Шаҳрисабзда “Харибулбул таронаси — Темур юртида” концерт дастури бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида ўтказилган “Озарбайжон маданияти: адабиёт ва санат ҳафталиги” доирасида Шаҳрисабз шаҳар маданият марказида “Харибулбул таронаси — Темур юртида” номли концерт дастури ташкил этилди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акиф Марифли ўз нутқида халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган абадий дўстлик ва қардошлик муносабатларининг энг юқори даражада ривожланишида давлат раҳбарлари — Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро сай-ҳаракатлари муҳим рол ўйнаётганини билдирди.

У мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкамланаётган алоқалар маданият соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ва санат анъаналарини ўзаро танитишга кенг имконият яратишини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, биргаликда ташкил этилган “Харибулбул таронаси — Темур юртида” концерт дастурининг Шаҳрисабз жамоатчилигига тақдим этилишини аҳамиятли воқеа сифатида баҳолади.
Концерт дастурида сўзга чиққан Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Исоқ Тўраев ҳафталик доирасида Шаҳрисабзда бундай концертнинг ўтказилиши Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларнинг кенгайишига, халқларимизнинг бир-бирининг санъат ва мусиқа анъаналарини янада яқиндан танишига ҳисса қўшишини билдирди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг “Харибулбул” театр труппаси солистлари ҳамда ўзбек мусиқчилари ижросида янграган асарлар концерт дастурига ўзига хос оҳанг бағишлаб, томошабинларга хуш кайфият улашди.
Тадбир “Озарбайжон маданияти: адабиёт ва санъат ҳафталиги” доирасида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожланишига ва халқларимиз ўртасидаги абадий дўстлик муносабатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.







