун транзистор излаб магазинларни кезади, аммо ўзига керакли нарсани чайқовчидан топади. Ёки кўпқаватли уй жамоатчилик кенгаши фаоли Бунша Шурикдан «оилавий қўйди-чиқдиларни квартал охиригача қолдириб туришни» сўрайди. Бу совет жамиятидаги сохта статистика устидан кулиш эди.
Фильмнинг ёрқин муваффақиятидан сўнг, актёр Владимир Этушнинг уйи ҳаётда ҳам ҳақиқий ўғрилар томонидан талон-тарож қилинди. Аммо ўғрилар нақ Антон Шпакнинг квартирасига бостириб киришганликларини билиб, ўлжаларни қайтариб олиб келиб беришган. Сценарийга кўра, Буншани Грозний даврига олиб борган вақт машинаси ҳайкалтарош Вячеслав Почечуев томонидан яратилган. Бунинг учун у 40 рубл миқдорида тўлов ва бухгалтерия бўлимидан сертификат олди. Унга чинданам «Вақт машинаси ясагани учун» деб ёзилганди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0