Аномал иссиқ туфайли Қорақалпоғистондаги қатор боғчалар вақтинча ёпилади

17:04 | 12.07.2026
439
Аномал иссиқ туфайли Қорақалпоғистондаги қатор боғчалар вақтинча ёпилади
Катталаштириш

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ҳамда қатор туманларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши муносабати билан давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, мазкур қарор болаларни аномал иссиқлик таъсиридан муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва саломатлигини асраш мақсадида қабул қилинган.

Шаҳар ва туман ҳокимларининг қарорларига мувофиқ, боғчалар қуйидаги муддатларда ишламайди: Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида — 13–18 июль, Амударё туманида — 13–15 июль, Беруний, Тахиатош, Шуманай, Мўйноқ, Қонликўл ҳамда Тўрткўл туманларида эса 13–17 июль кунлари.

Қайд этилишича, ушбу чекловлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари хулосаси ҳамда тавсиялари асосида жорий этилмоқда.

Мутасаддилар ота-оналардан фарзандлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишни, куннинг энг иссиқ соатларида уларни очиқ ҳавода узоқ вақт қолдирмасликни ва эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 13–17 июль кунлари республикада ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда +44...+46 даражагача кўтарилиши, баъзи жойларда эса чанг-тўзонлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

744 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади