+18C

+18C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўқитувчини даладан қутқариб, платформага қамаб қўйдик...

Ўқитувчини мажбурий меҳнатдан озод қилдик, маошини оширдик. Аммо бугун синфхоналарга кирсангиз, уларда ҳамон нимадир етишмаётганини ҳис қиласиз.
Колумнистлар
207 13:21 | 19.05.2026 13:21

Ҳозирги ўқитувчилар энди далада жисмоний меҳнат билан эмас, балки рақамли майдон ва ҳисоботбозлик уммонида занжирбанд. Ҳар хил шиорлар остида ўтказилаётган спорт мусобақалари, турфа маънавий тадбирлар устозларнинг жисмоний-маънавий қувватини ошираётгандир, лекин уларнинг кўзларида чарчоқ устувор.


Қизиқ, сифатли замонавий таълим деганда биз фақат рейтинглар ва электрон журналлардаги рақамларни тушунмаяпмизми? Ўқитувчининг бор диққат-эътибори телефондаги платформани тўлдиришга қаратилган бир пайтда, боланинг қалбидаги саволларга ким жавоб беради? Ҳақиқатан ҳам, сифатни оширяпмизми ёки шунчаки муаммолар устига ялтироқ қоғоз ўраяпмизми?


Ўқитувчиларнинг иш столига бир назар солинг, унда китоб ва дафтар эмас – смартфон ёки ноутбук турганига гувоҳ бўласиз.


Тўғри, таълимни рақамлаштириш орқали тизимни шаффофлаштирмоқчи ва муаллимларнинг юкини енгиллаштирмоқчи эдик. Бироқ реал ҳолат бунинг мутлақо аксини кўрсатмоқда. Электрон журнал, онлайн платформалар ва турли мониторинг тизимлари уларни таълимдан виртуал ҳисобот томон суриб қўйгандек...


Дарс жараёнини тасаввур қилиб кўринг. Ўқитувчи мавзуни тушунтириш, боланинг иқтидорини пайқаш ва у билан индивидуал ишлаш ўрнига қўлидаги телефонга термулиб, давомат қилиш, қўйилган баҳоларни базага киритиш билан овора. Бундай пайтда интернет панд берса ёки тизим ишламай қолса, томошани кўраверасиз. Ҳозирги тизим учун бола нима ўрганаётгани эмас, балки дарсда ўтириши, ўзини тутиши муҳимроқдек…


Рақамли ислоҳотларнинг моҳияти билим сифатини оширишдан иборат бўлиши керак эди. Лекин ҳозирча биз фақат рақамлар ортидан қувиш ва ҳисобот учун ҳисобот бериш босқичида тўхтаб қолгандекмиз. Энг ачинарлиси, бу жараён ўқитувчининг вақтини тежаш ўрнига, шахсий ва дам олиш вақтини ҳам ўғирламоқда. Кечқурун оила даврасида бўлиши керак бўлган педагог қайсидир платформадаги хатоларни тўғрилаш, гуруҳлардаги сўровномаларга жавоб бериш билан овора. Уйида ҳам шу аҳвол. Турмуш ўртоғи, фарзандлари уни вазифасидан «чалғитолмайди», бунга ҳақи ҳам йўқ. Чунки муаллим уйда ҳам муаллимлик қилишга мажбур!


Бугун таълим тизимида янги бир тренд шаклланди, яъни ўқитувчи турли спорт ва маърифий тадбирларнинг универсал иштирокчисига айланди. Аммо бундай тадбирлар кўп ҳолларда ўқитувчининг хоҳишига эмас, балки юқоридан келган буйруқларга бориб тақалмоқда. Ачинарлиси, кўпгина маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари таълим сифатини оширишга эмас, тизим фаоллигини кўрсатиб турувчи кўргазмага айланиб бормоқда.


Биз ўқитувчи дам олсин, спорт билан шуғуллансин, маънавиятини, дунёқарашини юксалтирсин, деймиз. Лекин бу жараён қандай кечяпти? Дам олиш кунида ёки ишдан кейин уни мини-футбол, волейбол ўйнашга мажбурлаш адолатданми? Соғлом турмуш тарзи шуми?


Кўпчилик ўқитувчининг иш кунини соат 8:00 дан 14:00 гача, деб ўйлайди. Аммо реал жадвал бошқача. Масалан, Гулчеҳра опанинг сўзларини тинглар эканмиз, унинг асосий вақти ва қуввати қаерга сарф бўлаётганини кўрамиз.


– Гулчеҳра опа, кун тартибингизни соатма-соат таҳлил қилсак. Иш вақти тугаши билан уйга қайтасизми?
– Соат 14:00 да иш вақтим тугайди. Энди уйга кетаман, деб турганимда, юқоридан буйруқ келади: «Ҳамма раҳбарлар, маънавиятчилар ва синф раҳбарлари ZООМ платформаси орқали мажлисга кирсин!» Шу тариқа чарчоқдан оёғингиз қалтираётганда, мониторга қараб навбатдаги топшириқларни эшитишга мажбурсиз.
– Таълимга янги рақамли тизимлар, хусусан, ўқувчиларни рўйхатга олиш жараёнлари киритилди. Бу ўқитувчига енгиллик бердими?
– Аксинча! Ҳозир Face ID деган нарса чиққан. Ўқитувчи дарсни ташлаб, мактаб бўйлаб «антенна» қидириб юради. Нима эмиш, ўқувчини тизимдан рўйхатдан ўтказиш керак. Дарс қолиб кетяпти, болалар қаровсиз, муаллим эса қўлида телефон, ўқувчини юзини камерага тутиш билан банд. Иш фақат дарсда тугаса қанийди...
– Мактабдан кейин-чи? Уйда дарсга тайёргарлик кўрасизми?
– Қайси дарсга тайёргарлик? Кечаси билан «e-maktab» платформасида ота-оналар ролини ижро этаман. Тўғрисини айтаман, кўп ота-оналар тизимга кириб, фарзандининг баҳосини кўрмайди. Юқоридан эса ота-оналарнинг кириш фоизи паст, деб дашном беришади. Нима қиламиз? Тунда 30 нафар ўқувчининг ота-онаси номидан бирма-бир тизимга кириб чиқаман. Агар 5 та синфга дарс берсам, бу 150 нафар ўқувчи дегани! 150 марта кириб-чиқиш, мавзу ёзиш, баҳолаш... Бармоқларим толиб, кўзим тиниб кетади.
– Бундай чарчоқ дарс сифатига ҳам таъсир қиладими?
– Албатта, таъсир қилади! Ўқитувчи туни билан телефонда база тўлдириб, кундузи мажлис ва Face ID билан овора бўлгандан кейин дарсга қуввати етмайди-да. Кейин ота-оналар ҳақли равишда: «Мактабда яхши таълим берилмаяпти, боламни қўшимча курсларга қўяман», дейишади. Ўқувчилар дарсни ташлаб, пулли марказларга кетишади. Алам қиладигани бунга ҳам ўқитувчи айбдор!


Кўриб турганингиздек, муаллимларни техникага, интернетга ва ZООМ мажлисларига банди қилиб қўйяпмиз. Бу ҳолатда сифат ҳақида қанча гапирмайлик, фойдаси йўқ! Ўқитувчи 150 нафар ота-она номидан «ҳаёт кечирар» экан, реал таълим жарлик ёқасида қолаверади.


Таълим инсон тақдири, миллатнинг эртанги интеллектуал қиёфасидир. Бир томондан ўқитувчини мажбурий меҳнатдан озод қилдик, деб оламга жар соляпмиз, бошқа томондан эса, уларни рақамли мажбуриятлар ва тадбирбозликларга кўмиб ташлаяпмиз.


Аслида ўқитувчига стадиондаги ғалаба эмас – синф­хонадаги хотиржамлик керак! Унга «e-maktab»даги бенуқсон давоматдан кўра, китоб варақлаб, ўз устида ишлаши учун вақт ва қувват зарур! Шундай эмасми? Сиз нима дейсиз?


Дилдора ИБРОҲИМОВА,
Ishonch.uz


Манба: "Ishonch" газетасининг 2026 йил 19 майдаги 59-сони.


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Колумнистлар
Колумнистлар