Ҳалокатга олиб борувчи қимор ёки лудомания қандай касаллик?
Яқин ўтмишгача қиморбоз деганда кўча безори, чапани ва касбининг тайини йўқ кишиларни тушунар эдик.

Аммо ҳозир қимор ўйинларига қарам бўлиб бораётган инсонларнинг қиёфаси ўзгариб бормоқда. Улар орасида оқ-қорани таниган, ўқимишли ва етук мутахассис бўлган шахсларни ҳам кўряпмиз. Масалан, 22 ноябрь куни нашрларда Андижонда онлайн қимор ўйинлари билан боғлиқ иккита жиноят иши тергови якунлангани хабар қилинди. Маълум қилинишича, нуфузли банклардан бирида ишлаган шахс мижозларнинг халқаро пул ўтказмаларига масъул бўлган. Талон-торож қилинган пул миқдори 250 000 долларга тенг. Банк ходими мижозлар ҳисобидаги ушбу пулларни ўзининг халқаро пластик картасига ўзлаштириб олган. Тергов жараёнларида банк ходимининг қилмиши таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларига бориб тақалган...
Унинг айтган гапларини ўқиб кўринг: “Жуда катта миқдорда пул ютқазиб қўйганман. Буни тўлиқ тан оламан. Ҳаттоки оиламдан, ҳамкасбларимдан, ҳаммасидан айрилганман. Ҳеч нарса кўзингизга кўринмай қолади. Ҳозир қилган ишимдан жуда ҳам қаттиқ афсусдаман. Ёшларга бу нарсага умуман яқинлашмасликни тавсия қиламан. Бу ўйинга кирганда фақатгина пулни ютқазмайди, бутун бир ҳаётини ҳам бойиб беради”, деган у. Ҳозирда қиморбоз банкирнинг иши судга ошган, айби тасдиқланса, бир неча йилга қамалиши аниқ. Бу турмуш ва каръерага жуда қаттиқ зарбани англатади.
Хўш, нега қимор ўйинларига қарамлик (у ҳатто алоҳида касаллик сифатида ҳам таснифланади) бунчалик илдиз отмоқда? Ундан қутилишнинг иложи борми? Лудомания (қимор ўйинларига қарамлик ёки гемблингга тобелик) бугунги жамиятимиздаги жуда долзарб масалага айланиб бўлди. Бу — инсоннинг пул ёки моддий бойлик тикиб ўйналадиган ўйинларга (казино, букмекерлик/ставкалар, слотлар, покер ва бошқалар) нисбатан ўзини бошқара олмайдиган даражада кучли истак ва қарамлик ҳолатидир. Бугун интернет ва технология ўта ривожланди, бу омил қиморбозлик саноати кўринишига ҳам таъсир қилди. Бир сўм пулни қўлида ушлаб кўрмай, казинога бормаса ҳам телефонга соатлаб термулиб, миллионларни ютқазадиган авлод пайдо бўлди.
Аслида қимор ўйинларига қарамлик кенг маънога эга. Лудомания турли хил ўйинлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, жумладан:
- казиноларда ва ўйин автоматлари билан қимор ўйинлари — покердан рулеткагача;
- молиявий инвестицияларни талаб қиладиган ва вақтинча бепул бўлган видео ўйинлар;
-спортга пул тикиш, от пойгаси, футбол ва жекпотни тезда уриш имкониятига эга бўлган ҳар қандай гаровлар;
- форекс, криптовалюта ва фонд бозорига пул тикиш орқали бойиб кетишнинг ҳаракат орқали қарамликнинг вужудга келиши ва бошқалар.
Аммо бизда бу дарднинг миллий шакллари ҳам бор: хўрозбозлик, ошиқ ташлаш, ит уруштириш, чойхоналардаги қартавозлик кабилар кенг тарқалган.
Патологик қимор ўйинларига қарамликнинг биринчи таснифи 1892 йилда ишлаб чиқилган. У тўрт босқични ўз ичига олган: ютуқ, ютқазиш, умидсизлик ва умидсизликка муносабат. 1980 ва 1990 йилларда олиб борилган тадқиқотлар янада кенг қамровли моделни ишлаб чиқишга олиб келди.
Қимор ўйинларига қарамликнинг босқичлари:
1. Қарамликнинг бошланиши;
2. Қимор ўйинларига қарамликнинг ижобий идрок этилиши (қарамликни кучайтирадиган ютуқларнинг устунлиги);
3. Салбий идрок (салбий оқибатлар билан бирга йўқотишларнинг кўпайиши);
4. Қайта тузилиш (қимор ўйинларига қарамликни тан олиш);
5. Қимор ўйинларига қарамликни енгиш;
6. Қайталанишнинг олдини олиш.
Қарамлик ривожланиб борган сари қимор ўйинларига сарфланадиган вақт ҳам ошади. Шу билан бирга, гаровлар кўпаяди ва қимор ўйинларига қарамлик аломатлари ёмонлашади.
Қимор ўйинларига қарамликнинг дастлабки белгиларидан бири — ўзини тута олмасликдир, яъни унинг зарарли таъсиридан хабардор бўлган тақдирда ҳам қимор ўйнашни ташлай олмаслик саналади. Мазкур иллат ўйинга ҳаддан ташқари берилиб кетиш ва унга патологик даражада қизиқиш билан ҳам намоён бўлади. Шунингдек, бу ҳолат кундалик фаолиятга — иш, ўқиш, севимли машғулотлар, одамлар билан мулоқот, овқат тайёрлаш, уй юмушлари ва шахсий гигиенага бўлган қизиқишнинг аста-секин сўнишига олиб келиши мумкин. Ҳозирги даврда лудоманиянинг кескин кўпайиб кетишига бир нечта технологик, иқтисодий ва психологик омиллар сабаб бўлмоқда. Илгари қимор ўйнаш учун махсус жойга бориш, маълум вақт ва маблағ ажратиш керак бўлган бўлса, бугунги кунда вазият бутунлай ўзгарган. Ҳозир қимор ўйинлари, онлайн казинолар ва букмекерлик иловалари тўғридан-тўғри телефонда мавжуд. Инсон уйда, ишда, кечаси ёки ёлғиз қолганида бир неча сония ичида ўйинга кириши мумкин. Илгари одамлар яқинлари ёки танишлари кўриб қолишидан уялиб ўйинхоналарга бормаган бўлса, ҳозир телефон экрани ортида ҳеч кимга билдирмасдан ўйнаш имкони бор. Яъни бу қулайлик асли тортинчоқ бўлган, жамиятнинг босимидан ҳайиқадиган шахснинг ҳам “ичидаги шайтонини уйғотиб юбориши” мумкин. Пластик карталар ва электрон ҳамёнлар орқали пул ўтказиш шунчалик осонки, инсон нақд пулни қўлидан бераётгандек оғриқ ва йўқотиш ҳиссини сезмайди. Қарз олиш ва пул кўчиришнинг соддалашуви ҳам жараёнга таъсир қилмоқда.
Жаҳонда машхур шахслар орасида ҳам қиморбозликка берилиб кетиш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, машҳур актёр Бен Аффлек ёки баскетболчи Майкл Жордан бунга мисол бўла олади. Жорданнинг фаолияти давомида гольф, покер, спорт ўйинлари ва турли гаровларга жуда катта суммада пул тикиши оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинган. Бироқ Жордан ўзининг бу иллати ҳақида муҳокама қилишни ёқтирмаган ва омма эътиборидан яширган. Бразилиялик футболчи Неймар эса 2023 йилда жонли эфирда нақ 1 млн евро маблағни онлайн қиморда ютқазиб қўйганди. Тарихда ҳатто машҳур рус ёзувчиси Федор Достоевский ҳам қимор ўйинларига берилиб, қўлёзмаларигача сотишга мажбур бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Қимор ўйинларига қарамликни даволашнинг қандай усуллари мавжуд?
Агар қимор ўйинларига қарамлик аломатлари сезилса, психотерапевт қабулига ёзилиш зарур. Ташхис қўйиш жараёни кўрикдан ўтказиш ва тиббий анамнез йиғишни (аломатлар, уларнинг қачон бошлангани, қабул қилинган дори воситалари ҳамда йўлдош қарамликлар ҳақида аниқ маълумот олишни) ўз ичига олади. Касалликнинг хусусияти ва оғирлик даражасини баҳолаш учун шифокор махсус сўровнома ва тестлардан фойдаланиши мумкин. Қимор ўйинларига қарамликни даволаш қуйидаги усулларни ўз ичига олиши мумкин:
- Хулқ-атвор ёки когнитив-хулқ-атвор терапияси — мияга ўрнашиб қолган фикрлар, хулқ-атвор моделлари, мантиқсиз ва салбий эътиқодларни аниқлаш ҳамда тузатишга қаратилган усул;
- Антидепрессантлар ва кайфиятни барқарорлаштирувчи дори воситалари;
- Мотивацион интервью — беморнинг қарамликни енгишга бўлган ички иродаси ва рағбатини кучайтиришга қаратилган суҳбат усули;
- Психодинамик терапия — инсонга ўз ҳис-туйғуларини чуқурроқ англашга, онгли фикрлаш ва хатти-ҳаракатларни ривожлантиришга ёрдам берадиган усул;
- Гуруҳли терапия — қимор ўйинларига қарамликдан азият чекаётган бошқа инсонлар билан биргаликда ўтказиладиган машғулотлар.
Зарур ҳолларда оила аъзолари иштирокида ҳам психотерапия машғулотлари ўтказилиши мумкин. Шунингдек, даволаш жараёни қарамлик билан бирга кечадиган руҳий бузилишлар (масалан, депрессия ёки кучли хавотир) учун терапияни ҳам ўз ичига олади. Асоратлар ва ножўя таъсирлар хавфи юқори бўлгани сабабли қимор ўйинларига қарамликни ўзбошимчалик билан даволаш қатъиян тавсия этилмайди. Баъзи ҳолларда, агар қарамлик депрессия ва бошқа касалликлар билан бирга кечса, дори воситалари буюрилиши мумкин. Бироқ қимор ўйинларига қарамликни даволашнинг муҳим қисми психологик ёрдамдир. Шунингдек, бу иллат асосан ёшлар ўртасида кўп учрамоқда.
Шу сабабли болангиз, укангиз ёки бошқа яқинингизга нисбатан шубҳа-гумонлар пайдо бўлдими, эътиборсизлик қилманг. Қиморбозлик иллатини томирини қирқишни ўша лаҳзадан бошланг. Бугун қилинган тортинчоқлик ёки журъатсизлик эртага оғир оқибатларга олиб келиши аниқ.
Аброр Зоҳидов,
Ishonch.uz







