Аёллар жиноятчилиги таҳлили: “Меҳрсизлик ва ажрим мевалари”
100 минг сўм эвазига ўз уйида фоҳишаҳона ташкил қилиш... Зино ва ишратнинг бўйига бўй қўшмоқ...Ўғлининг шишадошини хаскаш билан уриб тан жароҳатини етказиш... Ёмон кўрган одамининг расми тагига ҳақорату туҳматларни ёзиб инстаграм тармоғида тарқатиб келиш... Шаръий никоҳидаги эрини пичоқлаб қўйиш... ва ҳакозо.

Аёллар жиноятчилиги фабуласи мана шундай. Бу биргина Олмалиқ шаҳридаги жиноятчилик манзараси. Сўнгги олти ойлик ҳисоботни кўриб, аёллар жиноятчилиги бирмунча кўпайганидан таассуфга тушаман...
...Биринчи тақдир (Маржона – Жиноят Кодексининг 169-моддаси, фирибгарлик жинояти билан жазога тортилган).
...Қачондир тақдирим шундай бўлиши ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Болаликдан ўғил болалар билан ўйнаб катта бўлдим. Характерим оғир эди. Кўпчилик билан чиқиша олмасдим. Айниқса, ота-онам ажрашгач, ҳеч ким мени тергамасди. Тўғриси, фарзанд бўлиб, на отамга, на онамга керак бўлганман. Ҳеч бири мени суйиб эркаламаган. Маҳалла-кўйда ҳам бировнинг мен билан иши бўлмаган. Мени кўча тарбиялаган. Бу билан уларни айбламоқчи эмасман. Лекин ўша вақтларда кимдир мени тўғри йўлга қайтарганда эди, балки бугун ҳаётим бошқача бўлармиди?... Ҳозир-чи? Аччиқ бўлса-да, ҳақиқат шуки, бугун биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма ўзи билан ўзи овора... “Бу ҳаётда ё заринг, ё зўринг бўлсин” деган ақида мен учун ҳақиқат эди.
Маржона фирибгарлик йўли билан ер-жой сотиш бўйича жиноий гуруҳ тузганликда айбланмоқда...
Маълумот. 2023 йилнинг дастлабки олти ойида Олмалиқ шаҳрида аёллар ўртасида содир этилган жиноятлар сони 54 тани кўрсатган. Бу жиноятларнинг 7 таси ишсиз аёллар томонидан содир этилган бўлса, 9 таси уй бекалари томонидан амалга оширилган. Аёллар жиноятчилигини таҳлил қиларканмиз,уларнинг биттаси ногиронлиги бор аёл томонидан, яна иккитаси нафақахўрлар томонидан содир этилганлиги афсусланарлидир. Содир этилаётган жиноятларда, айниқса, фирибгарлик ва безорилик жиноятининг салмоғи юқори бўлиб, ҳар бешинчиси фирибгарлик ҳисобланади. Жиноятларнинг 16 таси оғир турдаги,17 таси унча оғир бўлмаган жиноятлар таснифига киради.
Иккинчи тақдир. (28 ёшли Диёра бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай, тўғри хулоса чиқармади). Ўттиз ёшга ҳам етмаган бу аёл жамият қоидаларини менсимади. Қўни-қўшнилари билан жанжаллашиб, безорилик содир этгани учун Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан жазога тортилди. Мушоҳада: Афсуски, жиноятларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик, нуронийларнинг ўрни ва таъсири деярли сезилмаяпти. Гапнинг очиғини айтганда, содир этилаётган жиноятларда хотин-қизлар ҳиссасининг ортиб бораётгани маҳаллаларда аёллар билан олиб борилиши керак бўлган манзилли ишлар талабга жавоб бермаётганидан далолат.
Учинчи тақдир:Тиббиёт ходими бўлиб ишлаб келаётган Зарифа “Бўстон” МФЙда истиқомат қилиб келади. Апрель оқшомларининг бирида 100 минг сўм эвазига ўз уйида қайсидир зинокорларнинг интим алоқаси учун шароит яратиб берган. Бугун 50 ёш арафасида турган бу аёлнинг қора қилмишларини ҳар қанақасига оқлаб бўлмайди.
Таассуфки, шаҳримизда аёллар жиноятчилиги бўйича рақамлар ошган. Улар ичида фирибгарлик ва фоҳишабозлик жиноятлари “пешқадам”эканлиги ҳар биримизни мушоҳада қилишга ундайди, албатта.
Тўртинчи тақдир: Шаҳарнинг энг машҳур чорраҳаларидан бири... Бу ерда ҳамиша одам гавжум. Бири 18, яна бири 17 ёш атрофида бўлган қизлар ёқавайрон бўлиб жанжаллашмоқда. Ёши катта опаларнинг “вазмин бўлинглар, қизларим” деб уларни муросага чорлаётгани ҳам қоронғуликда отилган ўққа ўхшайди гўё. Суриштирсангиз оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган, бир- бирига тепки бераётган бу қизлар яқиндагина ёпиқ турдаги колониядан қайтишган. Бирининг дадаси қизнинг онаси билан ажрашиб бошқа аёлга уйланди, у ўгай онанинг таъқиқлари остида улғайди. Ўсмир ёшга етгач унинг топган таскини Оҳангарондаги барлару, чилим чекиш бўлди. Бир неча маротаба уйдан қочиб кетганида дада топиб келар, ҳар қанақасига қизига танбеҳу тарбияни берар, яхши ҳам гапирар, уриб ҳам тушунтирмоқчи бўларди. Аммо вазият Саиданинг “хўп, бошқа бундай қилмайман” деган ваъдаларию сочларига эрта оқ оралаган даданинг надоматлари билан тугарди....
Шаҳноза эсини танибдики онасини кулгу, шўх шодон кунлар фонида эслайди. Аммо бу шодумонлик ортида бузилган оилавий ҳаёт, ёш эркакларнинг онасининг атрофида гирдикапалак бўлиши ва заққум тўла кунлар бор эди. Унинг ҳам таскини кўчадаги дўстлари бўлди...
Жанжаллашаётган бу навниҳол қизларнинг фожеаси нимада эди, деган савол бизни ҳамиша қийнаб келади. Ҳали болалик тарк этмаган, шу билан бирга, ёшликнинг бокира чизгилари юзларида акс этиб турган бу ёшларнинг шу йўлга кириб қолиши ўз-ўзидан бўлиб қолмагандир? Фожеанинг илдизини излаб боравераман.... боравераман... Илдиз жуда чуқур. Уни топгандек бўламан: Топганимнинг пештоқида катта катта ҳарфлар билан ёзилган “Ажрим”, “Меҳрсизлик” деган сўзлар турарди...
СЎНГСЎЗ:Аёллар ва вояга етамаган ўртасидаги жиноятчиликка қарши курашаётган маълум бир тармоқлар, соҳалар, умуман мутассадилар мавжуд. Бугун уларнинг ёнида юриб бир кунлик иш фаолияти билан танишсангиз улар ўзлари томонидан амалга оширилаётган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келишаётганига амин бўласиз. Комиссия ишлаётган бўлса, маҳалла ҳам бу борада ўз ташаббусларини кўрсатмоқда, буни баралла айтиш мумкин. Жамиятдаги бу оқсашлар, аёллар фожеасининг кўпаяётганини бу ташкилотларнинг ишламаётганлигига йўйиш ҳам тўғри эмас. Бир пайтлар жиноятчилик кам ва деярли учраймадиган даврларни эсга олсак, ўша пайтда мана шундай ташкилотларнинг ўзи йўқ эди. Аммо меҳр кўпроқ эди назаримда. Гаджетлари йўқ бувилар набираларини иссиқ нону қаймоқлар билан кутиб оладиган кунларни соғинади одам... Дадалар у даврларда ишдан ўз вақтида келиб болаларига “той” бўлиб болаларини меҳри билан алқаган, мажлисбозликларда умрини емаган...У пайтларда оналар бирор бир психологнинг тренингига фалон сўм тўлаб “Фарзандим билан қандай тил топишсам экан?” деб қайгадир бош уриб бормаган...
Хулоса қилайлик, зеро ҳаёт бир тангадир, уни фақатгина бир марта сарфлаш мумкин!
Дилафруз Эгамбердиева,
Журналист







