Анқарада “Мирзиёев доктринаси” тақдим этилди: Туркия экспертлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги моделини эътироф этди

15:16 | 05.11.2026
•
42
Анқарада “Мирзиёев доктринаси” тақдим этилди: Туркия экспертлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги моделини эътироф этди
Катталаштириш

Туркия пойтахти Анқара шаҳрида “Мирзиёев доктринаси: глобал беқарорлик давридаги имкониятлар дипломатияси” китобининг турк тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур тақдимот нафақат янги китоб билан таништириш, балки сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида шаклланган янги ёндашув, унинг фалсафаси ва минтақавий ҳамда глобал жараёнлардаги ўрнини муҳокама қилиш учун ҳам муҳим майдонга айланди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий даражадаги ташриф ортидан ўтказилган тадбир Туркия Президенти Администрациясининг Жамоатчилик билан алоқалар департаменти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) ҳамда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Туркиянинг сиёсий ва жамоат арбоблари, олимлар, сиёсатшунослар, етакчи экспертлар, расмий доиралар, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимот давомида сўзга чиққанлар асарнинг асосий ғояси, концептуал асослари ва илмий-амалий аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортган асосий жиҳатлардан бири китобда Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги тараққиёт йўли ва ташқи сиёсий фаолияти алоҳида воқеалар ёки ташаббуслар кесимида эмас, балки ягона стратегик ва сиёсий-фалсафий ёндашув асосида таҳлил қилинганидир.

Асарда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари, давлат бошқарувидаги ўзгаришлар, ташқи сиёсат устуворликлари ва халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари ўзаро узвий боғлиқликда ёритилган.

Хусусан, очиқлик, прагматизм, инсон манфаатлари устуворлиги, яхши қўшничилик, минтақавий ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва халқаро шериклик тамойиллари замонавий Ўзбекистон дипломатиясининг асосий мезонлари сифатида кўрсатилган.

Туркиялик иштирокчиларнинг фикрича, бугунги кунга қадар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Президент ташаббусларига бағишланган кўплаб мақолалар, таҳлилий материаллар ва тадқиқотлар эълон қилинган бўлса-да, ушбу жараёнларни ягона илмий ёндашув асосида тизимлаштириб, уларнинг ички мантиғи, ўзаро боғлиқлиги ва стратегик моҳиятини очиб берувчи фундаментал асарларга эҳтиёж мавжуд эди.

“Мирзиёев доктринаси” айнан шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган муҳим илмий-интеллектуал ишлардан бири сифатида баҳоланди.

Тақдимотда алоҳида таъкидланганидек, бугунги тез ўзгараётган ва беқарор халқаро вазиятда давлатларнинг ташқи сиёсий йўналиши, стратегик мақсадлари ва ҳамкорлик тамойиллари аниқ ҳамда тушунарли бўлиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг яхлит доктрина сифатида шакллантирилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги позициясини, глобал ва минтақавий масалаларга муносабатини ҳамда узоқ муддатли тараққиёт мақсадларини англаш имконини беради.

Туркиялик экспертлар Ўзбекистон Президентининг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг янги архитектурасини шакллантириш, мувозанатли стратегик шериклик алоқаларини ривожлантириш ва халқаро майдонда мулоқот ҳамда ўзаро ишонч тамойилларини илгари суришдаги ролини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг изчил ва прагматик ташқи сиёсати мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш билан бирга, инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаётгани қайд этилди. Зеро, аниқ стратегик қарашларга эга, очиқ ва барқарор тараққиёт йўлини танлаган давлат халқаро ҳамкорлар учун ишончли ва истиқболли шерик ҳисобланади.

Тақдимотда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги юксак даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар икки мамлакат етакчилари ўртасида қарор топган ишончли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

Айниқса, Туркия раҳбариятининг китоб мазмунига бўлган қизиқиши ва уни турк тилига таржима қилиш ташаббуси икки қардош халқ ўртасидаги яқинликни нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маърифий, илмий ва интеллектуал соҳаларда ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, асарнинг турк тилида нашр этилиши Туркия жамоатчилигига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатнинг замонавий тараққиёт модели ва ташқи сиёсий қарашлари билан бевосита танишиш имконини беради.

Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари, тинчликпарвар сиёсати ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини хорижий аудиторияга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунида китоб тақдимотларини Туркиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказиш, шунингдек, етакчи расмий ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мавзуга доир давра суҳбатлари ҳамда брифинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шу тариқа, Анқарадаги тақдимот «Мирзиёев доктринаси»нинг халқаро аудитория учун ҳам долзарб илмий-сиёсий манба сифатида қабул қилинаётганини намоён этди.

Энг муҳими, ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик тобора янги мазмун билан бойиб бораётганини, унинг сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик билан бир қаторда, илмий-интеллектуал ва маърифий йўналишларда ҳам изчил ривожланаётганини кўрсатди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади